Тошкентнинг Самарқанд дарвоза кўчасидаги ижодкор яшаган хонадонда Абдулла Қодирий уй-музейи очилди, дея хабар қилди ЎзА.

Бу ерда ҳайкалтарош Баҳром Норбоев ижодига мансуб ёзувчининг ҳайкали ўрнатилди. Унда Абдулла Қодирийнинг бир қўлида китоб ушлаган ҳолда ўтиргани тасвирланган.

Фото: Маданият вазирлиги.

27 декабрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида президент маслаҳатчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёувчилар уюшмаси раиси, шоир Сирожиддин Саййид, рассом Алишер мирзиаев, Абдулла Қодирийнинг эвараси Маҳзуна Қодирий ва бошқалар иштирок этди.

26 декабрь куни пойтахтдаги Абдулла Қодирий номидаги боғда унинг номидаги ижод мактаби ва ёзувчи музейи очилган эди. Боққа кириш жойида эса адибнинг ҳайкали ўрнатилди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Абдулла Қодирийнинг инглиз тилига таржима қилинган «Ўтган кунлар» романининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилди «Дунё» АА. Таржима америкалик олим, АҚШ ҳарбий-денгиз академияси Минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори Марк Риз томонидан амалга оширилган.

Фото: «Дунё» АА.

Романни таржима қилиш ўн беш йилдан кўпроқ вақт давом этди. Китобни нашр этиш жараёни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, юртдошларимиз ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг фаол кўмаги билан сезиларли даражада тезлашди. Асарнинг таржимаси 2019 йил декабрь ойида сотувга чиқарилди ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Таржима сифат кўрсаткичлари бўйича «беш юлдузли» рейтингга эга.