Тошкентда бош режа тасдиқланмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилишда маълум қилди.

Президент қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди.

Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидланди

Бундан ташқари, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. «Тошкент яшил белбоғи» лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.

Йиғилишда пойтахтда чиқинди билан ишлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида йилига 700 минг тонна чиқинди ҳосил бўлиши билан, бугунги кунда бор-йўғи 18 фоизи қайта ишланмоқда.

Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам мутлақо қониқарсизлиги таъкидланди. «Махсустранс» фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг молиявий аҳволини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга шаҳар чиқиндисини қайта ишлашни камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.