Таҳририят эслатмаси: Имкониятни қўлдан бой бермаслик керак

Тошкентда, демак, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам, кўчаларни инсонпарвар ва хавфсизроқ қилиш учун реал имконият пайдо бўлди. Ва бу имкониятни қўлдан бой бермаслик керак. Чунки бу ишлар анча йиллар олдин қилиниши керак эди. Зеро яққол кўриниб турган муаммоларни эътиборсиз қолдиравериш вазиятни янада ёмонлаштиради.

Президентнинг Ўзбекистондаги йўл ҳаракати хавфсизлиги аянчли аҳволда экани ҳақидаги маърузасидан сўнг пойтахтда Vision Zero (ЙТҲларда ўлим даражасини нолга тушириш) концепциясини амалга ошириш бўйича ишлар жадаллаштирилди. Тошкент ҳокимлиги таклифига биноан шаҳарга машҳур рус урбанисти Аркадий Гершман ташриф буюрди. Бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт давомида у ҳамкасби Александр Девяткин билан аввалроқ жамоатчилик танқидига учраган Алишер Навоий кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасини такомиллаштиришда иштирок этди.

Реконструкция қилинган чорраҳаларни ўрганиш ҳамда ҳокимлик, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирокидаги муҳокамалар натижаларига кўра, пиёдалар хавфсизлигини сезиларли даражада ошириш, улар ва ҳайдовчилар учун қулайликлар яратиш ҳамда «асфальт саҳроларини» тартибга келтириб, жамоат транспортининг устуворлигини таъминлаш, шунингдек, ўтказувчанлик қобилиятини сақлаб қолган ҳолда ҳаракатни сокинлаштириш имконини берувчи ечимлар топилди.

Пойтахтнинг бошқа кўча ва чорраҳаларини реконструкция қилишда қўлланиладиган ягона меъёр ва қоидаларнинг ишлаб чиқилгани муҳим ютуқ бўлди. Бу яқинда қайта қурилган ва реконструкцияси катта танқидларга учраган Аҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. 15 март куни ҳокимликда бўлиб ўтган йиғилишда Аркадий Гершман ва лойиҳанинг бошқа иштирокчилари режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида маълум қилишди.

Аввалроқ «Газета.uz» урбанист билан суҳбатни эълон қилган, интервьюда у нима учун шаҳарликлар билан муҳокама қилинмасдан ҳеч қандай қарорни қабул қилиб бўлмаслиги ҳамда тизимли ёндашув, тушуниш ва узоқ муддатли режалаштиришсиз вазиятни яхшилаш мумкин эмаслигини сўзлаб берган эди. Ҳокимлик лойиҳаларни муҳокама қилиш жараёнига жамоатчиликни ҳам жалб этишга ваъда берди (бундан олдин ҳокимлик раҳбарияти вакили бу нарса вақт олишини айтганди).

«Шаҳар ўз аҳолисини ўлдирмаслиги керак»

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа бошқармаси бошлиғи Мурод Обидовнинг айтишича, Навоий кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасига қарши билдирилган даъволардан сўнг, нафақат ушбу лойиҳа, балки Тошкент транспорт тизимини такомиллаштиришга ёндашувни бутунлай қайта кўриб чиқишга қарор қилинган. Бунга чет эллик мутахассислар, жумладан Аркадий Гершман ҳам жалб қилинган. У билан меморандум тузилиб, шу асосда эксперт ўз хулосаларини берди.

«Асосий тамойиллар — Навоий кўчаси бўйлаб алоҳида йўлакларни ташкил этиш орқали жамоат транспортининг устуворлигини таъминлаш, шу жумладан барча чорраҳаларда уларга устунлик беришдан иборатдир. Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хавфсизлик ороллари жорий этилмоқда ва пиёдалар қулайлиги учун светофор фазалари қайта ўрнатиб чиқилмоқда. Бу масалаларнинг барчаси янгиланган лойиҳада ўз аксини топган», — деди у.

Аркадий Гершман. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Аркадий Гершман ўз сўзини Тошкент транспорт инфратузилмаси асосан совет даврида шаклланган шаҳар сифатида «модернистик тараққиётнинг классик муаммоларидан азият чекаётгани — асосий кўчалар шаҳар ташқариси йўллари меъёрлари асосида қурилган"идан бошлади. Оммавий автомобиллашиш бошланганидан сўнг кўчалар тез-тез аварияларни келтириб чиқарган ҳолда транспорт юкига яхши дош бера олмай қолган.

«Россияда одатда бундай муаммони кундузлари дунёдаги энг кенг тирбандлик, кечалари эса ўлим магистраллари, деб аташади», — деди у.

Навоий кўчаси лойиҳасида аллақачон бошланган лойиҳага «бир томондан шусиз ҳам меъёрида ёки ҳатто ортиқча бўлган ўтказувчанлик қобилиятини таъминлаш, иккинчи томондан эса ҳаракатни хавфсизлаштиришга қаратилган қўшимча элементларни» киритишга уриниб кўрилган. Мутахассис лойиҳани яхшилашда фойдаланилган учта асосий усулни тавсифлаб берди: хавфсиз пиёдалар ўтиш жойлари, асфальт майдонларини инсонийлаштириш ва зиддиятли нуқталарни бартараф этиш.

1. Хавфсиз пиёдалар ўтиш жойлари

«Хавфсиз пиёдалар ўтиш жойлари ҳар қандай транспорт инфратузилмасининг асосидир», — деб таъкидлади Аркадий Гершман.

«Пиёда ҳаракатнинг энг ҳимоясиз иштирокчисидир… Янада аниқроғи — ҳар биримиз асл моҳияти бўйича пиёдамиз. Ҳатто автомобилда ҳаракатлансангиз ҳам, барибир пиёда бўлиб қолаверасиз: тўхташ жойидан дўконга, уйингизга, ишга ва бошқа жойларга пиёда боришингиз керак-ку».

«Шаҳар ўз аҳолисини ўлдирмаслиги керак. Айнан шу мақсадда ҳайдовчилар ёки пиёдалар хатосини тўғрилашга мўлжалланган хавфсиз инфратузилма яратилмоқда», — деди эксперт.

Асосий қоидалардан бири — одамлар юрадиган пиёдалар ўтиш жойларини барпо этишдир. «Бунинг учун тортиш нуқталарини ҳисобга олиш ва энг қисқа траектория бўйлаб пиёдалар инфратузилмаларини ўрнатиш керак. Мен тушунаман, бу кўпчиликни шокка тушириши мумкин… Аммо бундай қилинмаса, мамлакатингизда одамлар қурбон бўлаверади».

У қуйидаги мисолни келтирди: «Париждаги Елисей майдонида ҳам 10 та қатор мавжуд, яъни у ҳам жуда катта магистраль ҳисобланади. Бироқ йўл кўчалар нормативлари асосида барпо этилган, у ерда пиёдалар ўтиш жойлари, чорраҳалар тахминан ҳар 200 метрда келади».

Кўчаларни реконструкция қилишда буни ҳисобга олиш керак. Кўпгина ҳолларда, айниқса, мактаблар ва ижтимоий объектлар ҳудудида «пиёдалар инфратузилмасини нолдан қуриш керак бўлади».

«Болалар — улар доимо югуришади, улар катталар томонидан ёзилган қоидаларга риоя қилмайдилар, чунки улар бола-да… Айнан шу хавфсиз инфратузилманинг вазифасидир», — дея таъкидлади Аркадий Гершман.

Кўпгина постсовет шаҳарлари каби Тошкентдаги яна бир катта муаммо, бу — ер усти ва ерости пиёдалар ўтиш жойлари. Ушбу ечим шаҳар ташқарисида, магистрал йўлларда яхши ишлайди, лекин кўчаларда эмас. Натижада кўп сонли одамлар кўчани ер орқали кесиб ўтишда давом этмоқда.

«Улар қандайдир ёмон одамлар эмас, бу менталитет эмас, бу иқлим ҳам эмас. Биз ҳаммамиз шундай яралганмиз — асрлар ва минг йиллик эволюция давомида ҳар биримизда жуда оддий ёндашув шаклланган: биз қувватимизни тежашга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун биз айлана бўйлаб юрмаймиз, биз энг қисқа ва энг оддий траектория бўйлаб ҳаракатланамиз. Ва шунинг учун бундай жойларда одамлар бунинг учун бўшлиқлар бўлса, уларга хавфсиз шароитлар бордек туюлса, ҳар доим йўлни ер орқали кесиб ўтишади», — деди эксперт.

Бу муаммони турли йўллар билан ҳал қилишга уринишмоқда, аммо якунда шаҳарлар одамларни жазоламаслик, панжаралар ўрнатмаслик, белгилар қўймаслик, шунчаки, бундай жойларга оддий «зебра"лар қилиш керак деган хулосага келишди, деди у.

«Биз ҳали ҳам замонавий шаҳар бўлишни хоҳлаётганимизни унутмаслигимиз керак. Менимча, ҳар қандай шаҳарнинг аҳолиси уни замонавий шаҳар деб айтишни хоҳлайди. Ва замонавий шаҳарнинг қадриятлари орасида қулай муҳит ҳам мавжуд. Шундай қилиб, ҳар бир киши, истисносиз, шаҳардан тўлиқ мустақил фойдалана олиши учун. Ер усти ва ер ости йўллари эса буни имконсиз қилади… Биргина ер ости ўтиш жойи шаҳардаги тўлақонли ҳаётдан шунчаки узиб ташлаши ҳам мумкин», — деди урбанист.

Шунинг учун барча ер ости ва ер усти ўтиш жойларини ер бўйлаб такрорлаш таклиф этилмоқда. Албатта, бунинг учун жойида ўрганиш амалга оширилади.

Лойиҳа устида ишлаш жараёнида киритилган муҳим қоида шундан иборатки, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари фақатгина биттадан ортиқ ҳаракат йўлаги бўлмаган жойларда бўлиши керак. «Бундай ўтиш жойи хавфсиз, чунки ҳайдовчи ўз вақтида керакли одамни, хоҳ пиёдалар йўлаги, хоҳ бошқа йўлакдан бўлсин, кўра олади. Кўриш майдони максимал даражада таъминланади. Шунинг учун ҳайдовчи ўз вақтида реакцияга билдириши мумкин».

«Маълумки, йўл ҳаракати қоидаларига кўра, бундай чорраҳаларда битта машина тўхтаса, қолган барча машиналар ҳам тўхташи керак. Аммо биз ҳаммамиз инсонмиз ва барчамиз хато қилишимиз мумкин. Ва агар ҳайдовчи нотўғри тушунган бўлса, пайқамаса, бошқа томонга қараса, бу ҳолат фожиали вазиятларга олиб келмаслиги керак. Шунинг учун, агар бир нечта йўлак бўлса, у ҳолда светофор ўрнатилиши керак. Бу хавфсизлик масаласи», — деди Аркадий Гершман.

Аркадий Гершман тақдимотидан олинган сурат.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, техник топшириқларга ўзгартиришлар киритилди ва энди пиёдалар ўтиш жойлари контракт ёритгичи билан бўлади. «Бу дегани ёруғлик ҳарорати бошқача бўлади, ҳайдовчилар тунда ўтиш жойларида пиёдаларни яхшироқ кўра оладилар… Бу деярли барча ривожланган мамлакатларда қўлланиладиган оддий қоида. Бу Навоий кўчасида ҳам пайдо бўлишига ишонишни хоҳлайман».

2. Асфальт майдонларини инсонийлаштириш

Сўнгги йилларда шаҳарлардаги майдонларнинг вазифаси жамоат майдонидан транспорт боғламаларига трансформация қилинди, дея давом этди Аркадий Гершман. «Тошкент мисолида айрим майдонлар бир неча массивлар ҳудудини эгаллаб олган ва машинада бўлмаган одамнинг ундан ўтиши жуда қийин. Ҳатто машинадаги одамлар учун ҳам бундай катта асфальт саҳролари маълум бир қийинчиликдир».

Москвадаги собиқ асфальт саҳросидаги майдон. Аркадий Гершман тақдимотидан олинган сурат.

Мутахассис Москва марказидан мисоллар келтирди. Ушбу шаҳарда авваллари баъзи майдонлар бутунлай асфальт билан қопланган бўлган ва улар автотураргоҳли боғламаларга айлантирилган. Реконструкция ва ҳаракат йўналишлари ажратилганидан кейин улар шаҳар майдонларига ўхшай бошлади. Шу билан бирга, ўтказиш қобилияти сақланиб қолган. Автотураргоҳлар ҳам сақланиб қолди, лекин пуллик бўлди.

«Кутилмаганда маълум бўлдики, авваллари ҳеч кимга жой етмаган, иккинчи, учинчи қаторларга туришга тўғри келган бўлса, пуллик тўхташ жойини ташкил қилишлари биланоқ жой ҳаммага етишни бошлаган. Шунчаки, бутун кунга келадиганлар жамоат транспортида қатнай бошлади». «Ҳозир бу ер танклар паради ўтказиладиган жойга ўхшамайди», — дея қайд этди мутахассис.

Москва марказидаги ободонлаштириш ишларини мисол қилиб келтирар экан, у шундай деди: «Биз кўчаларга йўл сифатида ёндашишни тўхтатсак ва уларга кўча сифатида, одамлар яшайдиган, учрашувлар тайинлайдиган, болалар билан юрадиган жамоат ҳудудлари сифатида, шунчаки қулай шаҳар сифатида ёндашсак, шаҳарни нақақат транспорт нуқтаи назаридан, балки экологик жиҳатдан ҳам хавфсизроқ қилиш мумкин бўлади».

«Асфальт майдонлари экологияга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Сув ерга сингмайди, ёзда улар қизийди, буғланиш содир бўлади ва шаҳар товага айланади. Агар экотизим яратсак, дарахтлар, ўтлар ва буталар эксак, демак, бизда экологик жараёнлар яхшиланади, ёзда соялар пайдо бўлади. Ва такрор айтаманки, ўтказиш қобилияти ва барча йўналишлар сақланиб қолади».

3. Зиддиятли нуқталарини бартараф этиш

Ҳозир Тошкентдаги аксарият чорраҳаларда светофорнинг фақат иккита фазаси мавжуд. Шу сабабли чапга бурилиш қилинган жойларда низолар пайдо бўлмоқда. Бу, айниқса, машиналарни бир неча қатордан буришда хавфлидир. Улар тўғрига ҳаракатланадиган йўлакларни эгаллаб, бошқаларнинг ўтишини қийинлаштирмоқда.

«Зиддиятли нуқталарни олиб ташласак, ўтказувчанлик қобилияти бироз пасайиши мумкин, аммо натижада хавфсизроқ муҳит пайдо бўлади. Хавфсиз муҳит ҳам тирбандликларни бартараф этиш усулларидан биридир. Чунки кўчаларингиз, йўлларингиз, боғламаларингиз низоларни келтириб чиқарса, аварияларга дуч келишингиз мумкин. Авариялар эса тирбандлик демакдир», — дея қайд этди Аркадий Гершман.

«Хавфсизлик, хавфсиз пиёдалар муҳити ва автомобилчилар учун хавфсиз муҳит учун курашиш орқали биз тирбандликларга ҳам қарши курашмоқдамиз. Шу боис, дунёнинг деярли барча ривожланган шаҳарларида биринчи ўринда хавфсизлик, шундан кейингина ўтказувчанлик қобилияти келади», — деди у.

Аркадий Гершман тақдимотидан олинган сурат.

Чапга бурилишдаги зиддиятли нуқталар муаммосини жисмоний жиҳатдан алоҳида йўналиш ташкил қилиш орқали ҳал қилиниши мумкин (юқоридаги расм). «Бундай чорраҳага яқинлашганда, ҳайдовчи чап йўлак фақат бурилиш учун эканлигини, у ерга жисмонан тўғрига юра олмаслигини ҳатто йўл белгиларига қарамасдан ҳам дарҳол тушунади. Бу бутун дунё бўйлаб энг самарали ишлайдиган ечимдир», — деди урбанист.

Аркадий Гершман тақдимотидан олинган сурат.

Чапга бурилиш ёки орқага қайрилиб олиш учун тўпланиш зоналарида чўнтак шаклидаги алоҳида йўлаклар ҳам қилинади. Бу тўғрига ҳаракатланадиган ҳайдовчиларнинг қайриладиганлар қаторида қолиб кетишининг олдини олади — «бу чорраҳаларнинг самарадорлигини пасайтиради, светофорларнинг самарадорлигини пасайтиради ва зиддиятларни келтириб чиқаради».

Аркадий Гершман тақдимотидан олинган сурат.

Навбатдаги мисол — ўнгга бурилиш билан. Бу ердаги кўчада ҳаракатланиш ва машина қўйиш учун фақат битта йўлак бор ҳамда чорраҳада локал кенгайтма мавжуд. Бундай услуб чорраҳанинг ўтказувчанлигини сақлаб қолган ҳолда трафикни сокинлаштиришга имкон беради. «Тошкентда кўплаб кўчаларда асосий қисмини шу тарзда торайтириб, чорраҳалар олдига кенгайтмалар қолдириш мумкин. Бу ўтказиш қобилиятини камайтирмайди, бироқ адекват чўнтак тўхташ жойлари ёки ажратилган йўлакларни яратиш имконини беради», — деди эксперт.

Цирк олдидаги чорраҳа реконструкцияси

Ҳозирда Цирк олдидаги асфальт саҳроси. Яндекс хариталар.

Навоий кўчасидаги энг мураккаб чорраҳалардан бири Цирк олдида жойлашган. Бу ерда фақатгина ўнгга бурилиш мумкин. Лойиҳа чапга бурилишларни қайтаришни назарда тутади, «қўшимча уланишлар пайдо бўлиши учун, камроқ масофа босиб ўтилиши учун», деди Аркадий Гершман.

Цирк олдидаги чорраҳани реконструкция қилиш лойиҳаси. Фото: Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Светофорли тартибга солиш доирасида пиёдалар ўтиш жойларини барпо этиш мумкин бўлди… Умуман олганда, барча [йўл ҳаракати иштирокчилари] учун қулай ва уйғун бўлиши учун муросага келиш мумкин бўлди». Ҳатто автобуслар учун Чорсу бозоридан чиқиш имкони юзага келди.

Хавфсиз оролчалари ва йўналтирувчи оролчалар ёрдамида «жисмоний жиҳатдан улкан ҳудуд» нормал ўлчамгача қисқартирилади. Шундай қилиб, «асфальт майдонидан пиёдалар қаерга ва қандай боришни, қаерга хавфсизроқ тарзда боришни дарҳол билиб олиш мумкин бўлган тушунарлироқ чорраҳага эга бўламиз. Автомобилчилар ҳам ҳаракатланиш вақтини тежаш имкониятига эга бўладилар, жамоат транспорти эса устувор бўлади», — деди эксперт.

Чорсу олдидаги чорраҳа реконструкцияси

Ҳозирда Чорсу майдонидаги асфальт саҳроси. Яндекс хариталар.

Яна бир мураккаб чорраҳа — собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси олди. «Бу ерда ҳам ўша муаммо — ҳозир бу ер, аслида, асфальт билан тўлдирилган улкан майдон».

Чорсу майдонини реконструкция қилиш лойиҳаси. Фото: Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Бу ерда ҳам йўналишлар йўналтирувчи оролчалар ёрдамида ажратилгани навигацияни осонлаштиради. Бундан ташқари, хавфсизлик оролчалари ва светофорлар созламалари ҳисобига бу ерга пиёдалар ўтиш жойини қайтаришга муваффақ бўлинди. Ер ости ўтиш жойи бор, лекин айтганимиздек, шаҳар шароитида ер ости пиёдалар ўтиш жойлари яхши ишламайди. Бу ерда бозор жойлашган ва аравали одамлар кўп, улар ер ости йўлакларидан жисмонан фойдалана олмайдилар, шунинг учун биз уларга хавфсиз шароит яратамиз. Яна такрор айтаманки, буларнинг барчаси транспорт ҳаракати учун ҳеч қандай зарари йўқ», — деди Аркадий Гершман.

«Аввалига, эҳтимол, ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам бунга кўникишларига тўғри келади. Шунга қарамай, бундай ечимлар, бундай ёндашувлар бутун дунёда қўлланилади ва самарали ҳисобланади», — дея хулоса қилди у.

Навоий-Лабзак чорраҳаси қандай бўлади

Қурувчилар Навоий кўчасини реконструкция қилишни Лабзак кўчаси билан чорраҳадан бошлашди. Юқоридаги фотосуратда чорраҳани қандай реконструкция қилиш таклиф этилгани кўрсатилган. «Газета.uz» бундай реконструкция пиёдалар учун ноқулайлик туғдиришини ёзганди. Бироқ қурувчилар ишни тезлаштирдилар ва Навоий кўчасидан орқали битта пиёдалар ўтиш жойини олиб ташлаб, тезда бетондан йўналтирувчи оролчасини ўрнатиб қўйишди.

Ушбу чорраҳага қайта кўриб чиқилган ёндашувларни қўллашга жуда кеч бўлди, чунки ишнинг асосий қисми аллақачон якунланган. Россиялик мутахассислар иштирокида «муросали» ечим топишга муваффақ бўлинди, бироқ бу, бизнинг фикримизча, пиёдалар хавфсизлигини иккинчи планга тушириб қўяди. «Газета.uz» лойиҳасинининг ушбу қисмини қайта кўриб чиқишга ҳали ҳам кеч эмас, деб ҳисоблайди.

«Жамоат транспорти масаласида аҳамиятсиз жиҳатлар йўқ»

Пойтахт маъмурияти ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Алексей Хеннинг маълум қилишича, бошқа барча кўчаларни реконструкция қилишда юқорида қайд этилган тамойиллар қўлланилади. «Биз кўчалар хавфсизроқ бўлиши учун ҳаракат қиламиз», — деди у.

«Асосий мақсадимиз — тирбандликни камайтириш, шахсий транспортдан фойдаланишни камайтириш, — деди Мурод Обидов. — Жамоат транспорти вақт ва қулайлик нуқтаи назаридан жозибадор бўлса, шахсий транспорт ёки таксидан фойдаланадиган аҳолининг маълум бир қисми жамоат транспортига ўтиши керак».

Тошкент Транспорт бошқармаси ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раҳбари Анвар Жўраев бугунги кунда автобуслар етарлича чиқарилмаётганини таъкидлади. «Кунига ўртача 1000 та ўрнига 800 та автобус ишлаб чиқарилмоқда». Президентнинг февралдаги қарорига кўра, жорий йилда 410 та автобус харид қилиниши режалаштирилган бўлиб, 20 та электробус аллақачон етиб келган.

Кейинги йилларда ҳам харидлар давом этади. Аммо «Газета.uz» суҳбатлашган мутахассисларга кўра, шаҳарда фойдаланиладиган автобуслар сони бундан ҳам кўп бўлиши керак.

«Жамоат транспорти — комплекс ва тизимли масала. Бу ерда жуда кўп тафсилотлар мавжуд. Чипталар менюси, маршрутлар қаерда ва қандай бориши, шаҳарда қандай йўналиш турлари мавжуд, нарх сиёсати, ҳатто пиёдалар муҳити — масалан, иссиқ иқлим шароитида кўчаларда соя борми ёки йўқми. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам аҳамиятсиз жиҳатлар йўқ», — деди Аркадий Гершман.

«Энг самарали кўча тезлиги — соатига 50 км»

Йиғилишда биринчи марта давлат органи вакили томонидан рухсат этилган ҳаракат тезлигининг камайиши танқидчиларига жавоб дейиш мумкин бўлган муҳим баёнот берилди.

«60 км/соат ёки ундан кўпроқ тезликда ҳаракатланувчи транспорт воситаси 50 ёки 40 км/соат тезликда ҳаракатланаётган автомобилга қараганда анча кўп жой эгаллайди. Бу илмий жиҳатдан тасдиқланган ҳақиқатдир. Шунинг учун биз ҳаракатни сокинлаштириш ва шу орқали жойни тежаш йўналишида ҳаракат қиляпмиз», — деди Мурод Обидов.

Хавфсизлик оролчалари, светофорлар ва транспорт оқимлари канализацияси худди шу оқимларни «бараварлаштириш» ва уларни тинчлантиришга имкон беради, бу эса асосий мақсад — хавфсизликни оширишга олиб келади.

«Трафикни сокинлаштириш уни секинлаштиришни англатмайди», — деди Аркадий Гершман. «Бу энди ҳамма секин юради, дегани эмас, гарчи улар аввал тез ҳайдашган бўлса ҳам». Тирбандликни сокинлаштириш — бу чорраҳалар орасидаги доимий тезлашиш ва секинлашиш эмас, балки бир хил тезликда ҳаракатланишдир. «Бу ҳақиқатан ҳам вақтни тежайди ва жойни тежайди.»

«Математик ҳисоб-китобларга кўра, энг самарали кўча тезлиги — 50 км/соат. Айнан шу тезликда транспортнинг динамик ўлчами (яъни, транспорт узунлиги + унинг хавфсиз тўхташи учун зарур бўлган масофа — таҳр.) минимал бўлади. Бундан ташқари, шундай тезликда пиёдани уриб юборган тақдирда ҳам, унинг омон қолиш эҳтимоли 60 ёки 70 км / соат тезликдаги транспорт ургандан кўра кўпроқ бўлади», — деди россиялик мутахассис.

«Қатновни сокинлаштириш ва ҳаракат оқимлари канализациясининг бундай усуллари, менимча, келажакда Навоий кўчасини барча учун янада хайрихоҳ қилади», — дея қўшимча қилди у.

Тактик урбанизм

Алексей Хеннинг маълум қилишича, Тошкентдаги кўча ва чорраҳаларда ҳаракат қайта ташкил этишда тактик урбанизм — пластмасса устунлар ва белгилар каби арзон материаллардан фойдаланган ҳолда шаҳар муҳитини тезроқ ўзгартириш усули фаол қўлланила бошланади.

Ушбу усул чорраҳалар ва кўчаларни нотўғри қайта ташкил этиш хавфининг олдини олади. Агар ечим ҳақиқатан ҳам яхши самара берса, кейинчалик йўналтирувчи оролчаларни қуриш, йўлакларни торайтириш ва бошқаларни қилиш мумкин бўлади, деди у.

Мурод Обидов президент қарори билан «капитал» реконструкция қилиниши режалаштирилган 140 та чорраҳага қўшимча равишда шаҳарнинг 26 та асосий кўчасидаги 268 та чорраҳа геометриясини ўзгартириш, шунингдек, ҳаракатланиш фазаларини қайта созлаш бўйича «қурилишдан ташқари ишлар» режалаштирилганини таъкидлади. Худди шу қарорда белгиланган 11 та асосий автобус йўналишлари айнан улар бўйлаб ташкил этилади.

Фарғона йўли ва Аҳмад Дониш билан нима бўлади

«Газета.uz» Фарғона йўли ва Аҳмад Дониш кўчалари яқинда амалга оширилган реконструкциядан сўнг ўта хавфли ва ноқулай бўлиб қолгани ҳақида бир неча бор ёзди. Бу ерда пиёдалар хавфсизлиги ёки жамоат транспортининг ўтишига ҳам устуворлик берилмади, қулай муҳит ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Мухбиримизнинг Фарғона йўли кўчаси ҳақидаги саволига Аркадий Гершман шундай деб жавоб берди: «Афсуски, худди шундай ёндашув қўлланилди — кўча эмас, балки йўл қилишди. Натижада, бир томондан типик, иккинчи томондан эса типик бўлмаган муаммолар вужудга келди».

Унинг қайд этишича, кўчани қайта қуриш қийин, кўп вақт талаб қилади ва қиммат бўлади, зарур ўринларга пиёдалар ўтиш жойларини ташкил қилиш мумкин (баъзи жойларда бу аллақачон қилинган, аммо светофорларсиз эканини бундай кенг кўча учун қабул қилинмас ҳолат). Бундан ташқари, кўчани тактик урбанизм ёрдамида дўстона қилиш мумкин.

«Навоий кўчаси устувор аҳамиятга эга эди, чунки у ерда ҳозир реконструкция кетмоқда ва такомиллаштириш имконияти мавжуд. Қолган кўчалар билан янада пухтароқ ишлаш, қўшимча вақт ва бутун шаҳарда авариявийлик таҳлилини ўтказиш керак», — деди у.

Мурод Обидовнинг маълум қилишича, биринчи навбатда Фарғона йўлида автобус ва электробуслар учун тўлақонли, ишлайдиган махсус линия йўлга қўйилади. Бундан ташқари, мутахассислар бир вақтнинг ўзида камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш устида ишламоқда.

«Алоҳида гуруҳ ЙТҲ нуқталарини таҳлил қилиш устида ишламоқда. Уларнинг барчаси рақамлаштирилган. ЙТҲлар жамланган ҳар бир жой учун индивидуал ечим амалга оширилади», — деди у.

«Аҳмад Дониш» кўчасига келсак, тадбирда маълум қилинганидек, лойиҳа ҳали якунига етмаган ва уни «иккинчи босқич» кутмоқда.

Собиқ Оқтепа айланма йўли қачон инсонийлашади?

Журналистларнинг собиқ Оқтепа айланма йўли ҳудудидаги ўта чалкаш чорраҳа тартибга келтириладими, деган саволига Мурод Обидов бу борада сўнгги бир йилдан бери иш олиб борилаётганини айтди.

«Реконструкция қилишнинг бир қанча вариантлари мавжуд. Бу бешта транспорт артерияси кесишадиган, катта транспорт оқимлари, жумладан, йўловчилар транспорти келадиган жуда мураккаб чорраҳа. Реконструкцияни бошлашдан олдин, яъни якуний лойиҳани тасдиқлашдан аввал биз турли хил ечимларнинг самарадорлигини баҳолаймиз. Ҳозирда тўртта сценарий бор», — деди у. Сценарийлардан бири — айланманинг қайтиши.

«Транспорт боғламалари шаҳар муҳитини ўлдиради»

Муҳокамалар чоғида шаҳарда транспорт боғламаларининг керак-керакмаслиги масаласи ҳам кўтарилди.

«Шаҳарда кўприклар қатъиян қурилмаслиги керак, чунки улар тирбандликни кейинги чорраҳага кўчиради, холос. Шунинг учун тавсия этилмайди», — деди Мурод Обидов.

«Транспорт боғламалари шаҳар муҳитини ўлдиради», — дея қайд этди Аркадий Гершман. «Ҳақиқатан ҳам, шаҳар муҳитида транспорт боғламаси қурсангиз, катта пул эвазига тирбандликни бироз узоқроққа кўчирасиз ва зич марказда, менимча, ҳеч ким боғламага қараган уйда яшашни хоҳламайди. Ҳамма ҳам у ерда дарахтлар, йўлаклар бўлиши, тинч, соя, қушлар сайраб туришини истайди».