Бухоро шаҳрида корхона раҳбари 1,3 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳолатнинг терговга қадар текширувда аниқланганини маълум қилди.

Оилавий корхона раҳбари ўша ҳудуддаги тижорат банки филиалининг собиқ масъул шахслари билан келишиб, корхонага 2019 йилда ажратилган кредит таъминоти учун гаровга қўйилган меҳмонхона биносини қайта гаровга қўйган.

Бунда бинони сунъий равишда қиммат нархда баҳолатиб, қўшимча бино қуриш учун яна 900 млн сўм кредит ажратилишига эришган. Оқибатда банк филиалининг жами 1,3 млрд сўм кредит маблағи ўзлаштирилган ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 192−11-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.