Тўра Боболов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди. ЎзАнинг хабар қилишича, 1 май куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ҳудудда ташриф билан бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Тўра Боболов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия қилди.

Янги ҳокимга Сурхондарёнинг иқтисодий-ижтимоий шароитини яхши билиши, вилоят халқи, туман ҳокимлари ва секторлар раҳбарлари ҳамжиҳат бўлиб, белгиланган вазифаларни тўла бажаришига ишонч билдирилди.

Тўра Боболов (1970 йилда туғилган) меҳнат фаолиятини вилоят давлат мулки бошқармасида ҳисобчиликдан бошлаган. Кейинчалик Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлигида ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Сурхондарё вилоятининг аввалги ҳокими Баҳодир Пўлатов апрель бошида вазифасидан озод қилинган эди.