Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан Самарқанддаги болалар шифохонасида 18 нафар бола (аввал 16 нафар экани айтилганди) вафот этгани бўйича мониторинг ўтказди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Унда қайд этилишича, 24 декабрь куни болалар омбудсмани Алия Юнусова ҳамда Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори вакиллари Самарқанд вилояти болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, Самарқанд шаҳар прокуратура ходимлари, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари ва вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри иштирокида юқоридаги ҳолат бўйича ўрганиш ўтказди.

Ўрганишларда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябр-декабр ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилгани ва даволангани аниқланди. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.

«Беморларнинг яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда, уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида „Док-1МАКС“ препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини баён қилишган. „Док-1МАКС“ препаратининг ҳар 10 млда парацетамол — 500 мг, гвайфенезин — 200 мг, фенилэфрина гидрохлорид — 10 мг мавжуд. Мутахассислар Док-1МАКС препарати қўлланилиши кўрсатмасида препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилгани, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратлари асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганлигини таъкидлашди», — дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаганини ҳам маълум қилди.

«Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўз ўрганишларини давом эттирмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти прокурори биринчи ўринбосаридан ҳолат бўйича чуқур ўрганиш олиб боришларини ва ҳар бир ҳолатда айбдорлар жазосиз қолмаслиги, қонун устуворлиги таъминланиши шартлигини сўради», — дея маълум қилинди болалар омбудсмани идорасидан.

Ҳолат бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган.