Метеорология — об-ҳаво ҳодисаларини ўрганиш, изоҳлаш ва башорат қилиш билан шуғулланувчи соҳа, Ўзбекистон гидрометеорология хизмати эса мамлакатдаги барча турдаги метеорологик ва гидрологик кузатувларни бирлаштирган ягона тизимдир. Хизмат кунлик об-ҳавонинг ўзгариши, турли ёғингарчиликлару улар билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар ҳақида маълумотлар тақдим этади.

Ўзбекистондаги метеорологик кузатувлар 1867 йилдан бери олиб борилади. Мамлакат гидрометеорология хизматининг расмий туғилган куни сифатида эса 1921 йилнинг 7 май санаси кўрсатилади. Хизматнинг 75 йиллик юбилейида — 1996 йил 7 май куни соҳа музейи очилган. «Газета.uz» бир асрлик тарихдан ҳикоя қилувчи, 400 га яқин экспонатлардан ташкил топган Ўзгидромет музейи билан таништиради.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Музей Ўзгидромет хизматининг Юнусобод туманидаги асосий биноси ичида жойлашган. Биргина хонадан иборат бўлишига қарамай, кўплаб фотосуратлар, ҳужжатлар, турли даврларда фойдаланилган гидрометеорологик асбоблар коллекциясини жамлаган муассаса хизматнинг бир асрлик тарихини жонли кўрсатиб бера олади.

Экспонатлар билан танишиш залнинг ўнг томонидан бошланади. Тўрдаги деворнинг марказий қисмидан Марказий Осиёнинг уч ўлчамли, ранг-баранг релъеф харитаси эгаллаган. Унда Ўзбекистондаги барча метеорологик станцияларнинг кузатув тармоқлари кўрсатилган.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Ўзгидромет хизматнинг ташкил топиши ва ривожланишига оид асосий маълумотлар ушбу хаританинг атрофида бирлашгандек. Унинг ўнг томонида Ўзбекистонда ХIХ аср ўрталарида бошланган гидрометеорологик кузатувларнинг тарихий қайдномалари, чап томонида Ўзгидрометни ташкил этишга асос бўлган ҳужжатларнинг нусхалари, юқорисида эса хизматнинг 1921 йилдан 2017 йилгача фаолият олиб борган раҳбарларининг портретларини кўриш мумкин.

Хаританинг қаршисидаги стенддан Тошкент шаҳридаги метеомайдон макети ҳамда гидрометеорологик кузатувларда фойдаланилган асбоб-ускуналар: турли ҳолатлардаги ҳаво, тупроқ ҳарорати ва намлигини ўлчайдиган гидрометр, атмосфера босимини ўлчайдиган барометр, сув сатҳи, шамол тезлигини ўлчайдиган анемометр, қуёш нурини ўлчашда ишлатиладиган гелиографлар ўрин олган.

Барометр ва анемометрлар иккига бўлинади: турғун ҳамда олиб юрувчи. Гелиографлар эса томга ўрнатилиб, ер ўқининг қуёш чиқадиган ва ботадиган тарафи оралиғига қаратиб қўйилади. Ундаги қоғоз қуёш нурлари юқори паллага ўтган маҳалда куйишни бошлайди, нурлар пасаявергани сари куйиш жараёни тўхтайди. Бу билан қуёш чиқаётган вақтда нурнинг кучлилиги, ёруғлик миқдори аниқланади.

Музейда макети кўрсатилган метеомайдон 1867 йилда Тошкентнинг энг баланд релъефга эга нуқтасида ташкил қилинган. Кейинчалик унинг негизида Ўзгидромет хизмати ташкил қилинган. Унинг энг асосий тарихий аҳамиятларидан бири — 150 йилдан буён ҳеч қаерга кўчирилмай, кузатув ишлари олиб борилаётганлигида.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Харитадан бироз узоқлашиш билан жавонларда тахлаб қўйилган, Ўзгидрометнинг ривожланишига асос бўлган илмий ва илмий-услубий китоблар ва қўлланмалар, махсус журналларни кўриш мумкин.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Совет даврида Ўзгидромет гидрология, гласиология, гидрометеорологик жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи қишлоқ хўжалиги метеорологияси, синоптик тадқиқотлар, иқлим тадқиқотлари, стратосфера озонини, атроф-муҳитнинг ифлосланишини тадқиқ қилиш бўйича энг йирик илмий-услубий марказ сифатида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни давлатларнинг метеорология марказларини бошқариб турган — Марказий Осиё минтақаси учун бош гирометеорология маркази бўлган.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Шу боис музейда Қирғизистон ҳудудида жойлашган, XIX аср охиридан бери мунтазам кузатиб, тадқиқ этиб бориладиган Абрамов музлиги ва у ердаги тадқиқот станциясининг макети ҳам ўрнатилганига ҳайрон бўлмаслик керак. Ушбу музликда алоҳида метеостанция ташкил этилган бўлиб, унда сув ресурсларини ўрганиш мақсадида гласиологик кузатувлар олиб борилган.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Музликларнинг даражаси, миқдори, қор қопламига қараб қанча сув ресурси мавжудлиги, кейинчалик унинг кўпайиш ёки камайиши ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Музейда гласиолог мутахассисларнинг Абрамов музлигидаги иш жараёни акс этган фотосурат ҳам мавжуд. Музликка оддий транспорт воситалари орқали бориш имконсиз бўлгани туфайли мутахассислар ҳар ярим йилда навбатма-навбат вертолёт орқали алмашиб турган.

Совет Иттифоқи парчалангач, Абрамов музлигида метеостанция халқаро мақом олиб, унда асосан қирғизистонлик мутахассислар кузатувлар олиб борган, айни вақтда Ўзбекистон билан маълумот билан алмашиб турилган. 1999 йил августида метеостанцияни жангарилар эгаллаб олган. Уларга қарши операция вақтида станция ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинган.

Мазкур музликдаги маълумотлар жуда муҳим ҳисоблангани боис, кейинчалик Жаҳон метеорология ташкилоти ҳомийлигида ҳудудда автоматик метеостанция ўрнатилган ва шу асосида асосий маълумотларни етказиб туриш давом этмоқда.

«Ҳозир гласиология чет элда ҳам катта аҳамиятга эга йўналишлардан бири — сув захираларини аниқлаш бугун ва келажак учун ўта долзарб. Соҳа мутахассисларига юқори маош тўланади. Авваллари Ўзбекистонда гласиология муҳим йўналиш сифатида кўрилганига қарамай, моддий имкониятлар чекланиб, мутахассислар камайди. Саноқлиларгина давлат ёки хорижий грантлардан ютиб, фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилмоқда», — дейди музей мудири Виктория Донати.

«Абрамов»нинг ёнида унга ўхшаш яна бир макетга кўзингиз тушади. Бу Тожикистонда жойлашган, Ўрта Осиёда энг катта ҳисобланган музлик — «Федченко»нинг макетидир. Федченко музлигидаги метеостанция ҳам ҳамон ишламоқда.

Музликларнинг макетлари ўрнатилган стенднинг чап томонидан дўлга қарши асбоб-ускуналарни кўриш мумкни. Улар дўл ёғишидан олдин далаларга ўрнатилиб, булутларга қарата «ўт очган». Шунда «ўқ-дори»даги турли моддалар таъсирида дўл ёмғирга айланган ва кўплаб экинлар сақлаб қолинган. Виктория Донатининг айтишича, бу каби ускуналардан асосан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2004 йилдан бери мунтазам фойдаланиб келмоқда.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Деворларга Ўзгидрометдаги фаолияти давомида муҳим кашфиётлар қилган олимларнинг портретлари, уларнинг ихтиролари учун олган патент ва сертификатларлари, хизматнинг фахрий ходимлари суратлари илиб қўйилган.

Музейдаги экспонатлар орасида Морзе қурилмаси ва эски факс ҳам алоҳида эътиборга молик. Авваллари метеостанциялар ўзаро маълумот алмашишда айнан шундай техникалардан фойдаланилган. Хусусан, 2004 йилгача Морзе қурилмаси барча метеостанцияларда ишлатилар эди. Ҳозир ундан фақат интернети йўқ, сунъий йўлдош алоқаси ҳам ишламайдиган ҳамда тоғларда жойлашган станциялардагина фойдаланилади.

Ўзгидромет мутахассислари тоғ ва тоғолди ҳудудларда сел, қор кўчкиси, тошқинларга оид вазиятни ўрганиб, хавфларни олдиндан аниқлаш мақсадида аэровизуал текширувлар ўтказади. Шунингдек, Ўрта Осиёдаги энг баланд ва узоқ масофага чўзилган тоғ тизмаси — Тянь-Шанда ҳам қор кўчкиларини кузатиб бориш хизмат ходимларининг вазифаларидан ҳисобланади.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Музейда Ўзбекистонда ягона ҳисобланган Тошкент гидрометеорология техникуми фаолиятига оид суратлар ва ҳужжатлар билан танишиш мумкин. Ҳозирда бу техникум коллежга айлантирилган. «Коллежда 6 та кафедра бор, 49 ўқитувчи ишлайди. Уларнинг икки нафари фан номзоди, 12 нафари эса Россия, Финляндия, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардаги халқаро семинарларда иштирок этган. Коллеж метеоролог мутахассислар тайёрлаш бўйича яхши муассаса ҳисобланади», — дейди Виктория Донати.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Кўриб турганингиз қуйидаги катта стол — 1891 йилда тайёрланган бўлиб, у 1963 йилгача Ўзгидромет раҳбарларининг иш ўрни ҳисобланган. Столда хизмат раҳбарларига жўнатилган совға-саломлар билан бирга Ўзгидромет фаолияти ижобий баҳолаб, Женевадан юборилган фахрий ёрлиқни кўриш мумкин.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Гидрометеорология соҳасида сулолавий меҳнат қилувчилар анчагина. Умумий «Аждодлар альбоми» деб номланган стендларда 50 дан ортиқ оила ҳақидаги маълумотлар билан танишиш мумкин.

Ўзгидромет ходимлари қўлга киритган турли фахрий ёрлиқлар, табрикнома ва дипломлар, совғалар, маҳаллий ва халқаро экспедициялардан олиб келинган эсдалик совғалари ва суратли альбомларини ҳам кўплаб кўриш мумкин. Альбомлар орасида энг эътиборга молиги — Антарктида экспедициясида қатнашган 14 нафар ходими ҳақидагисидир.


Музейда, шунингдек, «Об-ҳаво прогнози хизмати», «Авиацияга хизмат кўрсатиш», «Ифлосланиш мониторинги», «Экологик тадқиқотлар», «Қишлоқ хўжалиги метеорологияси», «Фаол таъсир этиш», «Асбобсозлик», «Босмахона», «Гласиологик тадқиқотлар» каби яна кўплаб стендлар бор.


Метеорологик хизматнинг ривожланиши тўғрисида тарихий ва ишончли маълумотларни олиш учун музейга экскурсиялар ҳам ўтказилади. Виктория хоним тақдим этган маълумотларга кўра, музейга 2019 йилдан 2021 йилнинг апрелигача 500 га яқин киши ташриф буюрган. Улар орасида Ўзгидромет фахрийлари ва меҳмонлари, собиқ ва ҳозирги ходимлари, малака ошириш курслари тингловчилари, касб танлаш остонасида турган ўқувчилар, мактаб ўқитувчилари, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари бор.

музей, ўзгидромет, фоторепортаж

Кетишга ҳозирланар эканмиз, Виктория Донати музей Ўзгидромет хизмат фаолиятига оид материалларни йиғиш ва намойиш этишга қаратилган ишларини давом эттиришини таъкидлади.