«Газета.uz» 20 апрель куни Жиззах вилоятининг Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласида содир бўлган сел ва сув тошқинлари оқибатлари ҳақида бир қанча фоторепортажларни (1, 2, 3) эълон қилган эди. «Газета.uz» мухбири Абдулло Ëдгоровнинг сўзларига кўра, тепаликлар орасидан келган сел биринчи бўлиб Бойқўчқор ота қабристонига урилган. Бунинг натижасида қабристондаги 70 дан ортиқ қабрлар ювилиб кетган.

Қабристон гўркови Шароб Йўлдошевнинг сўзларига кўра, қабристонга номи берилган Бойқўчқор ота кўмилганига 200 йилдан зиёдроқ вақт ўтган, у инсоннинг бўйи 2 метрдан узунроқ бўлган, сел ушбу қабрни ҳам оқизиб кетган.


Мазкур суратда қабристон орасидан ўтган сув йўли акс этган, илгари бу ҳудудда қабрлар бўлган.


Кўк ранг билан Бойқўчқор ота қабрининг селгача мавжуд бўлган ҳудуди белгиланган.

«Бу [мурдалар]ни қаёққа олиб кетганини билмаймиз, қабристонга тегишли янги бинони ярмини, эски қабрларни ҳам олиб кетган. Пандемия вақтида қанақа касалликлар тарқалди, уларни ҳаммаси шу ерга қўйилган. Ўшаларни ҳаммасини таги билан олиб чиқиб кетиб, аҳоли яшаш жойларига уриб юборди. Тўрт кўчанинг ҳовлисига кирган, кейин трассага чиқиб кетган. Қанча мол ўтлайди, қанча одам юради, бу ерларни тозалаш учун СЭС бор кучини ташлаш керак», — деди Шароб Йўлдошев.

Қабристонга қарашли бино.

«Газета.uz» мухбири мазкур қабристонда майитлар бошқа жойларга (1,5 метр чуқурликда) қараганда ер устига анча яқинроқ қўйилишига эътибор қаратди.

Ушбу суратдан ҳам кўриш мумкинки, қабрлар чуқур ковланмаган.



Маҳаллий аҳоли, шунингдек, мазкур қабристонга яқинлари қўйилган, кейинчалик бошқа ҳудудларга кўчиб кетганлар ҳам чақирилиб, уларнинг қабрлари қайта тикланмоқда.


Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик хизматининг Фориш тумани бўлими ходимлари турли жойлардан тупроқ ва сувдан намуналар олишди.



Фориш туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг мудираси Флюра Султонованинг айтишича, ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиб кетмаслиги учун текширувлар ўтказилмоқда.

«Аҳоли ўртасида ўта юқумли, шу жумладан ичак, куйдирги касалликлари тарқалиб кетмаслиги учун 3−4та қудуқдаги ичимлик суви, водопровод ва оқава сувларидан намуналар олаяпмиз. Бундан ташқари, сел қабристон орасидан ўтиб, жуда кўп микрофлорани ювиб кетган, шунинг учун ҳам аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида дори-дармонлар тарқатаяпмиз», — деди бўлим мудираси.

Унинг сўзларига кўра, бактериофаг йўқлиги сабабли ёши катталар ва болаларга бирдек микробга қарши дори воситаси ҳисобланмиш — ципрофлоксацин тарқатилган.

Бундан ташқари, одамлар орасида санитария қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Флюра Султонова.

«Ичак касалликларини олдини олиш мақсадида сувларни қайнатиб ичиш, қўл гигиенасига риоя қилиш, ҳовлига экилган кўкатларни қайнатилган сувда ювиб, ундан кейингина истеъмол қилиш кераклигини тушунтираяпмиз», — деди у.

Тиббиёт бирлашмаси патронажлари ва ҳамширалар, дезинфекторлар томонидан зарур чоралар кўрилаётгани қўшимча қилинди.

«Барча талофат кўрган жойлар, қишлоқни бошидан то охиригача бўлган ҳудуд, ариқ бўйлари зарарсизлантирилаяпти. Ундан ташқари, очилиб кетган қабрлар кўмилиб, у ерлар ҳам зарарсизлантирилаяпти. Аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг тарқалиб кетишининг олдини оламиз деган умиддамиз», — деди у.

Олинган намуналар жавоби 3 кундан 1 ҳафтагача бўлган муддатда чиқади. Агар сув намуналарида биронта инфекция аниқлангудек бўлса, профилактик тадбирлар амалга оширилади. Кейинчлик ҳам текширувлар ўтказилиб турилади.

«Агарда қудуқ ёки ичимлик водопровод сувларидан [инфекция] чиқадиган бўлса, уларга ичишни тақиқлаймиз ва биринчи навбатда тоза ичимлик суви билан таъминлаб берамиз. Бундан ташқари, у ерни зарарсизлантириш ишларини олиб борамиз. Ундан кейин ҳам хлор қолдиғи ва патоген флорага қайта ва қайта текшириб турамиз», — дея тушунтирди Флюра Султонова.

Бироқ, «Газета.uz» мухбири қабрлар сувда оқиб кетиши ортидан юқумли касалликлар тарқалиш хавфи юқорилигича қолаётганини маълум қилди.

Жумладан, СЭС ходимлари намуна олаётганда пайтда қабристонда ишлаётган маҳаллий аҳоли шу ернинг ўзидан оқиб ўтувчи ариқдан сув ичган ва юзини ювган.

Қолаверса, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга фақат битта махсус техника жалб қилингани, у эса барчага тоза сув етказа олмаслиги мумкин.

Суратнинг ўнг тарафида сув машинаси турибди.

Бундан ташқари, одамлар шу ариқдан оқиб келаётган сувдан фойдаланган ҳолда лой тагида қолган уй жиҳозлари, шу жумладан идиш товоқлар, хўжалик буюмлари, кийим-кечаклар, гиламларни ювиб, тозалаб олмоқда.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш учун аҳолини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сел ўтган ҳудуддаги полиз экинлари, кўкатларни истеъмол қилмаслик чоралари кўрилиши, шунингдек, аҳолини тез-тез тўлақонли тиббий кўрикдан ўтказиш, турли касалликларга таҳлиллар олиш керак.


Қолаверса, 15-мактаб спорт залида ташкил этилган омборхонага Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва бошқа ҳудудларнинг ҳар бир туманидан озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари карвонлари етиб келмоқда. Одамларнинг сўзларига кўра, Жиззах вилояти ҳокимияти ҳозирча бирор моддий ёрдам кўрсатмаган.

Эътиборлиси, «Газета.uz» мухбирининг Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевдан 53 та тўлиқ талофат кўрган ва бошқа қисман зарарланган уй эгалари давлат томонидан қандай қўллаб-қувватланиши борасидаги саволи ҳам очиқ қолди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати эса бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини қайд этди.