2022 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди. Бу президентнинг 2021 йил 6 июлдаги қарорида кўзда тутилган, бироқ орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳам, тегишли қонун қабул қилинмади.

«Газета.uz» Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан боғланиб, ҳужжатнинг қабул қилиниши қайси босқичда эканини сўради.

Агентликнинг хабар беришича, улар БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва «Минтақавий мулоқот» халқаро ноҳукумат ташкилоти таклифлари асосида 2020 йилнинг ноябрь ойида даромад ва мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонунни ишлаб чиққан.

2021 йил август-cентябрь ойларида қонун лойиҳаси Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Олий суд, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда келишиб олинди ва якунланди.

2021 йил 10 ноябрь куни Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертиза натижаларига кўра қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берди ва ҳужжатни президент Администрациясига юборди.

2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган эди. Бироқ ҳукумат ҳужжатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этгани йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, қонун лойиҳаси 4 боб ва 24 моддадан иборат бўлиб, қуйидаги масалаларни тартибга солади:

  • давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мол-мулкини декларациялашни тартибга солишнинг умумий қоидалари;
  • декларацияларни топшириш тартиби;
  • декларацияда акс эттирилиши керак бўлган маълумотлар;
  • декларацияни текшириш тартиби.

Шу билан бирга, ҳужжатда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мулки декларациясини икки босқичда жорий этиш таклиф этилади:

1-босқич — президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат ва ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;

2-босқич — бошқа давлат хизматчилари (ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бундан мустасно).

Эслатиб ўтамиз, даромадлар тўғрисидаги декларация назарда тутадиган давлат хизмати тўғрисидаги қонунни 2017 йил сентябрь ойида қабул қилиш режалаштирилган эди, аммо бу муддат бир неча бор қолдирилган эди. Сана эса 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь эди. Май ойининг охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини дедекларациялаш тизимини жорий этишни тезлаштириш тўғрисида кўрсатма берганини маълум қилганди.

Ўтган йилнинг август ойида Бурхонов қонун лойиҳаси ва давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизими тайёр эканини таъкидлаган. Кейинчалик у қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар эътирозлари бўйича такомиллаштирилаётганини қўшимча қилди.

Ноябрь ойи охирида парламент қуйи палатаси Сенатга киритилган, лекин ҳали ҳам қабул қилинмаган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги (ҳужжат ҳақида батафсил) қонунни қабул қилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари ўз идораси томонидан давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатлар аниқлангани, бироқ қонунчилик базаси йўқлиги сабабли бундай ҳолатларни бартараф этиш муаммоли эканини таъкидлади.