13 март куни Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи «Термиз» дала ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг бригада тактик ўқувини кузатди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Қуролли кучлар қўшин турларининг қўлланилиш тактикаси ва стратегияси такомиллаштирилган. Бўлинмаларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш, жанговар ҳаракатлар ва операцияларни учувчисиз учиш аппаратлари, авиация ва артиллерия имкониятларидан кенгроқ фойдаланган ҳолда олиб боришнинг замонавий тажрибаси амалиётга жорий этилган.

Хусусан, бу жараён гуруҳ, взвод ва бригада тактик ўқувларида топшириқларни бажариш, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналарини қўллаш, авиация ёрдамида умумқўшин бўлинмаларига мадад бериш, ўтиш қийин бўлган тоғли ва чўл ҳудудларида, шаҳар шароитларидаги махсус операциялар, бўлинмаларни эвакуация қилиш каби машқларда ўз аксини топмоқда.

Ушбу машғулотлар жаҳонда кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди, дейилади хабарда.

Президент дунёда ахборот хуружи тобора авж олаётган бугунги кунда Қуролли Кучлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, «халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши кераклигини» таъкидлади.

Давлат раҳбари қўшинларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.