Тошкентда Ўзбекистонда илк бор мактаблар олдида транспорт ҳаракатини сокинлаштириш бўйича шаҳар дастури қабул қилиниши мумкин. Тажриба лойиҳасини ишлаб чиқишда россиялик мутахассислар — урбанист Аркадий Гершман ва транспорт муҳандиси Александр Девяткин иштирок этмоқда.

Аркадий Гершман ўзининг Telegram-каналида лойиҳа тафсилотларини келтириб ўтди. «Барчасини ишга туширишнинг уддасидан чиқилса, кўплаб ҳаётларни сақлаб қолиш мумкин бўлади», деб ёзди у.

Мутахассис Тошкентга «асосий мақсади қурбонлар ва жабрланувчиларни камайтириш бўлган, қолган барчаси ушбу мақсадга хизмат қиладиган шаҳар лойиҳаси керак"лигини яна бир бор таъкидлади. Vision Zero`га ўхшаш, ҳеч бўлмаганда бошланғич даражада.

Дастлабки босқич сифатида «жисмоний усуллар билан ҳайдовчилар тасодифан болани босиб кетмаслиги учун» мактаблардан зоналарни олиш таклиф қилинди. Фуқароларга ноқулайлик туғдирмаслик ва ечимлар тўлиқ жорий этилгунга қадар уларни синовдан ўтказиш мақсадида лойиҳа биринчи босқичда «арзон ва тезкор усулда: белгилар, устунчалар, нотекисликлар ва бошқа вақтинчалик ечимлар билан амалга оширилади. Буларнинг барчаси бир неча соат ичида чанг ва шовқинсиз ўрнатилади. Мазкур усул тактик урбанизм деб номланади.

«Мактаблар олдида тажриба зоналари учун манзиллар қидирар эканмиз, Мойқўрғон кўчасига эътибор қаратдик: бу ерда марказда бир гуруҳ мактаблар ва болалар боғчалари жойлашган, улар ўртасидан эса катта кўча ўтган совет даври намунавий лойиҳаси ўрин олган. Бу ерда, ҳатто [Yandex.Maps] панорамаларида ҳам ҳамма нарса қанчалик ёмон эканини кўриш мумкин, оёқ излардан эса, одамларнинг оммавий равишда [кўчадан] югуриб ўтишларини кўриш мумкин. ЙТҲлар харитасини очсангиз (ҳозирча у омма учун ёпиқ), бутун кўча — ягона улкан авария зонаси», — деб ёзди Аркадий Гершман.

Yandex.Maps панорамалари. Фото: Аркадий Гершман.

Шу сабабли, мутахассислар кўчанинг ортиқча йўлаклар керак бўлмаган жойларини торайтиришни таклиф қилишди: «кўришни таъминлаш учун қаердадир буфер зонаси пайдо бўлади, дўконлар олдига хавфсизлик ороллари, асосий диққатга сазовор жойлар ўртасига ўтиш жойлари ва бошқалар ётқизилади». «Ўтказувчанлик пасаймайди, чунки чорраҳалар олдида кенгайиш бор», деб тушунтирди у.

«Мактаблар бўйлаб дизайн ва белгилар билан 20 км/соат тезлик чегараси белгилаб чиқилади, бироқ кўча умуман олганда ҳамма учун қулайроқ ва хавфсизроқ бўлиши керак. Биз мактаб яқинидаги ҳудуддан бироз четроққа чиқдик, чунки кўча шунчаки нимадир қилиш кераклиги ҳақида фарёд урарди, аммо бунинг плюс томони ҳам бор: бир жойда деярли барча мумкин бўлган ечимларни ишлаб чиқиш мумкин», — дея қўшимча қилди мутахассис.

Йўл ҳаракатини тинчлантириш схемалари: пиёдалар ўтиш жойлари олдидан қатнов қисмини бир қаторгача торайтириш учун устунчалар ўрнатиш ва ҳаракат траекториясини қийшайтириш, ўтиш жойлари олдидаги нотекисликлар, тезликни 20 км/соатгача чеклаш белгилари. Фото: Аркадий Гершман.

«Барча бундай қарорларга кўникиши ва зарурлигига ишониши учун бир нечта майдончаларни танлаб олдик — 1 сентябргача уларни топширишга улгуришади, деб умид қиламан. Кейинчалик тузатишлар учун маълумотлар ва фикр-мулоҳазалар йиғилади. Яхши кетадиган бўлса, транспорт оқимини сокинлаштириш ҳамда мактаблар ва [болалар боғчалари]га хавфсиз ёндошувларни ташкил этиш бутун шаҳар бўйлаб ёйилади: президент тасдиғини олиш, бюджетдан маблағ ажратиш, транспорт схемаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва хизмат кўрсатиш. Кейин эса вақтинчалик ўрнатилганларни доимийларига алмаштириш мумкин бўлади, лекин барча эҳтимолий хатоларни ҳисобга олган ҳолда ва маҳаллий аҳолини шокка туширмаган ҳолда», — деди Аркадий Гершман.

Шунингдек, у сўнгги ойларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоаси ўтган йиллардаги йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланаётганини айтди. Шаҳарда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги вазият кескин. «Маҳаллий трасса-кўчаларини ҳисобга олсак… ҳатто Яндекс.Панорамаларга кирсангиз ҳам, ҳар бир кўча худди учиш-қўниш йўлаклари сингари кимларнингдир йўллардан қандай ўтиб кетаётгани суратларини кўриш мумкин — худди шу ҳолатни кечқурун ва уйқусираган ҳайдовчилар билан бирга тасаввур қилиш учун фантазияларга берилиш шарт эмас», — деб ёзади урбанист.

Мойқўрғон кўчаси Тошкент ЙТҲ харитасида. Фото: Аркадий Гершман.

«Аммо хавф ҳақида тажрибали равишда тахмин қилиш бошқа, ҳар бир нуқтасида вайрон бўлган тақдирлар битилган харитадаги аниқ маълумотлар — бошқа», — деди у. Таҳлилчиларнинг мавжудлиги келажакда бутун шаҳар даражасида тўғри қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Саратов мисолида тактик урбанизм усули билан ҳаракат хавфсизлигини ошириш. Фото: Аркадий Гершман.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида илк бор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва боғчалар олдида транспорт тезлиги 30 км/соатдан ошмаслигини айтган эди. Шунингдек, у Тошкент марказида транспорт тезлиги 50−60 км/соат дан ошмаслиги, умуман, республиканинг аҳоли гавжум ҳудудларидаги гавжум кўчаларда тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш кераклигини таъкидлади.

Президент фармойишига кўра, апрель ойида янги йўл ҳаракати қоидалари қабул қилинди, бироқ унда аҳоли пунктларида стандарт максимал тезлик бир хил — 70 км/соат қилиб белгиланди. Катта шаҳарларнинг айрим жойларида уни соатига 60 км гача камайтиришга фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича республика комиссияси рухсат беради. Мактаблар ва болалар боғчаларида тезлик чегараси 30 км/соат, лекин ҳамма жойда эмас, балки фақат белгилар мавжуд бўлса. Аҳоли пунктларида тезлик чегараси 30 км/соатдан 20 км/соатгача пасайтирилди. Айни пайтда, кўплаб дунё пойтахтларида 50 км/соат тезлик узоқ вақтдан бери барча кўчалар учун стандарт бўлиб келган, айланма йўлдан ташқари, марказий қисмларда эса 30 км/соат.