Тошкентнинг Эски шаҳари аҳолиси қаҳратонни қандай ўтказмоқда?
Эски шаҳарнинг «Хаст Имом» маҳалласи пойтахтдаги энг кўҳна уйлар жойлашган ҳудудлардан. Бу ерда сомон-сувоқ уйларни, баъзи хонадонларда чўян печларни учратиш мумкин. Совуқлар бошлангач, «Хаст Имом»да газ босими пасайди. Аҳоли қаҳратонни қандай ўтказяпти – Мадина Аъзамнинг фоторепортажи шу ҳақда.
Эски шаҳарнинг «Хаст Имом» маҳалласи пойтахтдаги энг кўҳна уйлар жойлашган ҳудудлардан. Бу ерда сомон-сувоқ уйларни, баъзи хонадонларда чўян печларни учратиш мумкин. Совуқлар бошлангач, «Хаст Имом»да газ босими пасайди. Аҳоли қаҳратонни қандай ўтказяпти – Мадина Аъзамнинг фоторепортажи шу ҳақда.
«Хаст Имом» Тошкентдаги энг кўҳна маҳаллалардан бири. Унинг тузилиши ва архитектураси Ўзбекистон маданияти учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, ҳудуддаги мураккаб маиший аҳвол (оғир турмуш шароитлари) эски маҳаллалар аҳолисини, айниқса, ёшларни бу ерлардан кетишга тобора кўпроқ ундамоқда.

«Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам 10 январь куни «Хаст Имом» маҳалласида бўлиб, аҳоли қаҳратон қишни қандай ўтказаётгани билан қизиқди.
Эски шаҳардаги деярли барча уйларнинг деразалари полиэтилен плёнка билан қоплаб чиқилган. Баъзи деразаларга эса, хоналарга совуқ кирмаслиги учун, адёллар ҳам ёпиб қўйилган.
Айрим уйларда чўян печлар сақланиб қолганини кўриш мумкин. Одамларнинг айтишича, уйлар айнан шу печлар шарофати билан иссиқ. Печлар шундай қурилганки, унда сув иситиш ва ҳатто таом тайёрлаш мумкин.
Маҳалладаги кўчалардан бирининг бошида жойлашган уйларда газ босимини юқори деб бўлмайди, шунга қарамай хонадон эгалари шу оловда ҳам бемалол овқат тайёрлай оляпти.
Кўча бўйлаб ичкари кираверар экансиз, печлардаги олов ҳам пасайиб бораверади. 100 метрдан сўнг у ҳатто иситмай ҳам қўяди.
Эски шаҳарлик Хатира Холмирзаеванинг айтишича, газ босими одатда совуқлар бошланиши билан пасайиб кетади. Шу сабабли хоналар совуқ, бутун хонадон аҳли шамоллаган.

«Бизда фақат битта электр печь бор. У билан ҳамма хоналарни иситиб бўлмайди. Шунинг учун биз битта хонада ҳам овқатланамиз, ҳам ухлаймиз, ҳам телевизор кўрамиз», - дейди аёл.
Электр радиатор – уйдаги ягона иссиқлик манбаи. Декабрь ойида кузатилган электр таъминотидаги узилишлар вақтида бу хонадондагиларга айниқса оғир бўлган.

«Ҳозир светни ўчиришмаяпти. Агар ўчириб қўйишса, бизда уйимизни иситишнинг бошқа чораси йўқ», - дея қўшимча қилди Хатира Холмирзаева.
реклама
реклама
«Бугун эрталабдан газ босими жуда паст, - дейди шу маҳаллалик бошқа бир аёл, Насиба Исломова. – Овқат тайёрлашга 3-4 соатча вақтим кетди. Ҳатто чой қайнатиб бўлмаяпти, шунинг учун электр чойнакдан фойдаланяпман, овқатни эса ҳовлидаги ўчоқда пиширяпман. Ростини айтсам, бугун ўчоқда қурилиш материалларимизни ёқишга тўғри келди. Акамдан ўтин олиб келишларини сўрамоқчиман».
Назокат Холмирзаеванинг уйида газ милтиллаб ёняпти. Аёл қайнота-қайнонаси ва болалари билан бирга яшайди. Болалардан бири икки ойлик чақалоқ, у ҳам шамоллаган. Она совуқ ҳаво болакайнинг саломатлигига жиддий зарар етказишидан хавотирда.

Электр иситгичдан ташқари ушбу оила замонавий танча (сандал)дан ҳам фойдаланади: хонтахтанинг таг қисмига чўғланма лампочка қотирилган, устига эса иссиқликни ушлаб туриши учун адёллар ташланган.
«Бу муаммолар бўйича бирор ташкилотга мурожаат қилишимиз мумкинми-йўқми, шу ҳақда қайнотамдан маслаҳат сўрасам, фойдаси йўқлигини айтяптилар», - дейди Назокат Холмирзаева.

«Газ жуда паст, аммо биринчи марта шундай бўлаётгани йўқ. Биз туман газ таъминотига кўп марта мурожаат қилдик», - дейди «Хаст Имом» маҳалласида яшовчи Асомиддин Муҳамедов. У ҳаммасидан ҳам кўпроқ қаҳратонда иситиш қувурлари музлаб, ёрилиб кетишидан хавотирда. Уйдаги ҳамма хоналарда электр иситгичларни ёқиб қўйиш ҳам ечим эмас, чунки бу ҳолда юзага келадиган юқори кучланиш, унинг айтишича, электр таъминотининг узилишига сабаб бўлиши мумкин.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг