Нукусдаги июль воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида Бухорода якунига етаётган суд музокараларида асосий судланувчи Даулетмурат Тажимуратов охирги бўлиб ўз ҳимояси учун сўзга чиқди. Ўтган пайшанба куни сўзга чиққан бошқа судланувчилардан фарқли ўлароқ, у суддан душанба куни сўзга чиқишга рухсат беришни сўраган эди. Унинг нутқи тахминан 1,5 соат давом этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Аввал хабар берилганидек, журналист, блогер ва «Ел хизметинда» («Халқ хизматида») адвокатлик бюроси адвокати Даулетмурат Тажимуратов Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 104-моддаси 3-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсга қасддан баданга оғир шикаст етказишда қатнашиш), 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш), 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми (қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, қирғин солиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашиш) ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари (олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан хизмат мавқеидан ва ОАВ ёхуд телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбланмоқда.

Аввалроқ давлат айбловчиси Даулетмурат Тажимуратга моддалар умумлаштирилгани ҳолда 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди. Суд жараёнлари бошланган ноябрь ойида Олий суд томонидан тергов маълумотларига таянган ҳолда берилган ахборотда Даулетмурат Тажимуратов «уюшган гуруҳ ташкил килиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида 1−2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган»лиги айтилган эди.

«Газета.uz» Даулетмурат Тажимуратовнинг суддаги чиқишидан асосий жиҳатлар таржимасини эълон қилади. Бунгача журналист Лолагул Қаллиханова, спортчи Азамат Турданов ва блогер Бахтиёр Қадирбергеновнинг нутқлари эълон қилинган эди.

«Агар мен ҳокимиятни обрўсизлантирган бўлсам, у ҳолда давлат органлари нега менга фахрий ёрлиқлар берган?»

…[Айбловда таъкидланишича], Даулетмурат Тажимуратов «бирёқлама журналистик суриштирув» олиб борган. Маълумот учун, мен у ерга Лоланинг (айбланувчилардан бири, журналист Лолагул Қаллиханова — таҳр.) ёрдамчиси сифатида борганман. Лола журналистлар гуруҳига етакчилик қилаётганди. Журналистик суриштирув олиб бордик, у ҳар томонлама тасдиқланди, бош шифокорни ишдан олишди, соғлиқни сақлаш вазири ишдан олинди. Бизга қонуний ҳуқуқлар таъминланишига ёрдам берганимиз ҳақидаги хат беришди. Ушбу масала [айблов томонидан] яхши ўрганиб чиқилмаган.

[Айбловда айтилишича], «Вазирлар Кенгаши расмий ОАВ вакиллари ва блогерларга 2020 йилнинг 21 декабрь куни мобиль телефонлардан фойдаланишга рухсат бермаган бўлса-да, Тажимуратов ҳақиқатга зил бўлмаган материаллар тайёрлаб, Тахиатош тумани ва Нукусдаги ҳокимиятни обрўсизлантирувчи роликни эълон қилган». Бу нима дегани? Бу пионер ташкилотлари мавжуд бўлган эски даврни ёдга соляпти.

Вазирлар Кенгаши журналистларга рухсатнома тарқатмайди. Журналистларга Вазирлар Кенгашидан рухсатнинг ҳатто кераги ҳам йўқ. Журналистлар хоҳласа Вазирлар Кенгашининг бутун ишини оёғини осмондан қилиб юбориши мумкин, чунки бунга президент ҳуқуқ берган, президент қарор қабул қилган. У (журналистларни назарда тутиб — таҳр.): «Ортингизда мен турибман», деган. Биз Вазирлар Кенгашидан рухсат сўраб ўтирмаймиз.

Майли, буни тайёрлаган прокурор кеча чиқиш қилди. У чиқиш қилди, унинг ёнида ўтирган республика прокурорининг биринчи ўринбосари менга ўша иш бўйича хат берганди. Телефондан фойдаланиш мумкинлиги, ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаслиги ҳақида. У ИИВ суриштирув ўтказгани ва қонунга зид хатти-ҳаракатлар қилган ўз ходимларини огоҳлантирганини айтганди. Бу ИИВнинг низомида ҳам кўрсатиб ўтилган, уларга огоҳлантириш берилиб, интизомий чора кўрилиши керак. Нима учун уларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиб кўришмайди? Буларнинг бари фактлар билан тасдиқланган. Мен ҳеч қачон фактларсиз видео эълон қилмаганман. Фактларга таянмай маълумот чиқараётган ҳеч қачон ўриндиқда ўтириб олиб, хотиржам, ишонч билан гапира олмайди.

Каналда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси томонидан сув тарифлари асоссиз оширилаётгани ҳақида ёлғон ахборот эълон қилинганига доир айбловга келсак. Биринчидан, менинг каналимда бундай ахборот чиқмаган. Иккинчидан, бу материални мен тайёрламаганман. Учинчидан, мен бу видео ҳақида ҳеч нарса билмайман. Мен бундай саводсиз видео тайёрламаган бўлардим. Мен Тошкентдаги сув нархи биздагидан фарқ қилишини биламан. Тошкентга сув тоғлардан тушиб келади. Биз, бечоралар эса, сувни яроқсиз ҳолга келиб қолаётган Туямўйин (сув омбори)дан олиб ичамиз. Мен буни тушунаман. Лекин прокуратура бунга эътибор қаратмаган.

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

[Айбловда таъкидланишича, Тажимуратов] судьяларни, прокуратура органларини, прокуратура, ҳуқуқ-тартибот органларининг мансабдор шахсларини обрўсизлантирган, ваҳоланки, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти, қонун чиқарувчи ҳокимият, ҳокимиятлар, сиёсий партиялар, барча ташкилотлар халққа хизмат қилиши белгилаб қўйилган.

Агар мен 2019 йилдан бери прокуратурани, ички ишлар органларини, судларни обрўсизлантириб келаётган бўлса, Қорақалпоғистон адлия вазири Сайлаубай Мамбетқадиров Даулетмурат Тажимуратовга мамлакатда юз бераётган жараёнларни ёритишдаги хизмати, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қўшган ҳиссаси учун муҳрли фахрли ёрлиққа имзо қўйган. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бўйича ҳам худди шу гап. Миллий гвардия ҳам 2022 йили ОАВда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг шахсий мол-мулкини асраш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилувчи тарғибот-ташвиқот ишлари учун миннатдорлик билдирганди.

Ишлар яхши кетаётган маҳал мен ҳаммага керакли эдим ва ҳамма мени ҳурмат қилаётганди. Қоқилишим билан, ҳамма менга қараб тош отишга уриняпти.

[Айбловда] суд ҳокимиятини обрўсизлантириш, прокурорларнинг 2020 йилги хатти-ҳаракатларидан норозилик, судланган икки ўсмирнинг тақдири, фуқароларни судларда қабул қилиш ҳолатлари ва бошқалар кўрсатиб ўтилган. Буларнинг бари тасдиқланган. Агар мен суд раисига нисбатан ёлғон ишлатган бўлса, мени маъмурий жавобгарликка тортиш шу суднинг қўлида-ку, нега шундай қилмаган? Агар мен прокурорни обрўсизлантирган бўлсам, қонун устуворлигини таъминлаш унинг қўлидаги масала-ку.

Агар мен ички ишлар органларини, Миллий гвардияни обрўсизлантирган бўлсам — улар менга фахрий ёрлиқлар берса-да, мен улар ҳақида ёзишда давом этаверган эдим — нега улар менга қарши иш очмади, улар учун бунинг қийин жойи йўқ-ку? Шу кунгача менинг устимдан, жумладан, амалдорлар, депутатлар томонидан 30−40 та ариза тушган.

Айбловнинг бошида менга қарши 30−40 та айблов эълон қилинди. Агар шуларнинг бирортаси иш материалларида тасдиқланган бўлганида эди, мен ҳеч нарса демаган бўлардим. Тасдиқлангани йўқ. Бу худди эр-хотиннинг ғийбатига ўхшайди.

«Биз тинчгина яшаётгандик, ҳар ким ўзи билан овора, ҳаммаси яхши эди»

Биз республикада тинчгина яшаётгандик, ҳар ким ўзи билан овора, ҳаммаси яхши эди. 2022 йилнинг 16−17 июнь кунлари интернетда Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг вилоятларидан бирига айланиши масаласида сессия бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бу янгиликни эшитганимда кулдим. Республика вилоятга айланиши имконсиз. Буни Қорақалпоғистоннинг ўзи ҳал қила олмайди, бу худди эртакдек гап эди.

21 июнь куни Жўқорғи Кенгес ёпиқ сессия ўтказиб, унда Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистонга алоқадор 70−75-моддаларини бекор қилиш масаласини муҳокама қилган. Унда 60 депутат, давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари қатнашган, улар биргаликда шу масалани кўриб чиққан. Адлия вазири Сайлаубай Мамбетқадиров сўзга чиқиб, бизга суверенитет ва референдум керакмаслиги, биз — бир мамлакат эканимиз ҳақида хулоса берган. Қорақалпоғистон Конституциявий назорат қўмитаси раҳбари Параҳат Айтниязов ҳам бизга бу нарса керак эмаслиги ҳақида хулоса берган.

Гап Қорақалпоғистоннинг тақдири ҳақида бормоқда, шундай нарсаларни эшитиб, мен қандай қилиб уйда жим ўтира оламан?

Агар Конституциядан референдум (референдум ўтказиш ҳуқуқи — таҳр.) олиб ташланса, орадан 20 йил ўтиб бошқа бир Даулетмурат пайдо бўлиб, биз ажралиб чиқишни хоҳлаймиз, деб қолиши мумкин. Ўзбекистон унга: «Яхши, ажралиб чиқишинглар мумкин, лекин бунга қонуний асос келтиринглар», дейди. Агар бу асосни, референдум ва суверенитетни 2022 йилда бекор қиладиган бўлсак, у ҳолда асослаб бўлмайди. Шундан кейин: «Узр, мен рухсат берган бўлардим, лекин асос йўқ-да», дейишади. Унда нима бўлади?

Ваҳоланки, мен мустақилликка эришиш учун уринганим йўқ. Сабаби — биз шу вақтгача яхши яшаётгандик. Мустақиллик ҳақида орзу қилиш — жиноят эмас. Мен орзу қилишда давом этавераман, ўлгунимча орзу қиламан. Лекин бу жиноят эмас, бу қадам эмас. Ҳозир мени қўйиб юборсангиз ҳам мен мустақиллик томон қадам ташламайман, лекин орзуим сўнмайди.

Ҳурматли судья, Жўқорғи Кенгес жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонуннинг 2, 4, 5, 6, 23, 25-моддаларини бузиб, 700 фуқародан [Конституция моддаларини ўзгартириш бўйича] мурожаатлар олганини маълум қилди. Шу мурожаатлар асосида [Конституция моддаларини ўзгартириш бўйича] таклифлар тайёрлангани таъкидланмоқда. Ваҳоланки, бу мурожаатларни қаноатлантирмаса ҳам бўларди.

Нима учун 60 депутатдан бирортаси менга Жўқорғи Кенгесда мурожаатлар кўриб чиқилаётганини айтмади? Улар орасида Мурат (Кардар), Мурат Гаиповлар бор эди… Кимдир чиқиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунга асосан ушбу мурожаатларни қаноатлантира олмаймиз, лекин президент[нинг тузатишлар бўйича] таклифларини маъқуллаб, овозга қўйиш бўйича қарор қабул қиламиз, деб айтиши мумкин эди-ку.

Шавкат Мирзиёев Жўқорғи Кенгеснинг Нукус воқеаларидан сўнг бўлиб ўтган йиғилишида, 2022 йил 3 июль. Фото: Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев Жўқорғи Кенгеснинг Нукус воқеаларидан сўнг бўлиб ўтган йиғилишида, 2022 йил 3 июль. Фото: Президент матбуот хизмати

Яширмайман, бу ҳаракатлар ортида президент турибди, деб ўйлагандим. Бироқ 1 июль куни [Шавкат] Мирзиёевнинг бунга алоқаси йўқлигини билдим. Чунки сиз, судьялар, Акмал Саидов (Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича конституциявий комиссия раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари — таҳр.) иштирокидаги ўша мажлисда бор эдингиз. У бир эмас, икки марта Жўқорғи Кенгесга қорақалпоқ масаласи бизда (Ўзбекистон парламентида — таҳр.) кўрилмайди, деб хат йўллаганини айтди. У бу масалани ўзинглар кўриб чиқинглар, деб хат йўллаганини айтди. Зуҳра Реймова эса (Жўқорғи Кенгеснинг қонунийлик, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси — таҳр.) 70−75-моддаларга тузатиш киритишни такроран таклиф қилган.

[Қорақалпоғистон иқтисодий суди раиси ўринбосари] Баҳром Қитайбековга раҳмат, у, аждодимиз Аллаёр [Дўсназаров] каби қайта ва қайта туриб, бу хато эканини, журналистларни киритмай, ёпиқ сессия ўтказилаётгани хато эканини айтган. Акмал Саидов эса: «Мен нима қилай, таклиф сизлардан чиқяпти-ку», деди. Мен шундагина бунда Ўзбекистоннинг айби йўқлигини тушуниб етдим. Олий Мажлис ва президентнинг айби йўқ. Ҳамма бало ўзимиздан чиққан экан.

Қонун лойиҳаси 24 июнь куни эълон тақдим этилиб, 25 июндан 5 июлга қадар муҳокама қилинди. Бу масала бўйича мен гувоҳ Зуҳра Реймова ва сенатор Улиғбек Жалменовнинг суддаги кўрсатмаларини эслаб ўтдим.

Мурат Қаллибекович (Камалов, Жўқорғи Кенгеснинг собиқ раиси — таҳр.) тергов давомида кўрсатув берган. Терговчи ундан Ўзбекистон Конституциясига бу тузатишларни, бу моддаларни ким таклиф қилган, деб сўраган. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистонга доир 70−75-моддаларига тузатиш киритиш бўйича таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан берилган». Мана, республика раҳбарининг ўзи тузатишлар Жўқорғи Кенгес томонидан киритилганини айтиб турибди. Улар бўлса тузатишлар Олий Мажлисдан келганди, деб бу ерда алдаяпти.

Мўйноқ тумани аҳолиси Ўзбекистон Конституциясининг 70−75-моддаларига ўзгартиш киритилишига қарши норозилик билдирмоқда. Фото: Ижтимоий тармоқларданМўйноқ тумани аҳолиси Ўзбекистон Конституциясининг 70−75-моддаларига ўзгартиш киритилишига қарши норозилик билдирмоқда. Фото: Ижтимоий тармоқлардан

«Мен ИИВга, МХХга бордим. Намойиш уюштираман, дедим. Мени қамашларини сўрадим»

Бу масала бўйича интернетда халқ норозилига пайдо бўла бошлаганига қарамай, май ойидан бошлаб депутатлар, партиялар, давлат бошқаруви органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари жим ўтирди ва одамларга [тузатишлар бўйича] тушунтириш бермади.

Лекин энди Даулетмурат Тажимуратов халққа нотўғри тушунча берган, дейишяпти. Мен шу кунгача нотўғри тушунтирганим йўқ. Бу менинг фикрим, менинг сўзим. Мен нотўғри тушунтирган бўлсам, у ҳолда депутатлар ва партиялар қаёққа қараган, шафтоли териб ўтирганми? Нега адлия вазири чиқиб, Даулетмурат Тажимуратов нотўғри тушунтиряпти, демайди? Уларнинг бирортаси чиққани йўқ. Чунки уларга ўз жойлари (креслолари) керак.

ОАВ фаолиятини қатъий назорат қилиб турувчи прокуратура қаёққа қараган? ИИВнинг бизни кузатиб юрувчи бошқармаси қаёққа қараган? ДХХда ҳам бор. Ҳаммаси жим, лекин бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Даулетмурат Тажимуратов нотўғри тушунтирган, дейишяпти. Агар қўрқмаса, менга чиқсин, давлат хавфсизлигининг раҳбари билан очиқчасига (тенгма-тенг) гаплашаман. Ички ишлар вазири билан очиқчасига гаплашишга тайёрман. Прокурор билан ёзишиб юрган одамман, нега у менга: «Даулетмурат, сенинг ҳаракатлари хато», деб ёзмайди?

Савол туғилади — нега прокуратура, ИИВ, МХХ жавобгарликка тортилмади?

Президент келганида, оқсоқоллар ундан кечирим сўрашди. Узр сўрагунча бу воқеаларнинг олдини олганлари яхшийди. Бирорта оқсоқол чиқиб, «Даулетмурат, керак эмас», дегани йўқ…

Мен 1 июлга қадар бир неча роликлар чиқариб, ҳатто республика прокуратураси ва ИИВга «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг 3 ва 4-моддаларига асосан, улар бу ишларнинг олдини олиши учун, тақдимнома беришимни ҳам айтдим. 27 июнь куни адвокатлар билан бўлиб ўтган учрашувда мен раҳбарларга бу урушга айланиб кетиши мумкинлиги айтдим, «Қаранглар, одамлар норози», деб айтдим. Лекин уларнинг бирортаси бирор нима дегани йўқ.

Охири ўзим ИИВга, МХХга бордим. Намойиш уюштираман деяпман. Курашаман деяпман. Мени қамаб қўйинглар, йўқса тўхтамайман, деяпман. Энди эса улар бугун қаҳрамондек чиқиб олиб, Даулетмурат ундоқ қилди, бундоқ қилди, дейишяпти. Ҳурматли судья, ҳар ишнинг ҳам чек-чегараси бор-ку. Мен ўзим уларнинг эшиги олдига келиб, мени қамашларини сўрадим, уларга яна нима керак?

1 июль куни «Салмен ота» масжиди олдидаги чиқишимдан сўнг мен Жўқорғи Кенгесга Конституциянинг митинглар ўтказишга доир 11-моддасига асосланиб хат юбордим. Шундан сўнг менинг барча қариндошларимни, жумладан, 7-синфда ўқийдиган болани уйларидан, қўшниларни, қурувчиларни олиб кетишган. Isuzu [автобуси]га солиб, олиб кетишган.

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

Калтаклаш билан кечган «профилактик суҳбат»

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жуда тезкор ишлайди. Мени олиб кетишган маҳал ички ишлар вазири Аманбай Оринбаевга профилактик суҳбат ҳақида ахборот беришган. Унинг қўл остидаги шундай иш қилгани учун Оринбаев айбдор эмас.

Агар бу профилактик суҳбат бўлса, у ҳолда маҳалла вакиллари қани, мен билан бу суҳбатни ким олиб борди, гувоҳлар қани, қани баённома, охир-оқибат, бу суҳбатнинг якуни нима бўлди — мени кўндира олишдими ё йўқ? Нега иш материаларида бу нарса йўқ?

Янги Ўзбекистондаги профилактик суҳбат, билмадим — бошингга ниқоб тақиб, қўлингни боғлаб, автозакка тиқиб, электрошокер билан ниқтаб-ниқтаб, уриб, қон қусдириб, сўнг профилактик суҳбатдан чиқариб юборишми? Бирор бир саҳифада шу профилактик суҳбат баённомасини кўрганимда, қўлимни кўтарган бўлардим. Йўқ у нарса.

Айбловга қайтамиз. Таъкидланишича, «Даулетмурат Тажимуратов 29 июнь куни ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида уюшган гуруҳ аъзолари Сметаллаев, Турданов ва Жиемуратов билан учрашиб, уларга кўрсатма берган. Кўрсатмага мувофиқ, агар қамалиб қоладиган бўлсам, улар оломонни тўплаб, мени чиқариб олишлари керак эди. Ушбу кўрсатмага мувофиқ, гуруҳ аъзолари 1 июль куни марказий бозорда одамларни тўплаган».

Савол туғилади: суд муҳокамалари вақтида булар — Аҳмет, Саламат, Даулетмурат, Хўжанбергенлардан қай бири марказий бозорга боргани ҳақида гапирди? Ёки 1−2 июлдаги оммавий тартибсизликларда қатнашганларнинг бирортаси айнан шуларнинг ташвиқоти сабаб қатнашганини айтдими? Бунақа гап бўлгани йўқ. Жиноят кодексининг 26-моддасига кўра, агар айблов судда тасдиқланмаса, у ҳолда ҳукм чиқариб бўлмайди.

Айбловда айтилишича, «Даулетмурат Тажимуратов 1 июль куни Жўқорғи Кенгесдан уйига қайтаётганида, жамоатчиликка: „Сизнинг талабларингиз бажарилиши — менинг вазифам, мени қамаш-қамамасликлари — сизнинг қўлингизда“ деган ва оммавий тартибсизликларга чорлаган». Савол туғилади: агар менинг баёнотим 2 июлдаги оммавий тартибсизликларга чорлаган бўлса, у ҳолда бу менинг 2 июлдаги чиқишим сабаб бўлгани ҳақида ким кўрсатув берди?

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

Бошқа савол ҳам туғилади: мен ўша роликда тартибсизликлар бўлмаслиги кераклиги ҳақида гапирганман. Мен аввалроқ марказий бозорда овозим бўғилгунича: «Келинглар, буни тинч ҳал қилайлик», деб гапирганимнинг видеоси бор. Бу видеоларга баҳо берилгани йўқ.

Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, [ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда] айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Яхши, сиз видеони кўрибсиз. Нима учун видеодаги менинг яхши сўзларим ҳақида гапирилмайди? Агар менинг уйда айтганларим [тартибсизликларга сабаб бўлган] бўлса, у ҳолда буни ким айтди, ким Даулетмуратнинг сўзлари сабаб бўлди, деди? Ҳеч ким. Ўшанда мени қамамасликлари ҳақида гапирганман. Тартибсизлик қилишга чақирмаганман.

Агар мен [ҳуқуқни муҳофаза қилувчи оргналар] соҳасида ишлаганимда эди, президентнинг ҳар бир сўзига итоат этган бўлардим. У прокурорларга аввалги сиёсатдан воз кечиш кераклигини айтганди. У айбловчи органдан қутилиш кераклигини айтганди. Прокуратура деган сўз «ғамхўр» дегани. Агар мен прокурор бўлганимда, мана бу ҳаракатлар ва аломатлар бўйича Тажимуратовни айблаш мумкин, мана бу белгилар бўйича эса оқласа бўлади, деган бўлардим. Мана бу ҳолатлар оғирлаштирадиган, мана булари эса енгиллаштирадиган эканини кўрсатиб берган бўлардим. Мана бизда юридик тизим қандай! Бизнинг ишимизда бундай нарсалар мутлақо бўлгани йўқ.

«Мен одамларни тарқалишга мажбур қилдим. Ўша ерда бир нафар бўлса ҳам депутат бормиди?»

Ҳурматли суд, сиз менга бир ҳафта аввал савол бердингиз. Сиз ўшанда одамлар тарқалиши учун Даулетмурат Тажимуратовни бозорга олиб келишган, дедингиз. Тўғрими, шундай деганмидингиз? Сиз халқ тарқалмаган-ку, дедингиз. Мен ўшанда саволга тўлиқ жавоб бермагандим, ҳозир жавобимни тўлдиришни истардим. Агар эътибор берган бўлсангиз, одамлар тарқалган. Агар 20 минг кишилик оломон йиғилган бўлса, менинг сўзларимдан кейин камида 17 минг киши тарқалган. Жўқорғи Кенгесга кўпи билан 3 минг киши борган, ундан кўп эмас. 15 мингга яқин одам тарқалган. Мана шунга эътибор қаратишингизни сўрайман, ҳурматли судья…

Қолган 3 минг киши, ёш йигитлар, у ерга қизиқиш туфайли борган. Мен бозор олдидаги одамларни тарқалишга мажбур қилдим. Раҳмат, улар қулоқ солишди. Улар республика раҳбарига (Мурат Камаловга — таҳр.) қулоқ солмаётганди.

СССР вақтлари [Аркадий Гайдарнинг] «Тимур ва унинг жамоаси» [деган повести] бўларди, улар мактаб ўқувчилардан тузиларди. Бизникилар ҳатто шу ўқувчиларчалик бўла олишмади. Жўқорғи Кенгеснинг қайси бир депутати, қайси вазир ўз раҳбари билан ёнма-ён турди? Республика прокурори яшириниб, жойидан қочиб кетди. Ички ишлар вазири турди, унга раҳмат.

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

Мен буни шунинг учун айтяпманки, агар депутатлар келиб, халқни тўхтатишга ҳеч бўлмаса уринганида эди, ортиқча гап-сўзлар бўлмасди… Бу сабоқ бўлиши керак, келгусида улар раҳбар билан елкама-елка туришлари керак.

«Агар Жўқорғи Кенгесни эгаллаб олишни истаганимда, буни уддалаган бўлардим. Менинг бундай ниятим йўқ эди»

Сиз яна бир савол бердингиз, ҳурматли судья. Агар менинг мақсадим Жўқорғи Кенгесни эгаллаш бўлганида, мен бу бизнинг сўнгги имкониятимиз эканини айтган, 20 минг одамга қарата: «Жўқорғи Кенгесга юрамиз», деган бўлардим ва биз худди қарғалар тўдасидек уни қуршаб олган бўлардик. Менда бундай ният йўқ эди.

Жўқорғи Кенгесни учта йўл билан эгаллаб олиш мумкин эди. Агар мен «президент» бўлишни истасам, бўлардим. Агар мен 20 минг кишилик оломонга: «Юрдик», десам, уни ҳеч қандай армия тўхтата олмасди. Яширмайман, агар Мирзиёев бўлмаганида, мен шундай қилгна бўлардим ҳам. Мен Хива хонлиги давридан бери кўриб келган азобларимизга якун ясаган бўлардим.

Иккични сабаб. Ёнимда Жўқорғи Кенгес раҳбари турибдими? Турибди. ИИВ вазири турибдими? Турибди. Миллий гвардия бошлиғи турибдими? Турибди. Республика давлат хавфсизлиги раҳбари турибдими? Турибди. Агар мен шу вақт: «Йигитлар, буларнинг қўлини қайириб, Prado’га солинглар», десам, одамлар айтганимни қилишарди. Кафолат бераман… Мен бундай қилмадим, чунки менда бундай фикр йўқ эди. Биринчидан, Мирзиёев бор. Камалов бор, унинг шарофати билан менинг «тилим чиққан». Бизнинг тенгдошларимиз ўлса ҳам Камаловларга қарши бўлмайди (Мурат Камалов — Ўзбекистон Коммунистик партияси Қорақалпоқ обкоми биринчи котиби Қаллибек Камаловнинг ўғли ҳисобланади — таҳр.).

Учинчи йўли. Мен одамларга ўша ерда тонггача қолишни айтган бўлардим, жанг қилишдан маъно йўқ, агар тонггача қолсак, кейин овуллардан одамлар келади, социологлар келади, чет элдан сиёсатчилар келади, президентнинг ўзи келади. Агар президент келса, унга референдум ва бизнинг суверенитетимизни сақлаб қолишни айтардим. Лекин мен ундай қилмадим. Мен фақат 5 июлни ўйлаётгандим (у 1 июль куни 5 июль куни «тинч, қонуний» митинг ўтказиш учун рухсат сўраганини маълум қилганди — таҳр.).

Агар мен одамларни оммавий тартибсизликларга чорлаган бўлсам, буни қаерда айтганман? Оломонни тўплаш осон иш эмас. Агар 5 июль деб алдаб, ўзим 1 июль куни ҳаракат қилаётган бўлсам, мен бунга тайёргарлик кўрган бўлишим керак. Оломон фақат интернет орқали тўпланади, мен буни қилганим йўқ…

«Санкциясиз қамоққа ташлашди»

Энди уйимга қандай бостириб киришгани ҳақида гапираман. Эшик, дарвоза, ойналарни синдириб, уйимга бостириб киришди. Бир неча кишини ИИВга олиб кетишди. У ердан вертолётда Хоразмга ўтказишди. Қарор борми? 24 соат давомида прокурорни ёзма равишда хабардор қилиш керак. Агар иш материалларида бу ахборот бўлганида эди, қўлимни кўтарган бўлардим. Йўқ, бу ҳам йўқ.

Хоразмда бизни изоляторга ўтказишди, бизни очиқчасига қамоққа ташлашди. Қонун бўйича санкциясиз ва қарорсиз қамаш тақиқланади… Мени қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилганликлари учун кимдир жавоб бериши керак.

Конституциянинг 93-моддасига кўра, президент фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили ҳисобланади. Агар қонунларга риоя этилмаса, Конституцияга амал қилинмаса, фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилса, у ҳолда президентни айбдор деб ҳисоблайди. Улар шундай деб ҳисоблашга ҳақли…

Биринчидан, Конституциянинг 25-моддасига кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. Конституциянинг бу моддаси қоғозда қолиб кетган.

26-модда бўйича жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Бизни эса 4 июлдан бошлаб [айблашди]… «Даулетмурат Тажимуратов — жиноий гуруҳ етакчиси, у бугундан бошлаб қамоққа олинди». Бу ҳақда прокуратуранинг ўзи хабар берган.

Ўша моддада ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги ҳам ёзиб қўйилган. Бизнинг қўлларимизни гўшт қиймалагичдан ўтказишди. Неча бор у ерда ҳушимизни йўқотдик. Бу ерда Конституцияга қанақасига риоя этиляпти? Майли, бу ҳам қоғозда қолиб кетган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари қанчадан-қанча одамларни уриб, ўлдирди… Руслан Ибрагимовнинг [ўлими] тасдиқландими? Тасдиқланди, у тўқмоқ (дубинка) билан уриш оқибатида ўлган. Мадиёрники тасдиқландими? Тасдиқланди. Артур Тлегеновнинг иккала оёғини синдириб ташлашган… Бу қандай цирк ўзи? Бу одамларни ер қандай кўтариб турибди? Президент 93-модда бўйича Конституцияга риоя этилишининг кафили, буёқда эса формали бу одамлар… қўлда тўқмоқ билан юрибди.

Мен буларнинг барини Қорақалпоғистонда бошдан ўтказдим. Хоразм вилоятига олиб келишганида оёқда зўрға тургандим, лекин менга тегишдан фойда йўқлигини, мени синдира олмасликларини айтдим. Менга: «Бу гапларни унутинг, бугундан бошлаб сизга ҳеч ким тегмайди», дейишди. Раҳмат, сўзларида туришди. Ўзбек терговчиларига раҳмат, улар бир соат давомида намоз ўқишимга қўйиб беришди. Улардан миннатдорман.

Конституциянинг 27-моддасига кўра, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас. Бу ҳам қоғозда қолиб кетган. Нега уйга санкциясиз бостириб киришди?..

Жўқорғи Кенгесга ким таклиф қилган?

Жўқорғи Кенгеснинг собиқ раҳбари [Мурат Камаловнинг] Prado автомобили ҳайдовчиси, гувоҳ Аҳмад 27 сентябрь куни терговга кўрсатма берган. У ўз кўрсатувида Мурат Камалов оломон ва Даулетмурат Тажимуратовга Жўқорғи Кенгесга бориб, гаплашиб олишни таклиф қилганини айтган. Ҳайдовчининг ўзи ўз кўрсатмасида Мурат Камалов гаплашиб олишни талкиф қилгани ҳақидаги сўзларни тасдиқлаяпти.

Мурат Қаллибекович ўз кўрсатувида айтяпти: «Машинада турарканман, Тажимуратовга бу каби ҳаракатлар, яъни Қорақалпоғистон Республикасининг мустақиллиги масаласида референдум ўтказишга чорловларни назарда тутганман, ноқонуний эканлигини айтдим. Бундай масалалар оммавий тартибсизликлар йўли билан ҳал қилинмаслиги керак, зарурат бўлса, Жўқорғи Кенгесда депутатлар ва фаол фуқаролардан иборат ташаббускор гуруҳ ўртасида учрашув ўтказиш мумкин».

У Жўқорғи Кенгесга боришни сўради. Мен одамларга айтдим, одамлар қарши чиқди. Шу билан бу мавзу ёпилди.

Аманбай Оринбаев 7 январь кунги суд мажлисида сўзламоқда. Фото: Олий судАманбай Оринбаев 7 январь кунги суд мажлисида сўзламоқда. Фото: Олий суд

[Қорақалпоғистон ИИВнинг собиқ раҳбари ва Жўқорғи Кенгеснинг ҳозирги раҳбари], гувоҳ Аманбай Оринбаев 13−17 июлдаги ўз кўрсатмаларида Мурат Камалов хизмат машинасидан тушиб, машина устига чиққани, машина устида турган Даулетмурат Тажимуратовни тинчлантиришга урингани, ундан оломонни тарқатишни ва у билан гаплашиб олиш учун Жўқорғи Кенгесга боришни сўраганини айтган. Яъни, гаплашиб олиш ғояси Мурат Камаловдан чиққан. Лекин у оломонни тарқатишни сўрагани ҳам айтиляпти. Бундай гап бўлмаган.

Унинг кўрсатмаларида, шунингдек, [Тажимуратов] оломонга ва Камаловнинг автомобилига Жўқорғи Кенгес томон юришни айтгани ва оломон билан бирга у ерга боргани ҳам айтилган. Мурат Камаловнинг машинаси Жўқорғи Кенгес томон юргани ҳақидаги ахборот ҳеч қаерда тасдиқлангани йўқ. Оринбаев бу сўзларни қаердан олган? Бирор бир одам буни тасдиқлагани йўқ. Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига мувофиқ, ушбу масалани менинг фойдамга ҳал қилишингизни сўрайман.

Гувоҳлар Параҳат Жаббарбергенов, Паруаз Ўразбаев, Даулет Баймуратов, Куанишбай Бахипов ва бошқалар [Мурат Камалов] Жўқорғи Кенгесга бориб, гаплашиб олишни таклиф қилганини тасдиқлади.

Энди Жўқорғи Кенгес раисининг автомобилини ким бошқарганига эътиборни қаратсак. Бу жуда муҳим. Суд музокаралари вақтида ички ишлар органлари ходими Искандар Бобориёзов айтдики, [Аманбай] Оринбаев Prado’нинг орқа ўриндиғидан тушиб келган. Мен ундан ишончингиз комилми, деб сўрасам, ишончим комил, деди. Миллий гвардия бошлиғи ўринбосари эса Оринбаев автомобилни бошқарган, деб кўрсатма берди.

Мурат Камалов машинада уч киши — Ибрагимов, Каражанов ва унинг ўзи бўлганини айтди. Каражанов ўз кўрсатувида машинани ўзи бошқарганини, унинг ичида ўзидан тақшари Ибрагимов ва Мурат Камалов бўлганини айтди. Унинг айтишича, машинада Оринбаев бўлмаган. Мен ундан бу ҳақда бир неча бор сўрадим, лекин у барибир Оринбаев бўлмаганини айтди.

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

Оринбаевга келсак, у бир эмас, икки марта кўрсатма берди. У шундай деган: «Мурат Камаловнинг автомашинаси Жўқорғи Кенгес томон йўл олди, шунда мен Мурат Камаловнинг хизмат автомобилига ўтирдим ва биз оҳиста оломон ҳаракатланаётган томон юра бошладик. Йўлда мен Мурат Камаловнинг машинасида бошқа томонга кетмоқчи бўлдим, аммо оломон имкон бермади».

Бу унинг рулда бўлганини англатади-ку. Ўзингиз ўйланг, Миллий гвардия бошлиғи ўринбосари генерал-майор ўтирибди, Мурат Камалов ўтирибди, ички ишлар вазири полковник Оринбаев ўтирибди, учта кап-катта ва юқори мартабали эркакнинг сўзлари бир-бирига тўлиқ зид келмоқда. Халқ кимга ишониши керак? Оринбаев айтяптики, «мен машинада эдим, ўзим ҳайдадим». Камалов айтяптики, «Оринбаев машинада бўлмаган». Ибрагимов бўлса Оринбаев ўша ерда эди, деяпти. Ҳайдовчи Каражанов эса Оринбаев йўқ эди, деяпти… Бунга эътибор қаратишингизни сўрайман, ҳурматли суд…

Энди, агар Мурат Камаловнинг кўрсатмасига эътибор берадиган бўлсак, у Prado’нинг юриши учун йўлни Миллий гвардия ходимлари очиб бергани ҳақида гувоҳлик берган. Биз уни тилидан суғириб олганимиз йўқ. Фақат Оринбаев ва Каражанов йўлни оломон ёпиб қўйганди, деяпти. Бир неча гвардиячилар эса машина бемалол ҳаракатлана оларди, деди.

«Камераларнинг ёзувлари қани?»

Ҳурматли раислик қилувчи, бир фуқаро видеога олиб, «биз Оқсаройга (Жўқорғи Кенгес назарда тутилмоқда — таҳр.) киришни, Даулетмуратни президент қилишни, унинг раис қилишни хоҳлаймиз», деганини сиз ҳам кўрдингиз.

Менинг саволим шундан иборатки, нима учун шу видео иш бўйича видеоматериаллар қаторига далил сифатида киритилмаган… Нима учун портрет экспертизаси ўтказилмаган? Нима учун ҳар бир шахсни таниш жараёни ўтказилмаган? Мен бу видео монтаж қилинган, деб ҳисоблайман. Агар бу монтаж бўлмаса, у ҳолда нега прокуратура уни далиллар қаторига қўшиб, экспертизадан ўтказмаган?

Жўқорғи Кенгес қаршисидаги тўққиз қаватли бинонинг томидаги видеокамерадан видеолар тақдим этилмади. Мен бу ҳақда кўп марта сўрадим, эксперт охири бу саволга жавоб бермаслигини айтди… Модомики у видеони тақдим этишмаётган экан, демак у ерда менинг фойдамга хизмат қилувчи лавҳалар бор.

[Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазир Айтбай] Темирханов Нукус 90 фоизга камералар билан таъминланган, деганди. У тўққиз қаватли бинонинг томидаги камера ҳар томондан тасвирга туширади, деганди… Нима учун Жўқорғи Кенгес ёнидаги ДХХ камераларидан видеолар тақдим этилмади?

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

«Нима учун Ўзбекистон байроғини олиб келишмади?»

Сиз Оринбаевни судга чақирганингизда, у судга келмаслиги ҳақида хат юборди. Раҳмат, иккинчи чақирувдан сўнг келди, мен унга саволлар бердим… Мен ўша жойдаги Ўзбекистон байроғи ҳақида савол бердим. У бу ҳақда Мурат Камалов сўраганини айтди. Йўқ, буни мен айтгандим… Мен: «Кечирасиз, Ўзбекистон — бизнинг умумий уйимиз», дегандим. Мен Оринбаевдан байроқ топишни сўрагандим. Мен унга ҳатто: «Қани байроқ?», деб бақиргандим, у ҳозир топишини айтганди.

Оперлардан бири тергов вақтида байроқ бўлганини айтибди. Ички ишлар органлари ходимларидан бири белига боғланган байроқни олиб келган. Бироқ Оринбаев буни рад этган. Мен шу ҳақда сўраганимда, мужмал жавоб берди. Байроқ бор эди, деди. Вазиятдан келиб чиқиб, байроқни кўтармагандик, халқ қўзғалиб кетиши мумкин эди, деди…

У нима учун қўрқди? Мен байроқни олиб беришни сўрагандим. Менинг мақсадим Қорақалпоғистон ва Ўзбекистоннинг байроғини бирга кўтариб, бундай қилиш ярамаслигини айтмоқчи эдим. [Конституцияга тузатишлар киритиш] масаласини қонуний йўл билан ҳал қилиш кераклигини айтмоқчи эдим.

Агар тўққиз қаватли бинодан, ДХХ биносидан олинган видеолар йўқ бўлса, у ҳолда бу ҳолатни менинг фойдамга ҳал қилишингизни сўрайман.

Нукус ИИБ биносини қуршаб олишга доир айблов ҳақида

Нукус ИИБ биносини қуролларни қўлга киритиш мақсадида уч томондан қуршаб олишга доир айбловга келсак. Буни шаҳар ИИБнинг бир эмас, икки терговчиси тасдиқлади. Терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Николай Бобониёзов ўз кўрсатмаларида унинг хонаси учинчи қаватда ва бурчак томонда жойлашганини айтди. Бу томондан у корейс марказидаги кўчани, бу томондан ўт ўчириш қисмини, учинчи томондан эса университетни кўра олади…

Нуриддин Низомитдинов эса буни дронлар ёрдамида тасдиқлай олишини айтди. Бироқ айблов томони бино уч тарафдан оломон томонидан қуршаб олинганини исботлай олмади… Яхши, буни дронлар видеога олган, дейишди. Буни, камералар ва дронлар видеога олганини эксперт ҳам, терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ҳам, икки терговчи ҳам айтди. Қани [видеоёзувлар]?.. Топа олишмади…

Мен шаҳар ИИБ назорат-ўтказиш жойи (КПП)дан видео борми, деб сўрадим. Улар бор дейишди. Қарама-қарши тарафдаги 3-шаҳар милиция бўлинмасида видео бор. Бор дейишди. [Видеоёзувларни] олиб келишни сўрадим. Олиб келишмади… Нима учун КППдан олинган битта видеоёзув билан халқ қандай қилиб ИИБга ҳужум қилганини, уч томондан қуршаб олганини кўрсатиб бера олишмаяпти? Исботлай олишмади… Мен фактларга таяняпман.

Экспертиза маълумотларига кўра, ИИБ олдида 5 киши ҳалок бўлган… У айтдики, аслида ИИБ олдида фақат бир киши, бошидан ўқ еб ўлган, кейин унинг жасадини оломон олиб кетган. Шунда мен сўрадим: «Яхши, уни оломон олиб кетибди. ИИБ олдида одам ўляпти. Сиз экспертиза бошлиғисиз-ку, қон излари бормиди?». У бунга жавоб бера олмади. Мен у бу воқеанинг ИИБ олдида юз берганини тасдиқлаганини айтдим. Яхши, бир киши ўлди, унинг танасини бошқа жойга олиб кетишибди. Қолган тўрт кишининг ўлимини қандай қилиб исботлайсиз? Қолган тўрт кишини олиб кетишмагандир? Агар мен экспертизанинг бошлиғи ёки терговчи бўлганимда эди, мен буни ишга мана шундай қўшардим: у ИИБ олдида ўлган, бу қон излари билан тасдиқланмоқда. Қолган тўрттасини ҳам исботлаган бўлардим. Бу нарсалар иш материалларида йўқ.

Агар буни, тўрт киши шу ерда ўлганини исботлай олишганида эди, унда ҳақиқатан ҳам ИИБга ҳужумни, унинг уч томондан қуршаб олинганини тасдиқлаш мумкин бўларди. Лекин бу нарса йўқ. Тўлиқ уйдирма. Мана шу ҳолатга ҳам эътибор қаратишингизни сўрайман…

даулетмурат тажимуратов, нукус воқеалари, нукус воқеалари бўйича суд, қорақалпоғистон

«Тасдиқ йўқ, аммо айблов қолмоқда»

Мен прокуратуранинг президент тасаввур қилганидек органга айланганини кўрмаяпман. Прокуратура Тажимуратов маълум бир ҳаракатларни содир этди, сўнг олдини олиш учун бошқа ҳаракатларни амалга оширди, «тинч йўл билан» деган сўзларни айтди, деса, мен тушунган бўлардим… Ишни ёки айбловни бу прокурорлар тайёрламаган, одамлар улар ҳақида ёмон хаёлга бормасин… Ишни Бош прокуратура тайёрлаган.

Жиноят-процессуал кодексига кўра, прокурор [cуд муҳокамаси натижасида суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради деган ишончга келса] айбловдан воз кечиши шарт. Ўзбекистон тарихида бирор марта бундай бўлмаган. Агар мен прокурор бўлганимда эди, ишни ўрганиб чиққач, бизга қарши илгари сурилган олти моддадан иккитаси ўз тасдиғини топмаганини айтардим. «Шу боис мен ушбу моддалар бўйича айбловдан воз кечаман», — дердим, қандай чиройли кўринган бўларди. Прокуратурага раҳмат айтган бўлишарди.

Йўқ, прокурор Prado’да Даврон Истам Пўлатов билан бирга бўлгани ва Даулетмурат Тажимуратовнинг озод этилишини талаб қилганини айтяпти. Бу вақтда эса улар ИИБда ётганди. Видеоёзувда улар соат 8:30 да келгани кўриниб турибди. Шундай қилиб, бу нарса судда ўз тасдиғини топмаяпти, лекин прокурор айбловни барибир қолдиряпти.

Нима бало, у ухлаяптими? «Бу нарса ўз тасдиғини топмади, уни ишдан чиқаришингизни сўрайман», деса бўларди-ку.

Иш материалларида «Даулетмурат Тажимуратов Саидабдулла Медетовга „Ел хизматинде“ газетасининг гувоҳномасини бериб, ундан айирмачилик ғояларини амалга оширишда фойдалангани» ҳақида сўз боради. Улар бу гапни қаердан олган? Мен Саидабдулла Медетовга гувоҳнома берганимни, қани, кўрсатишсин. Бир одам келган, унга гувоҳнома берилган, у Медетов эмас… 100 дан ортиқ терговчи нима билан шуғулланган ўзи? Уларга меҳмонхона, еб-ичиш харажатлари учун пул тўланяпти. Улар яна уялмай мукофотлар олган. Қани, Медетовга гувоҳнома берганимни кўрсатиб беришсин.

[Иш материалларидан]: «Айбланувчилар қилмишларига иқрор бўлди ва содир этган жиноятлари уларнинг ўз аризалари билан тасдиқланган». Агар мен бу прокурорларнинг олдига келиб, мен Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш — таҳр.) бўйича одам ўлдирганимни айтсам, булар мени дарҳол қамаб қўяди. Прокурор аввал «кимни ўлдирдинг?» деб сўраши керак. Қотиллик қуролини, масалан, пичоқни топиши керак. Экспертиза тайинлаб, бармоқ изларини топиши керак. Ҳақиқатан ҳам шу буюм билан ўлдирганми ёки бошқа нарса билан — буни ҳам аниқлаш керак. Одам айбни тан олгани билан айбдор бўлиб қолмайди…

Айбланувчиларнинг аризаси ҳақида гапиришяпти. Эҳтимол, улар калтакларга чидолмай ариза ёзиб бергандир. Кимдир хатолик сабаб ариза бергандир… Бирдан айблаб бўлмайди, аввал исботлаш керак.

Мирзиёев ҳокимият тепасига келмагунича ҳеч ким оқланмасди. Бугун деярли ҳаммани оқлашяпти…

Менинг ҳуқуқларимни қанчалик чеклаб ташлашганини қаранг. Менинг таҳририятимда тинтув ўтказишди. Уйимда тинтув ўтказишди. Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддаси қаерда қолди? Нега тинтув жараёни видеога олинмаган?..

Судья Елубай Абибуллаев (ўртада). Фото: Олий судСудья Елубай Абибуллаев (ўртада). Фото: Олий суд

Менинг ҳужжатларим бор эди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Қорақалпоғистон мадҳияси энди фақат Қорақалпоғистонда ижро этиляпти, ваҳоалнки, Конституциянинг аввалги таҳририга бўйича мадҳия бутун дунёда ижро этиларди… Авваллари бизнинг байроғимиз ҳам бутун дунёники билан бир хил мақомда эди… Гербимиз ҳам.

Агар Даулетмурат бўлмаса, эртага референдум ва суверенитет ҳам йўқ бўлган бўларди. Нима учун биз бундай қўрқоқ бўлиб қолдик?.. Миллатнинг жасорати шу ерда ўтирганларнинг ҳаракатлари билан белгиланади… Биз эса бутун миллат олдида шарманда бўлдик…

Прокуратура менинг уйимга кирган, бироқ бирорта ҳам видео йўқ. Жиноят-процессуал кодекси 23-моддасининг (айбсизлик презумпцияси — таҳр.) нима кераги бор? Каналимни суд қарорисиз ўчириб ташлашди. Сизнинг (судьяларнинг — таҳр.) ўрнингизда бўлсам, хусусий ажрим чиқарган бўлардим… Ҳақлари йўқ эди…

Жиноят кодексининг 167-моддасига (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — таҳр.) эътибор қаратинг. Иш материалларида айтилишича, Даулетмурат Тажимуратов [Қорақалпоғистоннинг собиқ халқ таълими вазири] Аманжўл Аяповга қамоқ билан таҳдид қилган, «Ел хизметинде» газетасига пул ўтказиб берилиши учун бошқа вазирликларга ҳам шартномалар юборган. Қани, судда шуни кўрсатишсин. Масалан, Қурилиш вазирлигига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига шартнома юборилган бўлса, кўрсатишсин… Бирорта ҳам факт йўқ… Аманжўлнинг бир оғиз сўзи билан менга 167-модда билан айблов эълон қилинди. Уялмайсизларми? Савол туғилади: унинг сўзларига ишониш керакми ёки муҳр босилган ҳужжатларга?.. Мени бу модда бўйича айблаётганликлари — шармандагарчилик.

Оферта ва акцепт деган тушунчалар бор. Бизнинг ўртамизда оферта ва акцепт бўлган. Улар менга пул ўтказиб беради, мен уларга газета етказиб бераман. Орадан уч йил ўтиб эса у аслида ундай бўлмаган, мен қўрққман, деяпти… Улар (терговчилар — таҳр.) йўқ жойдан айблов ўйлаб топишяпти. Пашшадан фил ясашяпти… Ҳурматли суд, мени ушбу модда бўйич оқлашингизни сўрайман.

Жиноят кодексининг 243-моддаси (жиноий фаолиятдан орттирилган даромадни легализация қилиш — таҳр.) бўйича. Жиноят кодексининг 167-моддасини қўллаш учун мен давлат хизматчиси бўлишим керак. Менинг пулларим билан нима ишингиз бор? Шартнома бўлса, қанақа ўғрилик бўлиши мумкин?.. Ҳурматли суд, сизда [Олий суднинг] ишлар кўрсатмалар асосида қўзғатилмаслиги ҳақидаги қўшма қарори бор-ку. Агар бу қарор ишламаса, унинг нима кераги бор?..

Бечора Мадиёр [Ўразбоев] мени деб, менга ёрдам бераман деб ўлиб кетди… Бу мард ўзбек йигитига қаранг, калтаклашларига қарамай, у менга қарши бир варақ ҳам кўрсатма бермади…

Айбловда «Даулетмурат Тажимуратов олдиндан Лолагул Қаллиханова, Азамат Турданов, Аҳмет Сметуллаев ва ҳоказолар, шунингдек, Руслан Ибрагимов, Мадиёр Ўразбоев билан жиноий тил бириктирган» деб ёзилган. Савол туғилади: мен қандай қилиб тил бириктирганман? Қаерда ва ким билан гаплашганман? Телефон қўнғироқлари қани? Қандай далиллар бор?..

Экспертизанинг раҳбари келиб, Тажимуратов «7479» рақамли одам билан гаплашган, деди. Мен: «Бу қанақа рақам? Мен уни билмайман», дедим. Далилларни тақдим этишсин…

Далилий ашёларда ҳам мен 1−2 июль кунлари Турданов ва Сметуллаев билан мулоқот қилганим кўрсатилган. Ваҳоланки, бу вақтда, 1 июль куни менинг телефоним канализацияга тушиб кетганди. Шундан сўнг у қайтиб улангани йўқ…

Менинг ҳаракатларим 10 та ҳолатда кўрсатилган бўлса, уларнинг бирортасида ҳам далил-исбот йўқ.