Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида юзага келиши мумкин бўлган сел оқимлари, тошқин ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди ҳукумат матбуот хизмати.

«Ўзгидромет»нинг маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача ва кечалари +3 даражагача кўтарилади. Ҳатто тоғолди ва тоғли ҳудудларда 2−7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши — қор ва музлар эришини тезлатиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимолини янада кучайтиради.

Йиғилишда мавжуд ҳолат ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиниб, юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилди. Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилди, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги қарорига асосан Тошқинга қарши ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар тузилган ва уларнинг асосий вазифасилари белгиланган. Вазирлар Маҳкамасида ўтган йиғилиш баёни билан ушбу комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларига бириктирилди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг турли ҳудудларида сел ва тошқинлардан нафақат объектлар зарар кўрган, балки ҳодисалар бир неча фуқароларнинг вафотига сабабчи бўлган. Хусусан, 2022 йилнинг ноябрь ойида ёққан кучли ёмғир сабаб Қашқадарё вилоятининг Китоб, Қамаши, Ғузор ва Деҳқонобод туманларидаги ариқлар, лотоклар ҳамда бошқа сув ўтказиш иншоотларида йиғилган ёмғир сувлари тошиб чиққан. Бунда аҳоли ва хонадонларга зиён етмаган.

Аммо 2022 йил май ойида Сурхондарёнинг Сариосиё туманида селда оқиб кетган икки фуқаронинг жасади ва машина «Тўпаланг» дарёси ўзанидан топилган.

Бундан 1 ой илгари — апрелда эса Жиззах вилояти Эгизбулоқ маҳалласига келган сел 70 дан ортиқ қабрни оқизиб кетган. СЭС ходимлари аҳоли орасида турли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун сув ва тупроқ намуналарини олган ҳамда аҳолига дори ва антисептик воситалари тарқатган.

Ўшанда «Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров 2 кун давомида ҳудудда бўлиб, аҳоли турар жойлари ва уларнинг кўп йиллик рўзғорига етган зарарларни фотокарема объективига муҳрлаганди.

Шунингдек, 2020 йил май ойида Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида содир бўлган тошқин сувлари 10 та маҳалла фуқаролар йиғинлари (23 та аҳоли пунктлари) ҳудудларидаги 4711 та турар ва 277 та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 га экин майдонларига зарар етказгани маълум бўлган. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун 2500 дан ортиқ техника жалб этилган. Ушбу талафот оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилиши айтиб ўтилган.