Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида хабар берган Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, профессор Маматқул Азизов ва яна 6 та шифокор эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди. АОКАда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева шифокорнинг ишдан бўшатилиши сабабига аниқлик киритди.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда болаларда кузатилган ҳолат бошланганига 2 ойдан ошгани ўз тасдиғини топган. Тизимга доир ҳар бир фавқулодда ҳолат бўйича шу куннинг ўзида вазирликка тезкор маълумот тақдим этиш зарурлиги тўғрисида тегишли меъёрий ҳужжат ва талаблар мавжуд.

«Бу ходимлар 2 ойдан бери бу ҳолат тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бермаган. Оқибатда жуда катта вақт бой берилган. Яъни болалар ўртасида ноаниқ ҳолатлар юз бергач, зудлик билан бу бўйича тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилмаган. Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам мазкур ҳолат юзасидан жуда кеч расмий хат киритилган. Шу сабабли қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди ва ўрганишлар давом этмоқда», — деди Севара Убайдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz хабарига кўра, Маматқул Азизовдан ташқари қуйидагилар ҳам ишдан олинган:

  • Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари С.Мўминов;
  • Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болалик саломатлигини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси С.Расулов;
  • Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев;
  • Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП мудири Х. Музаффаров, оилавий шифокори У. Маҳмудов, доя ҳамшираси М. Сиддиқова.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ишлаб чиқарувчиси Marion Biotech томонидан «Док-1 Макс» дорисини қабул қилган болаларнинг ўлими Маматқул Азизовнинг 15 декабрдаги хатидан маълум бўлди. Унда айтилишича, охирги 2 ойда 21 нафар бемор шу дори воситасини қабул қилигандан сўнг ножўя таъсири билан мурожаат қилган. Бемор болаларда асосан анурия кузатилган.

«17 та болаларда касаллик ниҳоятда оғир кечди. Ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга ҳам тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди», — дейилади мактубда.

Шундан сўнг, 22 декабрдан бошлаб ушбу дори воситасининг бутун Ўзбекистон бўйлаб сотуви вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Quramax Medical» МЧЖ томонидан реализация қилинган ташкилотларга хабар юборилган.

Орадан бир неча кун ўтиб, болалар омбудсманı Алия Юнусова Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Қашқадарёда сироп ичган яна бир бола вафот этгани маълум бўлди.

ССВ 19-ўлимдан кейингина аҳолини «Док-1 Макс» дорисидан огоҳлантира бошлади.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев «Док-1 Макс» Мах сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтди.

Давлат хавфсизлик хизмати ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва импорт қилувчи «Quramax Medical» компанияси ва Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази мансабдор шахслари ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди.