Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Инфляция фақатгина макроиқтисодий кўрсаткич эмас, аҳоли даромади ва турмуш тарзига таъсир қилувчи омил ҳисобланади, дея таъкидлади президент матбуот хизмати. 2022 йил якуни билан мамлакатда инфляция 12,3 фоизни ташкил этган эди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинмоқда.

Шавкат Мирзиёев бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни «даладан дастурхонгача» етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун аҳолига ажратилган жами 200 минг гектар ердан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ушбу чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш учун ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Аҳоли даромадларини оширишда уларнинг бўш пул маблағларини молия бозорига жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада яратилаётган қулайликлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, охирги уч йилда аҳолининг банкдаги омонатлари 2 бараварга ошди.

Лекин, бу йўналишда ҳали имкониятлар кўп. Шу боис йиғилишда аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди, дея қайд этилди.

Резидентнинг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестицион ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимовнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолининг қарийб 45 фоизи жамғармаларига эга, лекин уларни банкда сақламайди (маълумотларга кўра). Жаҳон банки маълумотларига кўра, катта ёшли аҳолининг атиги 3 фоизи омонатларда пул сақлайди).

Шу муносабат билан президент аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йилда инфляция 8,5−9,5 фоиз даражасида ўсишини башорат қилмоқда. Инфляциянинг ўсишига йўл қўймаслик учун давлат харажатларини қисқартириш муҳимлигини Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов ҳамда собиқ молия вазири, ҳозирда президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов ҳам таъкидлаб ўтган эди.

«Ўзбекистон бюджет интизомини таъминлаш учун асосий эътиборни давлат бюджети тақчиллигини камайтиришга қаратиши керак, — деди молия вазири Тимур Ишметов. «Бизнинг сиёсатимиз инфляцияга қарши курашиш учун мувофиқлаштирилиши лозим… ҳатто барча харажатларимизни қисқартиришимиз керак бўлса ҳам. Лекин бу яхшилик учун», — деган эди Ишметов.

Халқаро Валюта Жамғармаси ноябрь ойида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг секинлашиши ва инфляциянинг илдиз отиши, жумладан, дунёдаги ноаниқликлар туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатарлардан огоҳлантирганди.