Март ойида профессионал ўзбек рақси асосчиларидан бири Тамарахоним таваллудига 117 йил тўлди: қўшиқчи, раққоса, балетмейстер Тамара Артёмовна Петросян 1906 йил 29 март куни Фарғонада туғилган эди. «Газета.uz» хонимни хотирлаш мақсадида унинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган уй-музейида бўлди.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тамарахоним бу уйга 1981 йилда кўчиб келган. Раққосанинг вафотидан 3 йил ўтиб, 1994 йили уй музейга айлантирилган. Йилига 2 мингдан ортиқ ташрифчи келадиган, 6 мингдан ортиқ экспонати бор музей икки зал, икки даҳлиз, хоним яшаган уйнинг меҳмонхона, ётоқхона, ошхонаси ҳамда ҳовлидан иборат.

Деворлари 2017 йилда қисман таъмирланганини айтмаса, уйда хонимнинг ўзи яшаган даврдагига нисбатан бирор ўзгартириш йўқ. Бу уй-музей Тамара Петросяннинг санъатга кириб келишидан тортиб то дунё таниган Тамарахоним бўлган давригача бўлган хотираларни ўзида жамлаган.

Иккинчи Жаҳон урушидан аввал

Раққосанинг ижодини мос равишда учга бўлиш мумкин: Иккинчи Жаҳон урушигача бўлган вақт, уруш даври ва ундан кейинги йиллар. Музей экспозицияси 2022 йили мартида ташкил этилган, санъаткорнинг Иккинчи Жаҳон урушигача бўлган даврдаги ҳаёти ва ижодига бағишланган кичик залдан бошланади.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тамарахонимнинг асли арманистонлик ота-онаси ишчилар қўзғолони сабаб Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона) шаҳрига кўчиб келади. Тамара ҳам шу ерда дунёга келади. Тамарахонимнинг ўзбек рақси тадқиқотчиси, санъатшунос Любовь Авдеева томонидан тартибга солинган автобиографияси — «Менинг ҳаётим. Ўзим ва Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари ҳақида хотиралар» китобида хонимнинг отаси арман тори, ўзбек танбурини яхши чалган, онаси эса рақсга тушиб, қўшиқ куйлагани тўғрисида маълумотлар келтирилади.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Тамара Петросян ҳали мактабга чиқмаёқ мусиқага, санъатга қизиқиши билан атрофдагилар эътиборига тушади. Кичик тадбирларда халқ рақслари, қўшиқлари билан чиқишлар қилиб юради. 1922 йил бошида ўзбек профессионал хонандаси Мулла Тўйчи бир бойнинг уйидаги қўшиқ куйлаш кечасига уни ҳам таклиф қилади. Кейинчалик Уста Олим Комилов билан танишиб қолади. Уста труппа ташкил қилганида Тамарани ҳам жамоасига таклиф қилади.

Тамарахоним турли миллат рақсларида. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Миллий мусиқа ва рақсга бўлган муҳаббатим даволаш керак бўлган „касаллик“ эмас, балки мени вояга етказган халқ ижодига муҳаббатнинг муносиб туйғуси эканлигини англадим», — деб ёзади Тамарахоним ўз таржимаи ҳолида.

Тамарахонимга айланиш

Тамара Москвадаги бир фестивалда ўзбек қўшиқларини ижро этиш учун саҳнага чиқиши керак эди. Уни саҳнага таклиф қилиш вақтида унинг қайси республикадан эканини ҳам айтмоқчи бўлишадию, аммо «Ўзбекистондан миллий қўшиқлар ижрочиси Тамара Артёмовна Петросян» деб таништириш ҳеч мақсадга мувофиқ эмас. Шунда уни саҳнага исмига «хоним» қўшимчасини қўшиб чақиришади. Шу тариқа Тамара Петросян Тамарахонимга айланади. Фестивалда қатнашган совет давлат арбоби Анатолий Луначарский хонимнинг саҳнадаги ижросини кўриб, унга «Шарқнинг илк қалдирғочи» дея таъриф беради.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тамарахоним 1925 йили Муҳиддин Қориёқубов билан бирга Ўзбекистон номидан Париждаги Халқаро санъат кўргазмасида иштирок этади. Чиқишлари Парижда йиғилганлар олқишига сабаб бўлганини кўрган хоним Қориёқубовга: «Бу қарсаклар фақат бизга эмас, балки халқимиз юзлаб йиллар давомида биз учун сақлаб қолган санъатимизга қаратилганини билишимиз керак», деб эслатади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Икки санъаткор Франциядан ўзбек операси ва ўзбек балетининг пойдевори, таянчи бўладиган қўшиқ ва рақсларни ижро этувчи труппа яратиш қарори билан қайтади. Хоним қишлоқларда, йўл-йўлакай чойхоналарда, сарсон-саргардон хонандаю созандалардан халқ қўшиқлари ёзиб олиб, рақсларни ўргана бошлайди. У ўзбек балет мактабини ташкил қилади. Шунингдек, у ўзбек халқ лапарларини куйга солиб, саҳнада рақс билан ҳамоҳангликда ижро этишни бошлаб беради.

Турли концертлар ва гастролларда Тамарахоним труппадошлари билан. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Хоним 29 ёшида Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир Исмоилов билан бирга Лондонда ўтказилган халқаро фестивалда ғолиб чиққан — бу унинг рақс бўйича олган биринчи медали эди. 1932 йили, эндигина 26 ёшга тўлганда эса аёл санъаткорлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тамарахоним ҳар бир рақсини импровизация орқали ижро этган. Рақсларга кўпинча ўзидан қандайдир ҳаракатлар қўшган ёки олиб ташлаган. Кейинчалик хонимнинг ҳамма рақслари шогирдлари томонидан қайта саҳналаштирилди. Табиийки, бу жараёнда хонимнинг ижорларида маълум ўзгаришлар бўлади.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

«Пилла» рақсини ижро этаётган Тамарахоним. «Пилла» — хонимнинг бугунгача ўзгартирилмаган, хоним қандай ижро этган бўлса, шундайлигича ижро этиб келинаётган ягона рақси. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тамарахоним — рассом ва ҳайкалтарошлар нигоҳида

Тамарахонимга бағишланган тасвирий асарлар кўп. Улар орасида Чингиз Аҳмаровнинг профессионал суратларидан тортиб то исми номаълум ҳаваскорларнинг-да ижодий ишлари бор. Хоним уни тасвирлаган ҳар бир рассомнинг ишини қадрлаб, асраб қўйган.

Тамарахоним турли рассомлар тасвирида. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Музейнинг зал кузатувчиси Шаҳло Шарипованинг айтишича, Тамарахонимни яқиндан таниган рассомлар уни доим иссиқ рангларда тасвирлаган. У суратларга ҳам жиддий қиёфада эмас, балки кулиб, очиқ чеҳра билан тушарди. Хоним умрининг охирига қадар жўшқин, шижоатли, кўнгли орзуларга тўла аёл бўлиб қола олган.

Тамарахоним турли рассомлар тасвирида. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Зал кузатувчиси Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов Тамарахонимнинг 80 йиллик юбилейига бағишлаб 1991 йил чизган суратидаги деталларни таҳлил қиларкан, паранжи Тамарахоним ўз ижодини бошлаган даврни, турли миллий либослар у кўплаб миллатлар рақсларини ижро этгани рамзи эканини, қизил фон эса Иккинчи Жаҳон урушининг қонли дамларини кўрсатишини таъкидлади. «Булар Тамарахоним ҳар қандай оғир вақтларда ҳам фаолиятини тўхтатмай, ижод йўлини мардонавор босиб ўтганини кўрсатади», — дейди у.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Раҳим Аҳмедов чизган сурат. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Хонимнинг қизи Вансетта Қориёқубова ва куёви Тоир Салоҳов ҳам рассом эди. Вансетта ота-онасига бағишлаб ҳам асарлар чизган. Масалан, бир суратида онасини хоразмча либосда акс эттирган. Тамарахоним 1934 йили Хоразмга кўчиб бориб, икки йилга яқин ўша ерда яшайди. У «Менинг ҳаётим» китобида Хоразм рақсларини севмай туриб Ўзбекистонда яшаб бўлмаслигини таъкидлайди.

«Хоразмнинг ҳамма нарсаси мени ҳайратда қолдирди: шеваси ва ўзига хослиги, айниқса санъати. Хоразмликлар ниҳоятда иқтидорли. Назаримда, хоразмликларнинг рақслари ўзбек рақслари ичида энг таъсирлиси, энг мафтункоридир», — деган у.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Тoир Салoҳов эса хонимни сариқ рангда тасвирлаган. «Пушти рангда тасвирлаган рассомлар хонимни сокин ва орзуларга тўла деб билган бўлса, куёви ёниб турган оловга қиёслаган», — дейди Шаҳло Шарипова.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Бронзадан ишланган ҳайкалтарошлик асари. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Музейда Тамарахоним гавдалантирилган иккита ҳайкалтарошлик асари ҳам бор. Бири бронзадан ишланган, лекин Ўзбекистонда тайёрланмаган. Иккинчиси эса зал кузатувчиси Шаҳло Шарипова томонидан ишланган.

Катта зал

Музейнинг катта залидан хонимнинг 1942 йилдан кейинги фаолияти акс этган экспозициялар ўрин олган. Уруш даврида Тамарахоним фақат санъат билан чегараланмай, ижтимоий-сиёсий фаолият ҳам билан ҳам шуғулланган.

Ўша вақтда СССРда энг олий ҳисобланган Сталин мукофоти учун олган гонорарини танк ишлаб чиқариш учун берган, шу сабабли ҳам урушда Тамарахоним исми ёзилган танк ҳам қатнашган. Концертларидан тушган пулни ҳам бир неча бор Мудофаа вазирлигига ўтказиб берган. Касалхоналар, ҳарбий қисмларда, фронтда ярадорлар олдида концертлар берган.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Урушда Тамарахоним номидан иштирок этган танк макети. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Тамарахонимга 1943 йили совет актрисалари орасида биринчи бўлиб армия капитани унвони берилади. Уинг капитан мундири ҳозир ҳам сақланиб қолган. Зал кузатувчисининг айтишича, Тамарахоним турли учрашувларга доим эгнида капитан мундири ва бошида дўппи билан борган.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Эшикдан кираверишда витринадаги биринчи турган кийим Тамарахонимнинг мундири. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Тамарахоним камдан-кам бошяланг кўчага чиқарди. Шу мундирни кийганида ҳам сочини иккига ўриб, фарғонача эркаклар дўпписини кийган. Хоним кийимлари орқали бир вақтнинг ўзида аёллик назокатини ҳам эркаклик жасоратини мужассамлаштира олган», — дейди у.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Музейда хониминг кўплаб мукофотлари, турли гувоҳномаю ҳужжатлари, бутун умри давомида олган орден-медалларини ҳам кўриш мумкин. Улар орасида хонимнинг вафотидан кейин берилган «Буюк хизматлари учун» ордени ҳам бор. Бу мукофотни 2001 йили набираси Алагезхоним қабул қилиб олган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Тамарахоним либослари

Музейнинг энг муҳим, аслида унинг ташкил этилишига энг асосий сабабчи қисми — либослардир. Тамарахоним ҳар бир либосини ўз фарзандидек асраб-авайлаб, умри давомида йиққан. У 1986 йилиёқ ҳовлисида ўз либосларининг доимий кўргазмасини ташкил қилади.

Тамарахонимнинг бошқа миллатларга тегишли либослари. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Залнинг бир тарафидан Ўзбекистон ҳудудлари, иккинчи томонидан бошқа давлатларга тегишли саҳнавий либослар ўрин олган. Улар орасида оқ-қора ранглиларини ҳам учратиш мумкин. Бу урушдан кейин оммалашган ранг бўлиб, йўқотишлар, армонларни ифодалаган ва санъатда ҳам ўз ўрнини топган.

Тамарахонимнинг миллий либослари. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Тамарахоним эгнидаги либослари, тақинчоқларига аҳамиятли бўлганидан ҳар бирининг тикиш, безатиш ва тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этган, бош кийимларининг барчасини ўзи тайёрлаган.

«Менинг ҳаётим» китобида хонимнинг бир хулосаси келтирилади: «Рақс костюмдан бошланади. Унинг кесилиши, узунлиги, матоси аҳамиятли. Безаклар эса қўл ҳаракатига ёрдам беради, нигоҳга ҳам таъсир қилади. Оёқ кийимнинг шакли эса ҳаракатда ўзига хосликни таъминлайди. Шундан кейингина қўшиқ ва рақс танага киради».


Тамарахоним тақинчоқлари. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Хоним Ўзбекистонни бошқа давлатларга кийимлар орқали танитган. Таъкидланишича, 1925 йили Париждаги кўргазмага борганида Тамарахонимнинг ўзбекона либосларига парижлик хонимлар ҳавас қилган. Улар ўзбек миллий либосларини навбати билан ҳатто кийиб ҳам кўра бошлаган. Бундан таъсирланган Тамарахоним гастроль охиригача ўзбек либосларида юрган.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Тамарахоним Парижда, 1925 йил. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Концертдан кейинги биринчи куни кўчага ўзбекча либосда чиқишнинг иложи йўқдек туюлди, ноқулай эди. Мен Қориёқубовдан европача либослар олиб беришини сўрадим. У йўлда шундай деди: „Қаранг, мода аёллари сизга қандай ҳасад қилади, чунки сиз улар каби кийинмагансиз“. Дўконда сотувчи аёллар мени ўраб олишди ва дарҳол кийимларимни уларга сотишимни сўрашди. Улар менинг тўним, зардўзи туфлиларим, хонатлас кўйлакларим ва, айниқса, тақинчоқларимга маҳлиё бўлишди! Мен уларга тўнимни кийиб кўришга рухсат бердим. Улар узун навбатда турди. Кейин мен қатъият билан кийимимни кийиб олдим ва сотиб олганимни қутига солиб, олиб кетдим. Қориёқубов ҳам миллий либосини ечмаган, жуда ғурурланган эди», — дея китобда ўша кунларни эслайди хоним.

Паранжи — Тамарахоним кийимлари орасида ўзига хос ўринга эга. У либослар коллекцияси сафига хонимнинг ўзи томонидан қўйилган. Зал кузатувчисининг айтишича, паранжи хонимнинг ҳаётини бир неча бор сақлаб қолган.

«Тамарахоним ижодини бошлаган вақтларда хотин-қизларнинг санъат билан шуғулланишини кўпчилик хазм қила олмаган. Ўша давр афишаларида у ҳатто ўз номи билан эмас, турли тахаллуслар билан чиқишга мажбур бўлган. Фақат эркаклардан таркиб топган жамоа таркибида бўлгани боис, бир неча эркакнинг ёнида паранжи ташлаган аёлни кўриб, унинг Тамарахоним эканини билиб қолмасликлари учун, жамоадошлари ҳам устига паранжи ташлаб юрган», — дейди Шаҳло Шарипова.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Паранжи чапдан учинчи витринада. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Унинг паранжи ташлаш маросимларида иштирок этиши баъзи одамларнинг қаҳр-ғазабини келтиради, саҳнада қўшиқ куйлаб турганида унга бир неча бор пичоқ билан ёки тошбўрон тарзида суиқасд қилишади. «Шундай пайтларда устига паранжи ташлаб, уни саҳнадан олиб чиқиб кетишган. Ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлгани учун Тамарахонимнинг паранжига ҳурмати чексиз эди», — дейди зал кузатувчиси.

«Менинг ҳаётим»да 1919 йили хоним рақсга тушаётган бир концертда юз берган отишма ҳақида ҳикоя қилинади.

«Концерт ўртасида отишма бошланди. Оломон югуришга тушди. Юсуф қизиқ Шокиржонов қўлимдан ушлаб олди ва биз бир хиёбонга тушиб қолдик. У ерда биров ташлаган бурқани ўзига ташлади, юзини чачвон билан ёпди, биз яна югурдик. Паранжи жуда узун эди, мен доимо қоқилиб кетардим. Чарчасак-да югуришда давом этардик. Уйга етганимда онам аллақачон дарвоза олдида турарди… Шу билан улар мени кўчага чиқаришмади», — дейилади Тамархонимнинг хотираларида.

Хонимнинг автобиографик китоби бир неча қисмларга бўлинган. Унинг учинчи боби кириш қисмида «Болалик тугади, қийин ёшлик бошланди» деб ёзиб қўйилганида, эҳтимол, шу қийинчиликлар назарда тутилгандир.

Тамарахоним бошқалар таърифида

Айрим манбаларда Тамарахоним дунёдаги 86 миллатнинг рақсларини ижро этгани айтилади. Унинг ижросидан кейин турли халқ вакиллари хонимга миннатдорчиликлар билдиришади. «Менинг ҳаётим» китобида шундай воқеаларнинг айримлари ҳақида сўз юритилган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Чехословакияда гастролда бўлганида ижро этиш учун бирор қўшиқ тополмайди. Прага шоир ва бастакорлари олиб келган янги қўшиқлару бир нечта мусиқий саҳифалардан халқ руҳини ҳис этмайди. Тўсатдан тўйдан келаётганлар куйлаётган чех полькасини эшитиб қолади ва уни куйлашга қарор қилади. Эртаси куни бу қўшиқни «бутун Прага куйлайди».

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Москвадаги халқаро фестиваль концертида Тамарахоним ижросидаги арабча қўшиқ ҳаммани ҳайратга солади. Тошкентга қайтгач, Миср элчиси Муҳаммад ал-Куни хонимга совға топширар экан: «Сизнинг чиқишингиз бизга Мисрнинг деярли унутилган санъатини эслатди», — дейди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

У мўғул қўшиғини куйлаганида мўғул томошабинлари: «Тамарахоним мўғул қўшиғини куйлаган биринчи хорижлик санъаткор», дея эътироф этишган.

«Тамарахонимнинг рақс ва қўшиқлари ҳақида чексиз гапириш мумкин, чунки унинг репертуарида улар юзлаб. Афтидан, хоним ҳеч нарсани кашф қилмаган, у фақат халқ қўшиқларини куйлаб, рақсга тушган. Тамарахоним бир вақтнинг ўзида қўшиқчи ва раққоса эди. Аммо бунда янгилик йўқ — бутун ўзбек яллачилари ҳам бир вақтда куйлаб, рақсга тушади. Масалан, ҳиндларда ҳам шундай, сўнгги ўн йилликлардаги деярли барча эстрада юлдузлари ҳам қўшиқ куйлаб, рақсга тушади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам томошабинни ҳайратда қолдирмайди. Фарқи шундаки, Ўзбекистон ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида томошабинлар хонимнинг санъатини маст қилувчи дори сифатида эмас, балки маънавий озуқа сифатида қабул қилган», — деб ёзади хоним ҳақидаги автобиографик асар муаллифи Любовь Авдеева.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Шунингдек, китобда муаллиф шундай савол қўйиб, унга ўзи жавоб беради: «Тамарахоним ҳаёти давомида нечта концерт берган? Бу саволга актрисанинг ўзи ҳам, Маданият бошқармаси ҳам, Ўзбекистон филармонияси ҳам, Россия концерт ташкилоти ҳам жавоб бера олмади. Жавоб энг умумий — минглаб».

Оила

Тамарахоним икки марта турмуш қурган: биринчси труппадоши Муҳиддин Қориёқубов билан, иккинчиси Пўлат Раҳимов билан. Хонимнинг ўзи биринчи оиласи ҳақида шундай деган:

«Мен атиги 23 ёшда эдим. Қизимиз жуда кичкина бўлса-да, биз ажрашдик. Биз бир-биримизни оддий эркак ва аёл бир-бирини севиши керак бўлганидек севмадик. Биз бир-биримиздан кўра санъатни ва санъатга муҳаббатимизни севардик. Биз қуролдош эдик, лекин ошиқ эмас. Муҳаббатим туфайли ёш мусиқачи Пўлат Раҳимовга турмушга чиқдим ва тез орада иккинчи қизим дунёга келди. Кейинчалик Қориёқубов ҳам ўзининг чинакам аёлини учратди, улар бахтли, бир-бирларини севиб, беш фарзандни тарбиялашди.

Ажрашганимиздан сўнг, аввалига Қориёқубов билан муносабатларимиз кескинлашди, лекин кўп ўтмай, шерик бўлиб қолдик ва қўлимдан тутган бу одам билан умрининг сўнгига қадар дўст бўлиб қолдим. Инқилобдан кейинги илк йилларнинг ҳамма ижодкорлари Қориёқубовдан қарздор. У бизга ўзининг феъл-атвори, оташин ватанпарварлигини юқтира олди. Муҳиддин Қориёқубов мен учун маданиятимиз фаровонлиги йўлидаги барча ишларда биринчи — биринчи хонанда, мусиқали ўзбек театрининг биринчи режиссёри, биринчи ташкилотчиси бўлиб қолмоқда".

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Тамарахоним неваралари билан. Хонимнинг биринчи турмушидан Вансетта Қориёқубова, иккинчи турмушидан Лола Раҳимова туғилади. Вансеттадан Алагезхоним ва Айдин исмли қизлар, Лоладан Павел, Тамара, Наргиз исмли қизлар дунёга келади. Бугунги кунда хонимнинг неваралари орасидан фақат Алагезхонимнинг Тамарахоним уй-музейи билан алоқаси бор, лекин Россияда яшайди. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Тамарахоним яшаган хонадон: ошхона, меҳмонхона, ҳовли

Катта залдан хоним яшаган хонадонига кирилади. Бу ерда ошхона, меҳмонхона, ётоқхона жойлашган. Тамарахоним табиат ва гулларни севганидан кичкинагина ҳовлисида бассейн қилдирган ва атрофида гуллар эккан. Хоним фойдаланган ошхона эса ичидаги жиҳозлари билан сақланиб қолган.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Ушбу нимқоронғу даҳлизда хонимнинг оригинал фотосуратлар сақланади. Улар орасида хонимнинг ҳиндистонлик машҳур актёр Раж Капур билан тушган фотосуратлари эътиборни тортади. «Менинг ҳаётим» китобида Капур ҳақидаги хотиралар ҳам келтирилган.

«Ҳиндистон санъатининг кўплаб вакиллари билан қарийб 30 йил аввал бошланган дўстлик ҳеч қачон узилмаган. Менинг энг яқин дўстларим, кўпроқ ўртоқларим — Раж Капур, унинг онаси, отаси Совет Иттифоқига тез-тез келарди. Халқаро кинофестиваль Ўзбекистонда ўтказилганлиги сабабли улар Тошкентга мунтазам ташриф буюра бошлади. Бизнинг учрашувларимиз ҳар доим катта концерт билан якунланарди», — деб ёзади хоним.

музей, муҳиддин қориёқубов, раж капур, рақс, тамарахоним, фоторепортаж

Тамарахоним Раж Капур билан. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Хонимнинг вафоти

1991 йил 28 июнида Тамарахонимнинг тоби қочгани учун касалхонага олиб кетишади. Эртасига у тушликдан сўнг вафот этади — хоним аорта томири ёрилиб, кучли қон кетиши натижасида ҳушини йўқотади ва бошқа кўзини очмайди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Кейинги кун тонгида музейнинг катта залида қариндошлар ва яқин дўстлар йиғилади. Хонимни эртаси куни дафн этишга қарор қилишади — улар Москва ва Санкт-Петербургдан қариндошлар келишини кутишади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

1991 йил 2 июль куни эса расмий матбуотда Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, президент Ислом Каримов номидан Тамарахоним вафоти муносабати билан таъзия эълон қилинади.