Ўзбекистонда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ҳамкорлигида «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» ҳамда «Математика» фанларидан бошланғич синф ўқитувчилари учун янги дарслик ва қўлланмалар ишлаб чиқилди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, 8 апрель куни USAID`нинг Ўзбекистонда таълимни яхшилаш дастури доирасида ишлаб чиқилган стандартлар ва китобларни кўриб чиқиш бўйича семинар бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазирлиги, маҳаллий илмий тадқиқот институтлари ҳамда мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчилари янги ўқув-методик мажмуалар асосида олиб борилаётган ишлар, ёндашув ва тадқиқотлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

2021 йил бошида бир гуруҳ тажрибали миллий ва халқаро мутахассислар Ўзбекистондаги бошланғич синф ўқитувчилари билан ҳамкорликда 1−4-синф ўқувчиларига «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» ҳамда «Математика» фанлари бўйича ўқитишнинг янги стандартларини ишлаб чиқди.

Кейинчалик мазкур стандартлар асосида қизиқарли контент ҳамда ўқувчиларнинг қизиқишига йўналтирилган юқори сифатли дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Материаллар «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан 980 га яқин, математикадан 675 та дарсдан иборат. Жамоа шунингдек, китоб мазмунини жонлантирган 3000 дан ортиқ янги иллюстрациялар яратди, дейилади хабарда.

Маҳсулотларни тақриз қилиш гуруҳи янги ўқув-методик мажмуалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этгандан сўнг, улар июнь ойининг бошигача якунланади ва ХТВга тасдиқлаш учун тақдим этилади.

USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2022−2023 ўқув йилида Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 918 та умумтаълим мактабларида янги материалларни синовдан ўтказади, уларнинг долзарблиги ва бошланғич саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмалари бўйича ўқув натижаларини яхшилаш имкониятларини тасдиқлайди.

Тест синови тугаллангач, китоблар ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қайта кўриб чиқилади ва якуний версиялари 2023−2024 ўқув йилидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш учун ХТВ томонидан чоп этилади. Бу Ўзбекистондаги 2 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчиларининг сифатли дарсликлар билан таъминланиши, ўн минглаб ўқитувчиларнинг «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» ҳамда «Математика» фанлари бўйича сифатли қўлланмалардан фойдаланишини таъминлайди.

«Биз USAID билан Ўзбекистонда таълимни яхшилаш дастури бўйича ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз, бу бизни таълим ислоҳотининг кейинги босқичига олиб чиқади ва ўқувчилар натижаларини халқаро даражага кўтаради. Бу юқори сифат стандартлари ва китоблар Ўзбекистон фарзандларининг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига, ўрта мактабда ва ҳаётда муваффақият қозониши учун зарур бўлган асосий кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради», — деди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

Аввалроқ, Cambridge University Press халқаро нашриёти томонидан жорий ўқув йилидан бошлаб Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 208 та мактабда «Инглиз тили чет тили сифатида» (1−11-синфлар) ва «Информатика ва ахборот технологиялари» (5−11-синфлар) дарсликлари жорий этилгани ҳақида ёзган эдик. Дарсликлар юқорида тилга олинган USAID дастури бўйича Ўзбекистон шароитига мослаштирилган бўлиб, нашриётдан лицензия сотиб олиш ва китобларни хорижда чоп этиш учун 10 миллион доллар грант ажратилган.