Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ босимининг кескин пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда 12 январь куни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев туманлар ҳокимлари ва бошқа масъул раҳбарларга аудиомурожаатида маълум қилди.

«Газ кескин тушади, нафақат Тошкентда, бошқа ҳудудларимизда ҳам тушиши кутиляпти. Шунинг учун ҳозир бутун шаҳардаги заправкаларнинг ҳаммасини ўчирамиз. Фақат 4 та газ заправка қолади фақат ўша махсус коммунал хизматларимизда. Улар ҳам ҳозир шаҳар транспорт саляркага ўтади газдан. Кескин қисқартиришимиз керак бўлади. Бутун фабрика, заводлар, эгаси ким бўлишидан қатъи назар, қандай одам бўлишидан қатъи назар, ўчиришга мажбурмиз. Электрини ҳам, газини ҳам», — деди шаҳар ҳокими.

Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги ҳамма махсус кўчадан ташқари бошқа кўчадаги ёритиш чироқлари, LED`лар ўчирилади.

«Икки кун мана шунақа вазият. Биз мана шу вазиятда фуқароларимиз кўнглидан хабар олиб, ёлғиз қолганларга иссиқ овқат, қандай вазиятлар бўлса ёрдам беришимиз керак. Мана ҳозир 50 та тўйхона билан гаплашилди, ҳаққини берилди. Бугундан бошлаб 100 килодан, 50 килодан ош тарқатилади. Ҳамма кириб ейиши мумкин, тоғорачасида уйига олиб кетиши мумкин», — дея қайд этди у.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарларга «икки кун туриб беришимиз керак»лигини айтди.

«Ўзларингиз ҳам ёнларингизда иссиқ овқат қиласизларми, бошқа қиласизларми, ёнларингдан харажат қилинглар, деб айтмайман. Кимда қандай харажат керак бўлса, мендан эмас, менинг ёрдамчиларимдан келиб пулини олинглар, нақд олинглар, лекин бу нарсани қилинглар. Пул тополмасдан, мендан сўрамасдан эътиборсизлик қилсангизлар, жуда кўнглимни оғритади… Ҳозир пулни санаб ўтирадиган вазият эмас, бутун шаҳарда фуқароларнинг кўнглини иложи борича кўтариб, иссиқ овқат билан таъминлаб, муаммоларини ҳал қилиб, ҳамма тик оёқда турадиган вазият…» — деди ҳоким.

«Агар бугун туриб бермасак, эртага кеч бўлади. Бугун биз давлатга керакмиз. Агар бугун бу ишни қила олмасак, бир тийинга ярамас ҳокимлар, бир тийинга ярамас сектор раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари бўламиз», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ҳавонинг аномал совиши туфайли газ босими пасайганини тасдиқлади. Бундан ташқари, об-ҳаво туфайли газ қувурларининг шикастланиши кузатилмоқда.