Тошкент шаҳрида 18 метрли «гармошкали автобус» автобус қатнови йўлга қўйилиши мумкин. Бу 2 февраль куни қабул қилинган президент қарорида келтирилган. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ходимининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур қарорда пойтахтга 2022−2025 йиллар ичида 1063 та янги автобус ҳаракат таркибларини яратиш белгиланган. Унинг 673 таси электробус.

Бунда 2022 йилда 410 та, 2023 йилда эса 253 та, 2024−2025 йилларда 200 та янги автобус сотиб олиниши белгиланган. Бу йил ҳисобидан ҳозиргача Ўзбекистонга 20 та электробус олиб келинган. Қолган 390 та транспорт йил давомида келтирилиши маълум қилинди.

Таъкидланишича, кейинги йилдан 53 та катта сиғимли автобуслар ҳам келтирилади (253 та автобусдан). Уларнинг узунлиги 18 метрни ташкил этади. Транспортнинг қайрилиш даражаси йўлнинг параметрларига тўғри келиши учун автобуснинг ўртаси «гармошкали» тарзда бўлади.

«Улар қарор билан тасдиқланган жамоат транспортининг янги йўналиш тармоғининг магистрал йўналишларига жорий этилади. Мазкур 18 метрли автобуслар 11 та магистрал йўналишларга жойлаштирилади. Метрополитен линиялари ер остидаги катта йўловчи оқимини ташиётган бўлса, бу ер устидаги катта йўловчилар оқимини ташувчи магистрал йўналишлар тоифасига киради», — дея таъкидлади Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси автомобиль транспортини ривожлантириш бўлими ходими Ахролхўжа Тошхўжаев.

Унинг таъкидлашича, 2023 йилда келтириладиган автобусларни ким қаердан олиб келиши тендер савдолари орқали аниқланади. Тендерда ғолиб бўлган завод ёки корхона билан шартнома тузиб олиб келинади. Автобус Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши ҳам мумкин, бу тендер орқали аниқлангандан сўнг маълум бўлади, дея қўшимча қилди ТШТБ ходими.

Маълум қилинишича, катта сиғимли автобусларни йўлга қўйиш амалиёти бир неча йиллар олдин пойтахтдаги 72-сонли автобус йўналишида қўлланган. Бироқ, маълум муддатдан сўнг, тўхтатилган.

Бошқарма ходими бу янги автобуслар йўловчиларга бир қанча қулайликлар яратишини, катта сиғимдаги йўловчилар оқимини бир вақтнинг ўзида манзилига олиб боришини маълум қилди.