Азамат Шуҳратович Фазилов Ўзбекистон президенти Администрацияси ижро аппарати бош маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ҳукуматдаги манбаси маълум қилди.

Азамат Фазилов (1980 йилда туғилган) ушбу лавозимга тайинлангунга қадар 2020 йилдан буён Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг (ҳозирда қайта ташкил этилган) Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Молия бошқармасининг 1-тоифали иқтисодчиси ва бюджет бўлими бош иқтисодчиси (2001−2004) лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2008−2011йилларда Молия вазирлиги Ғазначилик Амалиёт бошқармасининг Мудофаа идоралари ташкилотларининг юридик ва тўловларни амалга ошириш бўлими бошлиғи; 2017−2018 йилларда Молия вазирлигининг Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Азамат Фазилов, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Молия агентликлари ва молиявий ҳисобот департаментлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази директори, Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғининг биринчи ўринбосари (2019−2020) лавозимларида ишлаган.

Азамат Фазилов бизнесмен Бахтиёр Фазиловнинг укаси бўлиб, у Eriell Group нефть хизматлари компанияси (шу жумладан унинг раиси), Enter Engineering (Ўзбекистондаги энг йирик EPC-пудратчиларидан бири) ва Ferkensco (агрокимё корхоналари қурилишини бошқарувчи Ўзбекистондаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири) инвестиция компаниясининг асосий акциядори ҳисобланади.

Россиянинг «Коммерсантъ» нашри Кипр реестрига таяниб, Ўзбекистондаги энг йирик нефт-газ компанияларидан бири бўлган Saneg`нинг 98 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Belvor Holding унга тегишли эканлигини маълум қилди. Шунингдек, у Самарқандда сайёҳлик мажмуасини қурган Samarkand Touristic Centre ва бошқа қатор компанияларга ҳам эгалик қилади. У Air Samarkand авиакомпанияси ҳамда Самарқанд аэропорти бошқарувини қўлга киритган Air Marakanda компанияси ҳамтаъсисчиси саналади.