Ўзбекистонда сўнгги йилларда ташқи савдо дефицити муттасил ошиб — экспорт ва импорт орасидаги фарқ тобора кенгайиб — бормоқда ҳамда бу тенденция кўпчиликни, хусусан, қарор қабул қилувчиларни хавотирга сола бошлагани шубҳасиз. Яқин йиллардаги трендга эътибор қаратадиган бўлсак, ташқи савдо дефицитининг нафақат қиймати, балки ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳам йил сайин ўсиб бораётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Бу тенденцияни қисман янги давр бошланиши ортидан савдо тўсиқларининг бироз юмшатилиши, қўшни мамлакатлар билан савдо алоқаларининг яхшиланиши ҳамда пандемия даврида айрим товарлар учун импорт божларининг вақтинча бўлса-да бекор қилиниши билан изоҳлаш мумкин.

дефицит, колумнистлар, миркомил холбоев, монетар сиёсат, ташқи савдо, фискал сиёсат

График Статистика агентлиги маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Рақамларга назар ташланса, 2017 йилда ташқи савдо дефицити 1,4 млрд доллар ёки умумий ташқи савдо айланмасига нисбатан 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил сўнгига келиб бу кўрсаткич 11,3 млрд доллар ёки умумий ташқи савдо айланмасига нисбатан 23 фоизга етган. Бошқача айтганда, ўтган беш йил ичида ташқи савдо дефицити ҳажман саккиз баробарга, улуш ҳисобида эса салкам беш баробарга ортган. Бу тенденцияни изоҳлаш учун юқорида келтирилган — ташқи савдонинг нисбатан эркинлашиши ҳамда қўшни давлатлар билан савдо алоқаларининг яхшиланиши каби — омилларнинг ўзигина етарли эмас.

Хўш, ташқи савдо салбий сальдосига таъсир ўтказаётган яна қандай омиллар мавжуд? Бугунги мақоламизда ана шу омиллар ҳақида фикр юритамиз.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда монетар ва фискал сиёсат икки — бутунлай қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланмоқда. Хусусан, Марказий банк томонидан юқори инфляцияни жиловлаш мақсадида юритилаётган нисбатан қаттиқ монетар сиёсатга қарама-қарши равишда ҳукумат ялпи талабни рағбатлантириш мақсадида рағбатлантирувчи фискал сиёсат юритмоқда. Қуйида ана шу икки йўналишда олиб борилаётган сиёсатларнинг ташқи савдога ва ташқи савдо дефицитига таъсирини баҳолашга уриниб кўрамиз.

Монетар сиёсат

Юқорида таъкидланганидек, Марказий банк юқори инфляцияни жиловлаш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида нисбатан қаттиқ монетар сиёсат юритиб келмоқда. Регулятор қаттиқ монетар сиёсат юритиш орқали асосий фоиз ставкаси (қайта молиялаштириш ставкаси) ҳамда инфляция ўртасидаги ижобий фарқни сақлаб келмоқда.

Маълумот учун: юмшоқ монетар сиёсат — бу марказий банк томонидан иқтисодиётга қўшимча стимул бериш мақсадида пул массасини оширишга қаратилган сиёсат бўлиб, асосан асосий фоиз ставкасини пасайтириш орқали амалга оширилади. Кўплаб давлатлар инқироз арафасида фоиз ставкаларини тушириш орқали иқтисодиётга стимул беришни мақсад қилади. Нисбатан қаттиқ монетар сиёсат эса юқори инфляцияга қарши кураш мақсадида юритиладиган сиёсат бўлиб, асосий фоиз ставкасининг оширилиши ҳамда инфляция даражаси билан асосий фоиз ставкаси ўртасида маълум даражада ижобий фарқни сақлаб туришни назарда тутади.

Бошқача айтганда, Марказий банк юқори инфляцияга қарши курашиш ҳамда иқтисодиётни «совутиш» мақсадида асосий фоиз ставкасини инфляциядан бир мунча юқори даражада ушлаб турибди. Хусусан, 2019 йилда асосий ставка ҳамда инфляция ўртасидаги фарқ 0,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил якунига келиб мазкур фарқ 2,7 фоизни ташкил этди.

дефицит, колумнистлар, миркомил холбоев, монетар сиёсат, ташқи савдо, фискал сиёсат

График Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Бир қарашда 2022 йилда инфляция ҳамда асосий фоиз ставкаси орасидаги фарқ 2021 йилга нисбатан қисқарганлиги амалда монетар сиёсатнинг бироз юмшаётганлигига ишора қилаётгандек. Бироқ, бу жараён 2022 йилда кузатилган минтақавий геосиёсий кескинлашув, хусусан, Украинадаги уруш ортидан қисқа муддатда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари нархига ташқи босимларнинг кескин ошганлиги натижасида юз берди. Бу, ўз навбатида, монетар сиёсатни янада қаттиқлаштиришни тақазо этди ва бунга жавобан регулятор асосий фоиз ставкасини 17 фоизгача оширди. Бироқ, кейинчалик инфляцияга ташқи босимларнинг нисбатан пасайиши натижасида асосий ставка кетма-кет пасайтирилиб, 15 фоизгача туширилди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда юритилаётган монетар сиёсатни ҳозирги ҳолатида ҳам нисбатан қаттиқ ҳамда яқин келажакда ҳам шу тартибда сақланиб қолади, деб бемалол айтиш мумкин. Сабаби, 2024 йил якунига қадар инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига эришиш кўзда тутилган. Айни пайтда йиллик инфляция кўрсаткичи 12 фоиздан бироз юқори шаклланмоқда. 2024 йил якунига қадар мақсад қилинган кўрсаткичга эришиш ҳозирги шароитда нисбатан қаттиқ монетар сиёсатни ушлаб туришни тақозо этади.

Қаттиқ монетар сиёсат ташқи савдо ва ташқи савдо дефицитига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Қаттиқ монетар сиёсат воситасида асосий фоиз ставкасининг нисбатан юқори сақлаб турилиши ўз-ўзидан мамлакатда пул массаси ўсишини секинлаштиради. Пул массаси ўсишининг секинлашиши валюта курсининг ошишига — миллий валютанинг бошқа валюталарга нисбатан қадри ортиб боришига сабаб бўлади. Хусусан, 2022 йил ноябрь ойи ҳолатига реал валюта курси, турли тербранишлардан сўнг, 2019 йил билан таққослаганда 7 фоизга баландроқ бўлган. Таъкидлаш жоизки, миллий валютанинг реал алмашинув курси 2019 йилдан кейинги даврда бирон марта 100 фоиздан, яъни 2019 йил сентябрь ойидаги даражадан пастга тушмаган.

Бу эса, бошқа шартлар ўзгармаган ҳолда, экспорт товарларининг ҳамкор давлатларда қимматроқ бўлиб қолишига ва, табиийки, уларнинг рақобатбардошлиги пасайишига олиб келади. Ички бозорда эса, аксинча, импорт товарларнинг нархи арзонлашади. Яъни, реал валюта курсининг ўзгариши (бошқа шартлар ўзгармаган ҳолда) маҳаллий товарларни жаҳон бозорида 2019 йилдагига қараганда 7 фоизга қимматроқ, импорт товарларини ички бозорда 7 фоизга арзонроқ қилиб қўйган. Бу ҳолат ўз-ўзидан ташқи савдо дефицитининг ўсишига олиб келади.

дефицит, колумнистлар, миркомил холбоев, монетар сиёсат, ташқи савдо, фискал сиёсат

Манба: Ўзбекистон Марказий банки

Маълумот учун: ташқи савдонинг ўзгаришига номинал валюта курсининг ўзгариши эмас, балки реал валюта курсининг ўзгариши таъсир ўтказади. Номинал валюта курси — бу Марказий банк томонидан эълон қилиб бориладиган кунлик валюталар курси. Реал валюта курси эса икки давлат ўртасидаги нарх ўзгаришини ҳам инобатга олади. Айнан икки давлат ўртасидаги нарх ўзгаришини инобатга олганлиги нуқтаи назаридан реал валюта курси икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмининг ўзгаришига таъсир ўтказади.

Фискал сиёсат

Бюджет харажатларининг ошиши ёки камайиши ташқи савдо ҳажмига мамлакатдаги ялпи талабнинг ўсиши ёки қисқариши орқали таъсир қилади. Хусусан, бюджет харажатларининг (трансфертлар билан бирга) ошиши ялпи талабни рағбатлантиради. Ялпи талабнинг ўсиши, ўз навбатида, импорт товарларига бўлган талаб ҳажмида ҳам ўсишга олиб келади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бюджет харажатларнинг мунтазам ошиб бораётганлиги кузатилмоқда. Айтайлик, ЯИМ даромад сифатида қаралса, унинг таркибида давлат харажатларининг ҳиссаси йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, консолидациялашган бюджет харажатларининг ЯИМдаги улуши 2016 йилда 23,8 фоизни ташкил этгани ҳолда, ҳозирги кунга келиб мазкур кўрсаткич 35 фоизга етганлигини кўриш мумкин. Таъкидлаш жоизки, бу даврда бюджет дефицити ҳам муттасил ўсиб борган.

дефицит, колумнистлар, миркомил холбоев, монетар сиёсат, ташқи савдо, фискал сиёсат

График Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

Юқоридаги графикдан кўриш мумкинки, давлат харажатларининг ошиб бориши билан бир вақтда ташқи савдо дефицити ҳам ортиб борган. Шубҳасиз, фискал харажатларнинг оширилиши ташқи савдо дефицитининг ўсишини тушунтириб берувчи ягона омил эмас. Масалан, 2019 йилда ташқи савдо дефицитининг ўсиш даражаси бюджет харажатларининг ошишига қараганда сезиларли даражада паст бўлган.

Шунга қарамай, давлат харажатларининг мунтазам ошиб бориши ташқи савдо дефицитининг ўсишига сезиларли даражада ҳисса қўшиб келаётганлиги шубҳасиз.

Қолаверса, нисбатан қаттиқ монетар сиёсатни ушлаб туриш яқин келажакда молиявий шарт-шароитлар нуқтаи назаридан манфаатлироқ эканлиги ҳисобга олинса, бюджет харажатларини имкон қадар қисқартириш ташқи савдонинг мувозанат нуқтага томон силжишини таъминлашда энг оптимал ечимлардан бири бўлиши мумкин. Масалан, манзиллилиги сўроқ остида бўлган ва самарасиз ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришдан воз кечиш бу борада дадил қадам бўлади. Сабаби, бу сингари лойиҳалар қисқа муддатда ижтимоий кайфиятнинг яхшиланишигагина хизмат қилиши, аҳолининг заиф қатлами турмуш фаровонлиги ошгандек ва барқарорлик ўрнатилгандек иллюзия ҳосил қилиши мумкин, бироқ якунда аҳоли заиф қатламининг камбағалликдан қутилиши ёки мамлакатда узоқ муддатли барқарорликка олиб келмайди.

Умуман, самарасиз бюджет харажатларидан тийилишнинг бошқа воситалари ҳам топилади, бунинг учун қарор қабул қилувчиларнинг иродаси зарур, холос.

Таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, қарор қабул қилувчилар ташқи савдо дефицитини қисқартиришни истаса, биринчи навбатда фискал харажатларни камайтириш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳозирги вақтда монетар сиёсатнинг йўналишини ўзгартириш қимматга тушиши ва кўплаб инсонлар учун оғир кечиши шубҳасиз. Сабаби рағбатлантирувчи монетар сиёсат инфляциянинг янада тезлашишига замин яратади. Юқори инфляция эса молиявий барқарорликка путур етказиш билан бир қаторда, аҳолининг заиф қатлами учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради.

Фискал сиёсатда бюджет харажатларини қисқартириш йўлидан бориш қисқа муддатда ўсиш темпини бироз секинлаштириши мумкин — юқорида гувоҳи бўлганимиздек, бюджет харажатлари ҳозирги кунда ЯИМнинг катта қисмини ташкил этади. Бироқ, бюджет харажатларини қисқартириш, биринчидан, қарор қабул қилувчиларни ташвишга солаётган ташқи савдо дефицитининг қисқаришига сабаб бўлса, иккинчидан, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига тезроқ эришишга ҳам замин яратиши шубҳасиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.