Сешанба куни президент Шавкат Мирзиёев аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда давлат раҳбари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашни қўллаб-қувватлаш чоралари янада кенгайтирилишини маълум қилди.

Шунга кўра, 2023 йил 1 январга қадар:

  • 22 та турдаги истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи) божхона божларидан озод этилади;
  • озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади;
  • давлат харидларида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бозордаги нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, бозорга киришга тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича ваколатлари кучайтирилади, дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида етишмайдиган маҳсулотларни импорт қилувчи тадбиркорларга кредит бериш, логистика ва импорт қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда амалий ёрдам кўрсатиш топширилди.

Аввалроқ, гўшт, ўсимлик ёғи ва картошкани олиб кириш ва сотишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси муддати 2022 йил охиригача узайтирилганди. Шунингдек, Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар 2031 йилгача айрим солиқларни 1 фоизда тўлайди.