Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Cambridge University Press томонидан ўзбек мактаблари учун чоп этилган халқаро даражадаги дарсликларни келгуси йилдан ҳамёнбоп нарҳда ижара тизими орқали олиш имконияти яратилиши маълум қилди.

Август бошида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги мактаблар учун информатика ва инглиз тили дарсликларини сотиб олгани маълум қилинганди.

10 млн АҚШ доллари қийматига тенг туркум 5−11-синфлар учун «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар, шунингдек, 1−11-синфлар учун «Хорижий тил — инглиз тили» фанидан дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан иборат.

USAID`нинг «Газета.uz»га хабар қилишича, 3 ноябрь Наманган ва Сирдарё вилоятларининг 208 та умумтаълим мактабларига 385 минг дона дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар тақдим этилган.

Фото: USAID.

2021−2022 ўқув йилида мамлакатнинг 200 та мактабида синовдан ўтказилиши ва якунда китобларни чоп этиш ҳуқуқи Ўзбекистонга тақдим этилиши режалаштирилган.

1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда келгуси йили таълим ва тиббиёт тизимига 58 трлн сўмга қўшимча равишда 12 трлн сўм ажратишни таклиф қилганди.

Фото: USAID.

Халқ таълими вазири ёзишича, «келгуси йил давлат бюджетида дарсликларни чоп этиш учун мустақиллик йилларидаги энг катта миқдордаги маблағларни назарда тутиш топширилган».

Унинг сўзларига кўра, Amazon каби интернет дўконларидан бундай китобларни сотиб олмоқчи бўлсангиз, 1 донадан ўқувчи китоби ва машқ дафтари 30−60 доллар атрофида, ўқитувчи китоби эса 50−100 доллар атрофида туради.


«Албатта, бундай нарҳлар 6,3 миллиондан ортиқ ўқувчиларимиз оилалари учун жуда қимматлик қилади. Шу сабабли, президентимизнинг кечаги топшириқлари барча мактабларимизда халқаро даражадаги дарсликларни келгуси йилда ҳамёнбоп нарҳда ижара тизими орқали олинишига имконият беради», — деди Шерзод Шерматов.

Вазир аввалроқ, тез ривожланаётган дунёда болаларни инглиз тили ва информацион технологиялар кўникмаларига оммавий равишда ўргатишга эътибор қаратилаётганини айтганди.


«Ишончим комилки, ҳамкорларимиз ёрдамида биз фарзандларимизга замонавий дунёда интилиш ва ўз салоҳиятини тўлиқ очиб беришга имконият яратиб берамиз», — деган эди у.

Аввалроқ, ушбу дарсликларнинг республика бўйича 6,5 миллиондан ортиқ ўқувчи ўртасида тақсимланиши 2022−2023-ўқув йилидан бошланиши маълум қилинганди.