«Газета.uz»да пойтахтнинг «Хаст Имом» маҳалласи аҳолиси қаҳратонни қандай ўтказаётгани ҳақида фоторепортаж эълон қилингач, «Ҳудудгаз Пойтахт» корхонаси ва «Олмазортумангаз» бошқармаси ходимлари газ таъминоти билан боғлиқ вазиятни яхшилади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Пойтахт» корхонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Компания вакилларининг қайд этишича, уй хўжаликларидаги газ босимига газдан фойдаланувчи ускуналарнинг — газ плиталари, печлардаги горелкалар ва бошқа қурилмаларнинг техник аҳволи ҳам таъсир қилади. Компания мутахассислари ушбу ускуналарни кўрикдан ўтказган, хусусан, газ таъминоти яхшиланиши учун уларни тозалаб чиққан.

газ таъминоти, совуқ, хаст имом, хастимом, қиш, ҳудудгаз пойтахт

Босим уйнинг газ тақсимлаш пункти (ГТП)дан узоқроқ жойлашгани сабабли ҳам паст бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди «Ҳудудгаз Пойтахт» матбуот хизмати. ГТП яқинида жойлашган хонадонлар газни кўпроқ истеъмол қилади, шу боис унинг тақсимоти бир хилда (тенг) кечмайди.

Шунга қарамай, жойлардаги газ босимининг ўзгариб туриши аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган мовий ёнилғининг умумий ҳажмига боғлиқ.

«Ёзда газ билан боғлиқ муаммолар кузатилмайди, чунки истеъмол ҳажми катта бўлмайди. Бундан ташқари, ёзда газ қувурлардан, ўзининг физикавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, осонроқ ҳам ўтади», — дея қўшимча қилди компания матбуот хизмати.

Аввалроқ пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 13−14 январь кунлари Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ босими кескин пасайиб кетиши кутилаётганидан огоҳлантирган эди. Шу муносабат билан Тошкентда газ-заправкалар ёпилган, корхоналар эса электр ва газ таъминотидан узилган. Ҳоким туман раҳбарларига йўллаган мурожаатида улардан «икки кун туриб бериш»ни сўраган.