Ҳар йили 18 май куни дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида Халқаро музейлар куни нишонланади. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Кун муносабати билан музейлар ташриф буюрувчиларни бепул қабул қилади. «Газета.uz»да ҳам музей ва кўргазмалар ҳақидаги материаллар кўп. Таҳририят ана шу манзилларга онлайн саёҳат қилишга таклиф этади.

Бир хонага жамланган бир асрлик тарих — «Ўзгидромет» музейига саёҳат

музейлар, саёҳат

Бундан 102 йил аввал Ўзбекистонда гидрометеорология хизмати ташкил этилган эди. Хизматнинг 75 йиллик юбилейида — 1996 йилнинг 7 май куни «Ўзгидромет» музейи очилган. «Газета.uz» 400 га яқин экспонати билан «Ўзгидромет»нинг бир асрдан кўпроқ давом этган фаолиятини кўрсатиб берувчи музей билан таништиради.

Музей «Ўзгидромет» хизматининг Юнусобод туманидаги асосий биноси ичида жойлашган. Биргина хонадан иборат бўлишига қарамай, кўплаб фотосуратлар, ҳужжатлар, турли даврларда фойдаланилган гидрометеорологик асбоблар коллекциясини жамлаган муассаса хизматнинг бир асрлик тарихини жонли кўрсатиб бера олади. Манзил.

Таваллудига 120 йил тўлган адиб — Ғафур Ғулом уй-музейига саёҳат

музейлар, саёҳат

Муқимий театри олдидан бошланадиган Арпапоя кўчаси бўйлаб бироз юрсангиз, Ғафур Ғулом яшаган икки қаватли ғиштин бинога дуч келасиз. Халқ шоирининг уйи 1983 йилда халққа тақдим этилган — музейга айлантирилган. Адиб таваллудига 120 йил тўлиши муносабати билан «Газета.uz» мухбирлари музейда бўлди. Манзил.

Музей яшайди. Пойтахтдаги паровозлар музейи реконструкцияси қандай кечмоқда?

музейлар, саёҳат

2021 йил июнь ойидан буён Тошкент темирйўл техникаси музейида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Музей реконструкция пайтида атайин ташриф буюрувчилар учун ёпилмади. «Газета.uz» мухбири Наталья Силкина муассаса директори билан музей фондини тўлдириш, унинг реконструкцияси ва келажаги ҳақида суҳбатлашди. Манзил.

«Шарқнинг илк қалдирғочи». Тамарахонимнинг уй-музейидан фоторепортаж

музейлар, саёҳат

Март ойида профессионал ўзбек рақси асосчиларидан бири, қўшиқчи, раққоса, балетмейстер Тамарахоним таваллудига 117 йил тўлди. Таҳририятда хонимни хотирлаш мақсадида унинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уй-музейидан тайёрланган фоторепортаж эълон қилинган. Тамарахоним бу уйга 1981 йилда кўчиб келган. Раққосанинг вафотидан 3 йил ўтиб, 1994 йили уй-музейга айлантирилган. Йилига 2 мингдан ортиқ ташрифчи келадиган, 6 мингдан ортиқ экспонати бор музей икки зал, икки даҳлиз, хоним яшаган уйнинг меҳмонхона, ётоқхона, ошхонаси ҳамда ҳовлидан иборат. Манзил.

Таваллудига 118 йил тўлган адиб — Ойбекнинг уй-музейига саёҳат

1905 йилнинг 10 январида шоир, адиб, жамоат арбоби — Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек туғилган. Ижодкорни келажак авлод ҳам яқиндан таниши учун асарлари қатори уй-музейи, ундаги моддий мерос алоҳида қийматга эга бўлади.

Юнусободдаги Ифтихор 1-тор кўчаси бўйлаб 3−4 дақиқа юрганда, чап тарафдан Ойбек уй-музейи жойлашгани ҳақида маълумот берувчи махсус белги чиқади. Шу белги бўйлаб кетилса, икки қаватли 26-уй келади. Уй пештоқига «Ойбек уй-музейи» деб ёзиб қўйилган, дарвозадан чап тарафга ўрнатилган учта лавҳада эса бу уйда яшаб ижод қилганлар — академик Ойбек қатори унинг рафиқаси, биринчи ўзбек кимёгари Зарифа Саидносирова ҳамда уларнинг ўғли, кимё фанлари доктори Суюн Тошмуҳаммедов ҳақида маълумотлар келтирилган. Манзил.

«Кунига 200−300 нафар зиёратчи келади». Ислом Каримов туғилган уй ва у ўқиган мактабдан фоторепортаж

2016 йилнинг 2 сентябрь санаси. Айнан шу куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти 78 ёшида вафот этди. Биринчи президентнинг васиятига кўра, Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилган. Таҳририят мухбири Миролим Исажонов мамлакатнинг биринчи президенти улғайган хонадон ва у таҳсил олган мактабдан фоторепортаж тайёрлади.

Бундан ташқари, биринчи президентнинг Тошкент шаҳрида жойлашган музейи ҳам бор. Қуйида сизга жойнинг манзилини қолдирамиз.

Изоҳ: 1-расм — Олмазор туманидаги генерал-майор Собир Рахимовга атаб қўйилган ҳайкал.
2-расм — «Ғалаба боғи»даги монумент.

Таҳририят 2020 йилда Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи»нинг очилиш маросимидан ҳам бир қатор лавҳаларни эълон қилган. Боғ 2018 йил ўзининг тарихий жойига қайтарилган генерал-майор Собир Рахимовга атаб қўйилган ҳайкал яқинида жойлашган. Манзил.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил Хотира ва қадрлаш қадрлаш кунида «Ғалаба боғи»нинг ичидаги «Шон-шараф» музейига ҳам ташриф буюриб, «бу ер халқ музейи бўлиши керак», дея таъкидлаганди. Ҳозир музейда 12,5 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. «Бу уруш даҳшатини англаш, тарихдан сабоқ чиқариш учун муҳим. Музей бунда асос, тарих билан бугунги кун ўртасида кўприк бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.

музейлар, саёҳат

Фото: Президент матбуот хизмати.

Абдулла Қодирий уй-музейи ҳақида

музейлар, саёҳат

Фото: Маданият вазирлиги.

Тошкентнинг Самарқанд дарвоза кўчасидаги ижодкор яшаган хонадонда Абдулла Қодирий уй-музейи очилди. Бу ерда ҳайкалтарош Баҳром Норбоев ижодига мансуб ёзувчининг ҳайкали ўрнатилди. Унда Абдулла Қодирийнинг бир қўлида китоб ушлаган ҳолда ўтиргани тасвирланган. Манзил.

Шунингдек, пойтахтнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида унинг ижод мактаби ва мемориал музейи барпо этилган. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилган.
Манзил.

Сиёсатчи ва дипломат Шароф Рашидов ҳаётининг 78 лаҳзаси

музейлар, саёҳат

Тошкент Фотосуратлар уйида сиёсатчи ва дипломат Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Архив суратлари унинг 1950−1983 йилларда асосан Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари йўналишида кечган ташқи сиёсий фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб

музейлар, саёҳат

Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернати бор. Мактаб олдида шоир бюсти ўрнатилган хиёбон барпо этилган. Билим даргоҳида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиётни чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Синфхоналар, кутубхона, спорт зали, ётоқхона замонавий жиҳозланган. Бугунги кунда бу ерда 150 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда. 2019 йилда Андижон вилоятига сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернати билан танишганди. Манзил.