Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан дори воситаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, Ҳиндистон давлатининг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясига тегишли мазкур дори воситаcи мамлакатимизга Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилиниб, савдога чиқарилган.

ДХХ препарат уй шароитида болаларга шифокор рецептисиз, ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилганини қайд этди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан Quramax medical импортчи компанияси ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

ЖКнинг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди:

«Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса».

Гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.