Таниқли давлат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан Тошкент Фотосуратлар уйида «Шароф Рашидов: сиёсатчи ва дипломат» номли кўргазма очилди. Тадбир ташкилотчилари — «Шароф Рашидов номли хақаро жамоат фонди» ННТ ва Ўзбекистон Бадиий академияси Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котибининг 1950 йилдан 1983 йилга қадар олиб борган ташқи сиёсий фаолиятини акс эттирувчи 78 та архив суратини кўргазмага қўйган. Диққат марказида — Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларига амалга оширилган ташрифлар, биринчи шахслар билан аэропортлар, иш кабинетларида ўтган ва оддий одамлар билан кўчаларда бўлган учрашувлардир.


Кўргазманинг очилиш маросимида дипломатнинг қизи, Шароф Рашидов номидаги жамғарма Васийлик кенгаши раиси ҳисобланган Гулнора Рашидова ҳамда невараси Севара Рашидова қатнашди. Тадбирда Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов меҳмон бўлди.


Кўргазма 1955 йилда олинган фотосуратлар туркуми билан очилади. Уларда Шароф Рашидовнинг СССР Олий Совети Президиуми аъзоси Никита Хрушчёв ва СССР Министрлар Совети раиси Николай Булганин бошлиқ СССР Олий Совети делегациясининг аъзоси сифатида Осиё ва Узоқ Шарқ мамлакатларига қилган биринчи хорижий сафари акс этган. Делегация Афғонистон, Бирма ва Ҳиндистонда бўлган. Сўнгги манзил шоир ва ёзувчи ҳам бўлган Шароф Рашидов катта таассурот қолдирган. У Ҳиндистондалиги чоғидаёқ «Кашмир қўшиғи» қиссаси устида иш бошлаб, ватанга қайтгач, ёзиб тугаллаган.

1956 йил сиёсий арбоб учун эсда қоларли кечган. У СССР Министрлар Совети раиси ўринбосари Анастас Микоян бошлиқ СССР Олий Совети делегацияси таркибида Осиё йўналиши бўйлаб амалга оширилган ташрифда қатнашган ва икки ҳафта ичида олти мамлакат — Покистон, Ҳиндистон, Бирма, Вьетнам, Хитой ва Мўғулистонда бўлган. Таъкидланишича, ушбу сафарда Шароф Рашидов нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун СССРнинг мухтор вакили сифатида қатнашган.

«Намойиш этилаётган фотосуратлар — Шароф Рашидовнинг сиёсий арбоб ва дипломат сифатидаги ҳаётининг лаҳзаларидир. У асосан Осиё йўналишидаги турли мамлакатларда бўлган ва унинг бундаги ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси ортида бир драматургия бор. Мен буни тарихчи сифатида айтяпман, чунки мен воқеа-ҳодисаларни улардаги маълум бир тугун қандай ривож топиб боргани нуқтаи назаридан ўрганаман», — деди очилиш маросимида ёзувчи ва тарихчи, Россиядаги Тизимли-стратегик тадқиқотлар институти катта таҳлилчиси Фёдор Раззоқов.

Сўзларига мисол тариқасида у Шароф Рашидовнинг Куба етакчиси Фидель Кастро билан тушган суратларини кўрсатди.

«Рашидов ва Кастро Кариб инқирози вақтида дўстлашиб қолишган. Куба етакчиси СССРга илк бор 1963 йилнинг май ойида келган. Байрам саналарини — 8 майдан 10 майгача бўлган кунларни у Ўзбекистонда ўтказган, ваҳоланки Хрушчёв унга Ғалаба кунини совет давлат раҳбарияти билан бирга Кремлда кутиб олишни таклиф қилган эди. Кастро Рашидовнинг [Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси] эканини билган ва шу сабабли ҳам унинг олдига боришни маъқул кўрган», — деди Фёдор Раззоқов.

Кўргазмада Шароф Рашидовнинг Тошкентда Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Пахлавий (1957 йил), Миср президенти Жамол Абдул Носир (1959), Вьетнам раҳбари Хо Ши Мин (1959), Мозамбик биринчи президенти Самора Мойзеш Машель (1981) билан бўлиб ўтган учрашувлари қандай ўтганини ҳам кўриш мумкин.

«Америкалик социолог ва сиёсатшунос Баррингтон Мурнинг ёзишича, Шароф Рашидов 20 йил давомида ЎзССР Компартиясининг шунчаки етакчиси эмас, балки ўша даврнинг мураккаб шароитларида Ғарб олами томонидан совет дипломатиясининг янги формацияси вакили ўлароқ кўрилган», — дейди сиёсий фанлар номзоди, доцент, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро алоқалар кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов.

Рашидовни нафақат сиёсий етакчилар билан бирга, балки мўғулистонлик курашчилар даврасида (1957 йили у СССРнинг партия-ҳукумат делегацияси таркибида Мўғулистонда бўлган) ва ёзувчилар билан бирга ҳам (1958 йили Тошкент Осиё ва Африка ёзувчилари конференциясини қабул қилган эди) суратга туширишган.

Шароф Рашидов Ўзбекистон пойтахтида Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Халқаро кинофестивалини ўтказиш ташаббускори эди. Кўргазмада 1978 йили ўтказилган бешинчи кинофестивалда олинган суратлар ҳам намойишга қўйилган.

Фотокўргазма 1983 йили Эфиопияда олинган суратлар билан якунига етади. Шароф Рашидовнинг сўнгги хорижий сафари Совет Иттифоқи томонидан фаол қўллаб-қувватлаган ушбу Африка мамлакати билан боғлиқ. Ташриф давомида делегация Эфиопия инқилобининг тўққиз йиллигини нишонлаган, мамлакатнинг ҳарбий-маъмурий кенгаши билан музокаралар олиб борган ва Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада Лениннинг Африкадаги биринчи ҳайкали очилишида қатнашган.

«Кўргазмада жамғармамизнинг республикага Шароф Рашидов раҳбарлик қилган даврга алоқадор архив материаллари, даврий матбуот, танқидий мақолалар, халқаро манбаларни излаш ва тўплаш кабилардан бошланган уч йиллик фаолияти якунларини намойиш этмоқдамиз», — дея қайд этиб ўтди Гулнора Рашидова.

Ретроспектив кўргазма Шароф Рашидов номидаги жамғарма томонидан Россиянинг Creative Team компанияси иштирокида ишлаб чиқилган икки лойиҳа — интерфаол жамоавий хотира харитаси ва Шароф Рашидов виртуал музейи тақдимоти учун фон вазифасини бажариб берди.

Биринчи лойиҳа мавзули қатламларга ажратилган харита-схема бўлиб, ҳар бир қатлам сиёсий арбобнинг 1950−1983 йиллардаги ҳаёти ва фаолиятига доир матнли, статистик ахборот, аудио ва фотоматериалларни ўзида жамлайди. Бу лойиҳа ёрдамида, масалан, Ўзбекистон ҳудуди ва вилоятлари чегараси қандай ўзгарганини кўриш мумкин.


Шароф Рашидов виртуал музейи эса, сиёсий арбобнинг невараси Севара Рашидованинг сўзларига кўра, «турли манбалардаги тарихий контентни сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида бир жойга тўплаш имконини беради».

Музейнинг меъморий лойиҳаси ва дизайн-концепцияси диджитал учун махсус ишлаб чиқилган — офлайнда бунга муқобил бино йўқ. Инсон ва мамлакат тарихига интерфаол шўнғиш музейнинг бош залида ҳамда ҳар бири сиёсий арбоб ҳаётининг маълум бир даври учун ажратилган хоналарда юз беради. Экспозициядаги 3D-моделлар худди ҳақиқий буюмларга ўхшатиб ясалган.

Ҳар иккала лойиҳа айни вақтда ишлаб чиқишнинг сўнгги босқичида. Жамғарма вакилларининг ваъда беришича, музей ва харитадан очиқ ва эркин фойдаланиш мумкин бўлади.


Тошкент Фотосуратлар уйидаги «Шароф Рашидов: сиёсатчи ва дипломат» кўргазмаси 8 ноябрга қадар давом этади. Шундан сўнг уни Жиззах ва Самарқандда ҳам намойиш этиш режалаштирилган.