Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар юзасидан ўтказилаётган суд жараёнининг биринчи куни якунига етди. Душанба куни прокуратуранинг айбловлари ўқиб эшиттирилди.

29 ноябрь, сешанба куни томонларнинг фикрлари тингланиб, судланувчиларга сўз берилиши кутилмоқда, дея Бухородан хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов прокуратура томонидан ўқиб эшиттирилган айбловларнинг қисқача мазмунини баён қилди. Улар билан қуйида танишиш мумкин:

Даулетмурат Тажимуратов (чапда)

1. Даулетмурат Тажимуратов (1979 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Ел хизметинде» адвокатлик бюроси адвокати, илгари «Ел хизметинде» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган) уюшган гуруҳ ташкил килиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида 1−2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган;

Лолагул Каллиханова (ўнгда)

2. Лолагул Каллиханова (1989 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Makan» интернет-нашри маъмури) ушбу уюшган гуруҳга бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган;

3. Азамат Турданов (1984 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, Нукус олимпия захиралари коллежи директори) 1−2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларни иштирок этишини таъминлаган ва Даулетмурат Тажимуратовни елкасига ўтказиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борган;

4 ва 5. Аҳмет Сметуллаев (1993 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, Чимбой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси) ва Даўлетмурат Джиемуратов (1984 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Қораўзак Саҳиб» МЧЖ директори) 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистон туманларидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам фаол иштирок этиб, Даулетмурат Тажимуратовни қўллаб-қувватлаганлар;

6. Бахтияр Кадирбергенов (1986 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Ayama» веб-сайти маъмури, блогер) одамларни оммавий тартибсизликка жалб қилиб, Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропорти биноларини босиб олишга даъват қилган;

7. Байрам Сейтниязов (1967 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ишсиз) Қозоғистондаги «Аллаяр жўли» диаспора аъзоси бўлиб, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришга ва Даулетмурат Тажимуратовни қўллаб-қувватловчи баннерлар тайёрлашга ёрдам берган;

8. Аллабай Тоқимбетов (1973 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, норасмий тарзда имомлик билан шуғулланган) 2 июль куни Хўжайли туманида йиғилган одамларга Қорақалпоғистон мустақил бўлиши лозимлигини маълум қилиб, уларни оммавий тартибсизликка даъват қилиб, уларга етакчилик қилган;

9. Қаҳарман Сейтимов (1972 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, тадбиркор) 2 июль куни Қораўзак туманида одамларни тўплаб, уларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, уларга етакчилик қилган;

10. Азамат Нуратдинов (1989 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, Мўйноқ туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси, блогер) 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;

11. Сейдабулла Медетов (1989 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қозоқ, «Келешек ушун» фермер хўжалиги раҳбари) 2 июль куни Шуманай туманида одамларни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи материалларни тарқатиб келиб, оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;

12. Нурлан Найипов (1968 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қозоқ, нафақахўр) 2 июль куни оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи видеомурожаат тайёрлаб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган;

13. Полат Шамшетов (1977 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси бўлими бошлиғи) 2 июль куни одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилган ва ўзи ҳам уларда фаол иштирок этган;

14. Разбек Бекмуратов (1992 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, Қорақалпоғистон Давлат университети ўқитувчиси) 2 июль куни «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказиб, «ПМ» маркали пистолетини олиб қўйган;

15. Султанбек Каипов (1992 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ишсиз) 2 июль куни «Наупир» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун сафарбар қилинган Миллий гвардия ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан-жароҳат етказган. Бундан ташқари, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеомурожаат тайёрлаб, уни тарқатиш мақсадида сақлаб келган;

16. Бердах Генжебаев (1996 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ишсиз) 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда Фарғона вилоятидан келган ўзбек миллатига мансуб 3 нафар шахсни тўхтатиб, уларга тан-жароҳати етказиб, 3,6 млн сўм миқдоридаги пулларини ва қатъий ҳисобдаги ҳужжатларини босқинчилик йўли билан олиб куйган;

17. Саламат Калилаев (1976 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ишсиз) 2 июль куни Кегейли туманида оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиб, миллатчилик замирида Андижон вилояти ҳокимлиги штабига ўт қўйиб, мулкларини нобуд қилган;

18. Полат Нурниязов (1986 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Сада-Марс» МЧЖ омбор мудири) 2 июль куни Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятини чеклаш мақсадида йўлларни тўсиб, автошина ёқишда етакчилик қилган;

19. Саипназар Калимов (1980 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ЯТМФ билан шуғулланади) 1 июль кунидаги оммавий тартибсизликлар учун маъмурий қамоққа олинганларни озод қилиш мақсадида уларни сақлаш жойига ҳужум қилиб, ўт қўйган;

20. Нурлан Султамуратов (1998 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, ёлланма ишчи) 2 июль куни Нукус шаҳар ИИО ФМБга қилинган ҳужумда фаол иштирок этиб, дарахт ёқиб, йўлларни тўсган;

21. Арислан Темирханов (1986 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, «Устюрт геофизика» корхонаси қўриқчиси) 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Хўжайли гузари кўчасида «Молотов коктейли»дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган;

22. Амирбек Адилбеков (1993 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати — қорақалпоқ, суғурта компанияси мутахассиси) 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Тўрткўл гузари кўпригида «Молотов коктейли»дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари фаолиятига қаршилик қилган.