8 май куни АОКА штабида бўлиб ўтган брифингида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби тошқин оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

ФВВ матбуот котиби берган маълумотга кўра, Сардоба сув омбори тўғони бузилиши ва унинг оқибатида содир бўлган сув тошқинида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 га майдонлари талофат кўрган. Тошқин сувлари ушбу туманларнинг 10 та маҳалла фуқаролар йиғинлари (23 та аҳоли пунктлари) ҳудудларидаги 4 711та турар ва 277 та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 га экин майдонларига зарар етказган.

Сирдарё вилоятининг сув босган ҳудудларида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия томонидан 17000 нафарга яқин шахсий таркиб, 2500 дан ортиқ техника, 300 га яқин мотопомпа ёрдамида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, сув тошқини оқибатида нобуд бўлган чорва ва уй хайвонларини йиғиш ва зарарсизлантириш тадбирлари жами 2624 бош нобуд бўлган ҳайвонларнинг жасадлари кўмиш йўли билан зарарсизланитирилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, талофат кўрган ҳудудларда ҳамда вилоят бўйича 12 485 та турар жойларда, 748 та савдо шаҳобчаларида, 304 та маъмурий биноларда, 31 та бозорларда, 540 та кўчаларда жами бўлиб, 241 1999 м² майдонда дезинфекция тадбирлари ўтказилди.

Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида, талофат кўрган туманлардан, 37 нафар ишчи-ходимлар ва 81 та техника ёрдамида 6086 тонна чиқинди ва 13 624 тонна тошқин сувлари олиб чиқиб кетилди.

Шу билан бирга, талофат кўрган туманлар ҳудудидан ўтган канал ва зовурларнинг сув ўтказиш қобилиятини яхшилаш мақсадида, марказий тармоқ канали муҳофаза минтақаси 3 700 п/м масофада 1220 м³ тупроқ ишлари бажарилиб, 1500 п/м қисми тикланди ва 200 метр қисмидаги талофат етган темир-бетон плиталар демонтаж қилинди.

Шунингдек, мобил компаниялари томонидан туманлардаги алоқа тармоқларига қарашли 14 та база станцияларининг фаолияти тикланди.

Тошқиндан талофат кўрган жами 2455 та кадастр ҳужжатларининг нусҳалари ҳам (дубликат) тайёрлангани ҳақида ФВВ матбуот котиби маълум қилди.

Таъкидланишича, 6 май куни Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида, Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергенов бошчилигидаги делегация аъзолари Қозоғистондаги Туркистон вилоятининг фавқулодда вазиятдан зарар кўрган ҳудудларида бўлди.

Айни вақтда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал овулида Ўзбекистон тарафидан 320 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникалари ҳамда 100 дан ортиқ мотопомпа ёрдамида фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари Ўзбекистон президенти томонидан қатъий назоратга олинган, дейилади хабарда.