Шанба куни Самарқанд марказидаги қадимий Регистон майдонида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан видолашиш маросими бўлиб ўтди. Мамлакат телеканаллари маросимдан лавҳаларни эфирга узатди.

Маросимда иштирок этиш учун Ислом Каримовнинг туғилиб-ўсган шаҳрига Ўзбекистоннинг давлат, жамоатчилик ва диний арбоблари, шунингдек, бир қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли вакиллари ташриф буюрди.

Улар орасида Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон президентлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Грузия бош вазирлари, Эрон ТИВ раҳбари, БАА давлат вазири, МДҲ ижрочи котиби ва бошқалар бор эди.

Жаноза намози ўқилганидан сўнг Самарқанднинг минглаб аҳолиси ва меҳмонлари иштирокидаги маросим Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мусулмончилик расм-русумларига мувофиқ тарзда дафн этилган Шоҳи Зинда мажмуасида давом эттирилди.