Тошкент шаҳар ҳокимлиги Юнусобод тумани 8-мавзеда жойлашган 17, 19 ва 20-уйлар оралиғида олиб борилаётган қурилиш ишларидан фуқароларнинг норозилиги акс этган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Тармоқларда тарқалган видеода қурилиш бўлишига норозилик билдирган фуқаролар, улар билан ёқалашаётган компания ходимлари ва аҳоли томон ҳаракатлантирилган юк машинасини ҳамда шу ерда турган ИИБ ходимини кўриш мумкин.

«8 майдан бери ҳар куни шу аҳвол, ҳужжати йўқ бўлса-да, қурилиш ишларини бошлаб юборишмоқчи. Ҳаттоки, спортчи йигитларни жалб қилиб, аҳолини қўрқитмоқчи бўлишяпти, аёлларга қўл кўтаришгача боришди. Вазият анча жиддий, 5−6 марта ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ҳолат яна такрорланяпти. Ўзи маҳаллада машина кўп, кечки пайт юриб бўлмайди ҳатто. Фақат шу автотураргоҳимиз бор, уни ҳам бузиб, ўрнига „дом“ қуришмоқчи. Кейин аҳоли машинасини қаерга қўяди?» — дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган аҳоли вакилларидан бири.

Мазкур ҳолат шаҳар ҳокимлиги ва ваколатли давлат ташкилотлари томонидан манзилга чиқиб ўрганилган.

Аниқланишича, пойтахт ҳокимининг 2018 йил 5 февралдаги қарори билан Franchising invest компаниясига Юнусобод тумани 8-мавзе 17, 19 ва 20-уйлар оралиғидаги 1,23 гектардан иборат ер майдони мавжуд автотураргоҳни ўз ҳисобидан бузиш ва ўрнатилган тартибда етказилган зарарларни қоплаш ҳамда аҳолининг розилигини олиш шарти билан кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилган.

«Гувоҳи бўлаётганингиздек, аҳоли розилигини олиш муҳим шарт сифатида белгиланган. Шунга кўра, қурувчи компания бу ҳудуддаги бунёдкорлик ишларини шу ҳудудда яшовчи аҳолининг розилиги билангина бошлаши мумкин», — дейилади хабарда.

19 май куни компания Тошкент Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан қурилишни аҳолининг розилигисиз бошламаслик, акс ҳолда лойиҳа ва лойиҳа олди ҳужжатлари бекор қилиниши хусусида расман огоҳлантирилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эса қурилиш бўлишига норозилик билдирган фуқароларга қарши бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини бузган шахслар Ф. Ж. (1991 й. т.), С. Х. (1992) ҳамда Х. Н. (1993) эканини маълум қилди.

ноқонуний қурилиш, юнусобод тумани

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан уларга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қурилиш фирмаси ҳақида

Интернетда Franchising invest ҳақида камроқ маълумотлар мавжуд. Бироқ корхонанинг СТИРи йирик ишлаб чиқарувчи Murad Buildings (муассислар — Мурод Назаров (52,5%) ва Умид Назаров (47,5%))нинг амалдаги СТИРига тўғри келади.

Апрел ойи бошида компания жойлашуви уй қурилиши режалаштирилган ҳудудга (Риҳсили ва Уч Қахрамон кўчалари чорраҳаси) тўғри келадиган NRG Yunusobod турар-жой мажмуаси яқин орада сотувлар бошланиши ҳақида хабар берган.

ноқонуний қурилиш, юнусобод тумани

ноқонуний қурилиш, юнусобод тумани

Компания ҳозирча ҳодисага муносабат билдирмади. «Газета.uz» бу борада сўров юборган.

Президент Шавкат Мирзиёев феврал ойи бошида Тошкентда бош режа қабул қилинмагунча янги қурилишларга мораторий жорий этилишини маълум қилган эди. Шунингдек, у қурилишга рухсат беришда инфратузилмага тушадиган юкламанинг аниқ ҳисоб-китоблари йўқлиги, яшил майдонларни ташкил этишга эътибор берилмасликни танқид қилганди.

«Газета.uz» Қурилиш вазирлигига мораторий қачон жорий этилиши ва унинг ишлаш механизмлари ҳақида бир неча сўров юборган, бироқ жавоб ололмаган.