Ишлаб чиқилаётган 2019−2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурида Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулкини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган, дея хабар қилди «Газета.uz"га Бош прокуратура бошқарма бошлиғи, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси эксперт гуруҳи раҳбари Латиф Жалов.

У бу ҳақда 23 май куни Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистонда тўртинчи раунд мониторинги ҳисоботи хулосалари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) янги тавсиялари ҳамда уларни ижро этиш бўйича ҳаракатлар муҳокамасига бағишланган анжуман доирасида маълум қилди.

ИҲТТнинг коррупцияга қарши кураш бўлинмасининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлилчиси Тетяна Хаванська Ўзбекистон 23 тавсиядан 10 тасини қисман, 8 тасини тўлиқ бажарганини маълум қилди.

«Иккита тавсияни кўриб чиқмадик, чунки янги раундда диққат марказимиз бошқа йўналишга ўзгарди. Тўртинчи раунд аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади: биз нафақат давлатнинг тавсиялар бўйича нималарни амалга оширганини кўриб чиқдик, балки келажакка назар ташлашга диққат ва эътибор қаратишга ҳаракат қилдик», — деди у.

«Газета.uz» мухбирининг давлат хизматчилари даромадларининг декларация қилиниши тўғрисидаги саволига жавоб берар экан, Латиф Жалов амалдорларга тегишли активлар ва мол-мулкларнинг декларация қилиниши коррупцияга қарши курашнинг муҳим қисми эканини таъкидлаб ўтди.

«Шундан келиб чиқиб, биз ҳозирда 2019−2020 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз. Унга мансабдор шахсларнинг муайян тоифалари мол-мулкларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги бандни киритдик. Ўйлайманки, яқин келажакда Ўзбекистонда ушбу тизимни жорий этамиз», — деди у.

Давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишни кўзда тутувчи давлат хизмати тўғрисидаги қонун 2017 йил сентябрида қабул қилиниши керак эди. Ушбу муддат нима сабабдан ортга сурилди?

«Амалдаги давлат дастури асосида давлат хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Мазкур лойиҳа давлат хизматлари органлари фаолиятининг барча соҳаларига тааллуқли бўлиб, у кенг қамровли ва муайян харажатларни ўз ичига олади. Шунинг учун у муҳокамалар жараёнида. Ўйлайманки, бизда уни тез орада қабул қилиш ва барча зарур чораларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади», — дея қўшимча қилди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи.

Тетяна Хаванська ҳам декларация тизими жорий этилишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, ИҲТТнинг кўплаб мамлакатларидаги амалиёт бунинг жуда жиддий самараси борлигини ҳамда ундан ҳам огоҳлантириш нуқтаи назаридан, ҳам турли коррупцион жиноятларни аниқлаш учун фойдаланиш мумкинлигини кўрсатди.

«Жамоатчилик давлат хизматчилари, айниқса юқори лавозимларда хизмат қилувчилар нималарга эгалик қилишини билиш ҳуқуқига эга. Чунки бу уларнинг давлати ва бу одамлар улар учун ишлайди», — деди у.

Давлат хизмати тўғрисидаги қонуннинг узоқ йўли

Тўртинчи раунд мониторинги бўйича ҳисоботга кўра, давлат хизмати ислоҳоти ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда. 2012 йилдаги биринчи ва иккинчи раунд мониторинги ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати «Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун коррупцияга қарши кураш бўйича миллий дастур доирасида ишлаб чиқилиши режалаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатига киритилганини маълум қилгани келтирилган.

2015 йилда учинчи раунд мониторинги доирасида Ўзбекистон ҳукумати давлат хизмати тўғрисидаги қонун концепцияси ва қонун лойиҳаси (Германия модели асосидаги) ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилган.

Худди шундай вазият 2018 йил сўнгида — 2019 йил бошида ҳам кузатилди. 2017−2018 йилларда Коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастурининг 2-банди 2017 йил октябригача «Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни кўзда тутган эди. Унда давлат хизмати тизимининг қурилиши ва ишлаш тамойиллари, давлат хизмати кадрлар таркибини шакллантириш, давлат хизматига кириш, уни ўташ ва тўхтатишга қўйилган асосий талаблар келтириб ўтилади.

Ўзбекистон тақдим этган маълумотларга кўра, қонун концепцияси 2017 йил декабрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, тегишли қонун лойиҳаси билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ўша вақтда адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязов Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишни жорий этиш улар учун ижтимоий таъминот масалаларининг кафолатланиши билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этиб ўтади. У қонуннинг 2018 йилда қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилган эди.

2018 йилда қонун концепцияси ва лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан такомилга етказилиб, Президент администрациясига киритади. Ҳукумат органлари айни вақтда қонун концепцияси ва лойиҳаси Президент администрациясида кўриб чиқилаётгани, кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини хабар қилади.

2018 йил декабрида мониторинг гуруҳи мамлакатга ташрифи вақтида Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам давлат хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинаётгани, бироқ ушбу масалада кейинги қадамнинг аниқ муддатларини ҳеч ким билмаслигини маълум қилади.

Мониторинг гуруҳи давлат хизматчиси мақоми номаълумлигича қолса ва қонунчиликда маъмурий ва сиёсий давлат хизматчилари орасидаги фарқ аниқ ажратилмаса, давлат хизматчисининг профессионаллиги етарли даражада таъминланмаслигини қайд этиб ўтди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотлар бўйича сиёсий ирода юқори даражали раҳбарият томонидан эътироф этилмоқда, дея қайд этди экспертлар. Президент томонидан 2017 йилнинг 8 сентябрида имзоланган маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг олтита асосий йўналишини белгилаб берди. Улардан бири ҳокимият органлари тизимида коррупцияга қарши курашнинг амалий натижа берадиган механизмларини жорий этиш, профессионал давлат хизматларининг самарали тизимини шакллантиришдан иборатдир.

Давлат хизматчиси мақомининг белгилаб берилмагани ҳисобдорликнинг паст даражада бўлишини, охир-оқибат коррупцион хатарларнинг юзага келишига сабаб бўлади, дейилади мониторинг гуруҳи ҳисоботида. Гуруҳ яна бир марта қисқа муддатларда ушбу қонунни имзолашга чақирди.

ИҲТТнинг давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича тавсиялари

ИҲТТ экспертлари қуйидагиларни тавсия қилмоқда:

  • Давлат хизмати тўғрисидаги ягона қонунни қабул қилиш ва унинг самарали ижро этилишини таъминлаш;
  • Давлат хизматига кадрларни танлов асосида саралаб олиш, шунингдек шахсий ва касбий фазилатлари асосида уларни лавозимга тайинлаш ва хизмат бўйича мансабини ошириб боришнинг шаффоф тизимини жорий этишни кўзда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш. Маъмурий ва сиёсий мансабдор шахсларни аниқ белгилашни жорий этиш;
  • Давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг шаффоф тизимини жорий этиш, жумладан ойлик маошнинг ўзгарувчан қисмини тўлаш тартиблари ва тамойилларини белгилаш;
  • Қонунда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни тартибга солиш тўғрисидаги асосий меъёрларни белгилаш ҳамда қонунчиликнинг тегишли меъёрларини амалда лозим даражада қўллашни таъминлаш. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш ҳамда уни тартибга солиш бўйича қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилаш. Мансабдор шахс томонидан манфаатлар тўқнашувида ўзининг ёки яқин кишиси учун манфаат олиш мақсадида қарор қабул қилингани учун жиноий жавобгарликни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш;
  • Қонунда мансабдор шахсларнинг (жумладан сиёсий хизматчилар, судьялар, прокурорлар) даромадлари, мол-мулклари, мажбуриятлари, харажатлари ва манфаатларини мажбурий тартибда декларация қилишнинг ягона тизимини жорий этиш. Унда онлайн ариза бериш, декларацияларни эълон қилиш (қонунда кўзда тутилган баъзи истиснолардан ташқари), декларацияларни хатарлар асосида мажбурий текширувдан ўтказиш, декларация топширмаганлик ёки нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун амалий натижа берувчи чоралар кўзда тутилиши лозим. Шунингдек, мансабдор шахслар декларацияларини йиғиш, текшириш ва эълон қилиш учун жавобгар органни белгилаш (ташкил этиш), бундай органга керакли даражада мустақиллик, ресурслар ва ваколатлар бериш;
  • Коррупция ҳолатлари тўғрисидаги хабарларни эълон қилиш амалиётини кенгайтириш, жиноятларни фош қилувчилар ҳимоясини таъминлаш, давлат хизматчилари хабарлари мониторингини юритиш, тренинглар ўтказиш, ахборот каналларини такомиллаштириш, аноним хабарларни кўриб чиқишга рухсат бериш. Жиноятларни фош қилувчилар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, статистик маълумотларни тўплаш;
  • Сиёсий мансабдор шахслар фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисидаги меъёрларни амалиётга ишончли қўллаш ва бошқалар.