«Газета.uz» мухбири Абдулло Ëдгоров 2 кун давомида Жиззах вилоятининг Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласида аҳоли турар жойлари ва уларнинг кўп йиллик рўзғорига етган зарарларни фотокарема объективига муҳрлади. Сел ва сув тошқини оқибатида бу ерда 5 киши, шу жумладан икки нафар ёш бола ҳалок бўлганлиги айтилди. Бундан ташқари, 53 та хонадон тўлиқ талофат кўрди. 25 та уйда яшовчи 100 дан ортиқ фуқаро вақтинча бошқа жойга кўчирилди.

Тепаликлар орасидан учта ўзанда келган сел биринчи бўлиб Бойқўчқор қабристонига урилган.

Сел оқибатида қабристондаги 70 дан ортиқ қабрлар ювилиб кетган.

Одамлар ҳозирги вақтгача аҳоли яшаш жойлари ва лойларга қоришган ҳолда ётган мурдалар суякларини топмоқда.


Шунга кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ходимлари сув ва тупроқдан намуналар олиб, турли касалликлар, шу жумладан, қутириш, куйдирги, ичак касалликларига текширув ўтказишни бошлаб юборишган.

Қабристон учун қурилган қўшимча бино.

«Сел уриб кетган қайси хонадонга кирманг, одамларнинг кўзида табиий офатдан чорасизлик, шунча йиллик меҳнати ва рўзғори 20 дақиқа ичида йўқ бўлиб кетганига ачиниш, шунга қарамасдан, ўз жони соғ-омон қолгани шукроналик туйғулари акс этганини кўрасиз», — дейди ҳолатни ўз кўзи билан кўрган «Газета.uz» мухбири.





Сув ва лойга ботиб қолган китоблар, уларнинг орасида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асарини кўриш ҳам мумкин. Одамлардан бири бу кўргулик ҳам шу китоб номи каби «ўтган кунларимизда қолиб кетсин» деб қўйди.


Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, мазкур хонадоннинг ўпирилиб кетган деворида Қуръони Карим китоби матога ўралган ҳолда осиғлиқ бўлган. Сув уни узоқ масофагача оқизиб кетганига қарамасдан унга зиён етмагани, ҳозирда у қишлоқ масжидида экани айтилди. Шу куни маҳаллада вафот этганларни дафн қилиш маросими бўлаётгани боис, уни топиб, суратга олишнинг имкони бўлмади.



Бу хонадон эгасининг сўзларига кўра, мазкур машина селдан олдин уйнинг орқа тарафи, бу жойдан 15−20 метр узоқликда бўлган. Сувнинг шиддати ва қанчалик катта ҳажмда келганини шундан ҳам кўриб, тушунса бўлади, дейди у.

Сув асосий талофат келтирган ҳудуд. Ушбу расмда аҳоли хонадонлари ва қўшимча хўжалик биноларининг қолдиқлари акс этган.

Сел оқибатида яроқсиз ҳолга келган мотоцикл.


Ушбу уйнинг хоналари лойга ботган, пол қисми эса сув ҳисобига захлаб кетган.

Турли ҳудудлардан келган ҳашарчиларга ҳокимият томонидан тушлик ташкиллаштирилган.