АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига она тили ва ўқиш саводхонлиги, шунингдек, математика фанлари бўйича ўқитувчилар учун 500 мингга яқин замонавий дарслик ва қўлланмалар топширди, дея хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

USAID, Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги дарсликлар 2022−2023 ўқув йилида Наманган ва Сирдарё вилоятларининг 919 та умумтаълим мактабида тажриба-синовдан ўтказилади. Дипломатик ваколатхонанинг «Газета.uz»га маълум қилишича, пилот лойиҳаси доирасида 277 минг бошланғич синф ўқувчилари қамраб олинади. Шунингдек, USAID август ойида 10 минг нафар ўқитувчини тайёрлайди.

«Математика ҳамда она тили ва ўқиш саводхонлиги фанидан янги дарсликлар ва ўқитувчилар учун инновацион қўлланмалар ўқувчига йўналтирилган таълим ва таълимдаги янги ёндашувларни қўллаб-қувватлайди», — деди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. Бошланғич синфларда ўқиш ва математика кўникмаларини такомиллаштириш ўқувчиларга ҳаётда муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган асосий кўникмаларни беради, дея қўшимча қилди у.


2021−2022 ўқув йилида маҳаллий ва халқаро мутахассислардан иборат гуруҳ Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқитувчилари билан ҳамкорликда янги дарсликларни ишлаб чиқди.

Дастлабки синовдан сўнг дарсликлар ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаси асосида қайта кўриб чиқилади ва якуний таҳрири Халқ таълими вазирлиги томонидан чоп этилади.

2023−2024 ўқув йилидан бошлаб 1−4-синфларнинг барча ўқувчилари — жами икки млн нафардан ортиқ болалар янги дарсликлардан фойдаланишни бошлайди ва Ўзбекистоннинг барча ўқитувчилари фойдаланиш учун қулай, ўқувчига қаратилган таълим усулларини ўзида жамлаган ўқитувчилар учун қўлланмалардан фойдаланиши мумкин бўлади.

2021 йил бошида лойиҳа доирасида 1−4-синф ўқувчиларига «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» ҳамда «Математика» фанлари бўйича ўқитишнинг янги стандартлари ишлаб чиқилгани ҳақида ёзган эдик. Мазкур стандартлар асосида қизиқарли контент ҳамда ўқувчиларнинг қизиқишига йўналтирилган юқори сифатли дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Ўтган ўқув йилида худди шу ҳудудларда халқаро нашриётларнинг инглиз тили (1−11-синфлар) ва информатика (5−11-синфлар) бўйича Ўзбекистон шароитига мослаштирилган ҳамда USAID кўмагида ишлаб чиқилган янги дарсликлар жорий этилганди.