Ўзбекистонда ҳаж мавсуми 4 июндан бошланиб, мамлакатдан Саудия Арабистонига 19 июнга қадар ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Республиканинг 10 та ҳудудий аэропортларидан — Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Фарғона-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Термиз-Мадина Урганч-Мадина, Нукус-Мадина ва Навоий-Мадина йўналишлари бўйича зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.

Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича Республика Жамоатчилик кенгаши «Ҳаж — 2023» мавсумида зиёратчиларни гуруҳларга ажратиш, элликбошилар бириктириш, уларнинг малакасини ошириш, шифокорлаш ажратиш, ошпазларни жалб этиш ишларини якунига етказган.

Мавсумга тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетган. Зёратчилар истиқомат қилиши режалаштирилган Мадина шаҳридаги Zam-zam Pullman, Макка шаҳридаги Roshidiya, Abraj al-Dana, Laba Darna, Ruba al-Hijaz меҳмонхоналари атрофлича кўздан кечирилмоқда.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

«Тажрибали уламолар томонидан элликбошилар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан сафар олди ўқув машғулотлари ўтилди. Ҳаж амалининг фазилати, рукнлари, сафарга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар баён этилмоқда. Шунингдек, ҳаж ибодатининг одоблари ва тартиб-қоидалари ҳам тушунтирилмоқда. Қолаверса, зиёратчиларга ҳаж рисоласи ҳам тақдим этилди», — дейилади хабарда.