Тошкент ҳокимлиги ўтган йили транспорт муҳандиси Александр Девяткин билан бирга шаҳардаги бир қатор кўча ва чорраҳаларни реконструкция қилишда иштирок этиш учун таклиф қилган урбанист Аркадий Гершман навбатдаги — Келес йўли кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасидан хафсаласи пир бўлганини маълум қилди.

«Тошкентнинг навбатдаги йўл лойиҳасини кўриб, додлаяпман — лойиҳадан лойиҳага бир хил хатоларни такрорлашяпти. Биз ҳаммани ишларни нормал (яхши эмас, нормал) қилишга кўндириш учун кўплаб йиғилишларда кунни кеч қилдик, кўп нарсалар ҳатто ўхшади ҳам, аммо бу одат тусига кирмади», — деб ёзди мутахассис Telegram’даги «Одамлар учун шаҳар» каналида.

У лойиҳанинг очиқ кўриниб турган камчиликларини санаб ўтди:

  • «Жамоат транспорти учун ажратилган бўлак чорраҳага келганда бурилиш учун мўлжалланган бўлакка қўшилиб кетади — автобуслар сўнгги лаҳзада автомобиллар оқимининг ичига қўшилишига тўғри келади. Бу ерда парковка ва ҳовлиларга кириш муаммосини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Умуман олганда, белгиларни ўрнатиш ва (автобус учун) „А“ деган чизиқни чизиб қўйиш билан аҳвол яхши бўлиб қолмайди».
  • «Бу ерда куйган ер бўлади, ахир йўл бўйида ҳозир турган дарахтлар ўрнини асфальт-бетонли майдон эгаллайди. Манзарали буталар Тошкент иқлимида сув ва ҳаводек зарур бўлган сояни бера олмайди. Пиёда ва йўловчилар иштирокидаги суратлар айниқса кулгили — соя бўлмаса, эси бор одам ҳаётда бу ерга суқилмайди. Ўз навбатида, келгусида бу ерга дарахтлар ўтқазиб бўлмайди, чунки барча коммуникациялар тротуар остига ўтказилади — қўриқланадиган ҳудудлар дарахт экишга имкон бермайди. Ариққа тушадиган юклама ҳам ортади, ахир сув асфальт ва бетон орасига шимилиб кетишни билмайди».
  • «Ҳаммаёққа узундан узоқ стоп-чизиқлар тортиб ташланган, бунинг оқибатида светофорнинг ҳар бир фазасини узайтириш керак бўлади, ахир машиналар узоқроқ масофани босиб ўта олиши керак-ку. Оқибатда мутлақ ҳамма ўзининг яшил чироғини узоқроқ кутишга мажбур бўлади — бу эса ўтказувчанлик имкониятини пасайтиради. Айни вақтда бу ерда хавфсизлик оролчалари ҳам бор, ўтиш жойларини ўша оролчалар орқали ташкил қилиб, стоп-линияларни олдинроққа суриш мумкин эди, аммо бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмаган».
  • «Янги ҳаракатланиш бўлаклари улар аслида керак бўлмаган жойда пайдо бўлмоқда. Афтидан, лойиҳа муаллифларининг асосий вазифаси қурилиш бюджетини имкон қадар шишириш бўлган, шекилли. Ўзингиз шунчаки ўйлаб кўринг: агар бир фазада кўча бўйлаб уч қатор машина келаётган бўлса, бошқа фазада икки қатор бўлса, светофордан кейин бешта ҳаракатланиш бўлаги қуриш керакми? Йўқ, албатта, ахир трафик вақтида фақат учта ҳаракатланиш бўлаги банд бўлади, холос. Бу бор-йўғи битта мисол».

«Бу — кўчани машиналар учун кенгайтириш жараёнини қандайдир замонавий нарса, деб кўрсатиш бўйича навбатдаги уринишдир. Автобус ва пиёдаларга устуворлик берилиши ҳақидаги таъкидлар эса шунчаки эртакдан бошқа нарса эмас», — дея хулоса қилди урбанист.

«Ваҳоланки, тезюрар автобус учун йўл марказидан коридор солиш, дарахтлар экиб, кўчани ҳамма учун қулай ва хавфсиз қилиш мумкин эди, аммо Тошкент раҳбарлари бунга мутлақо тайёр эмас», — дея қўшимча қилган Аркадий Гершман.

Масала тарихи

Келес йўли кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасини Grand Road Tashkent компанияси амалга оширади, лойиҳаловчи сифатида эса Allegro Develop Project кўрсатилган. Ўзбекистон пойтахти сўнгги йилларда амалга оширилган энг йирик ва баҳсли йўл реконструкция қилиш лойиҳалари — Фарғона йўли, Аҳмад Дониш, Навоий кўчалари, бетон тротуарлар ва велойўлакчалар қуриш ишлари айнан Grand Road Tashkent томонидан амалга оширилган. Ушбу лойиҳалар аввалбошдан танқид қилинган, уларни ҳамон танқид қилишмоқда, аммо расмийлар бу танқидларга эътибор қаратаётгани йўқ.

Навоий кўчаси реконструкция қилиниши маълум бўлгач, «Газета.uz» пойтахтда шаҳар муҳити ёмонлашишда давом этаётганига эътибор қаратишни сўраб, Ўзбекистон президентига мурожаат йўллаганди.

Шундан сўнг ҳокимлик дарҳол матбуот анжумани уюштирган, унда ҳокимнинг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов расмийлар аҳоли билан маслаҳатлашмаслигини, бу жараён кўп вақт олишини маълум қилган эди. Бундан ташқари, тадбирда «аҳоли мутахассис эмас», деган мазмунда баёнот ҳам берилганди.

Журналистлар ҳокимнинг биринчи ўринбосарига кўчаларни реконструкция қилишда устуворлик ўтказувчанликка эмас, балки йўловчи ташиш имкониятини оширишга қаратилиши кераклигини тушунтиришга уринган, аммо бу уринишлар самара бермаган. Бахтиёр Раҳмонов Фарғона йўлининг нимаси ёмонлигини кўриш учун у ерда журналистлар билан бирга сайр қилишга ваъда берган, бироқ бу ваъдасининг устидан чиқмаган.

Кўп ўтмай пойтахт ҳокимлиги таниқли россиялик урбанист Аркадий Гершман ва транспорт муҳандиси Александр Девяткинни таклиф қилгани маълум бўлди. Навоий кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси қайта кўриб чиқилди (мутахассисларнинг ўзи эса лойиҳага кеч қўшилганликлари боис реконструкция қилинаётган биринчи чорраҳани лозим даражада ўзгартира олмаганликларини таъкидлади).

Энди Гершман ва Девяткин иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжуманида келгуси реконструкциялар учун пиёдалар хавфсизлиги ва жамоат транспорти устуворлиги асосий тамойиллар сифатида белгилангани маълум қилинди. Шаҳар учун соатига 50 километрлик тезлик энг мақбул тезлик экани илк бор расман айтилди. Навоий кўчаси айнан шу тезликка мослаб лойиҳалаштирилаётгани маълум қилинди (ушбу кўчада тезлик ҳали ҳам пасайтирилгани йўқ).

Россиялик мутахассислар Халқлар дўстлиги майдони олдидаги мураккаб чорраҳа реконструкциясида ҳамда мактаблар ва болалар боғчалари олдида транспорт ҳаракатини сокинлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда қатнашаётган эди (ушбу лойиҳа ҳозир қайси босқичда экани номаълум).

Аркадий Гершман лойиҳаларнинг бориши ҳақида мунтазам хабар бериб турганди (у кўпинча бу ишни Тошкент ҳокимлиги ўрнига бажараётганди) ва расмийлар барча таклифларни ҳам қабул қилмаётгани, кўплаб ечимларни узоқ вақт ҳимоя қилишга тўғри келаётганини яширмаётганди.

«Тошкентда кўчаларни инсонийлаштириш имконияти пайдо бўлди», — деб ёзганди «Газета.uz» таниқли урбанистнинг Ўзбекистонда иш бошлагани ҳақида хабар бераркан. Пойтахт расмийлари бу имкониятдан ё тўлиқ фойдалана олмади, ёки фойдаланишни хоҳламади.