Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичиш натижасида 18 нафар бола вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хизмат текшируви ўтказиб, жиноят аломатлари мавжудлигини аниқлади. Вазирлик хабарига кўра, барча масъуллар ишдан олинди, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

24 декабрь куни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Самарқанддаги болалар шифохонасида 18 нафар бола (аввал 15 нафар экани айтилганди) «Док-1 Макс» сиропини ичиш натижасида вафот этгани бўйича мониторинг ўтказганди.

ССВ текширувига кўра, Ҳиндистоннинг Marion Biotech Pvt. Ltd компаниясига тегишли «Док-1 Макс» таблетка ва сиропи Ўзбекистонда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиққан. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилишича, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Ўзбекистонга ушбу препарат Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилинган.

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2−7 кун давомида, кунига 3−4 маҳал 2,5−5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади, дейилади хабарда.

Аниқланишича, барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори таркибидаги асосий модда паратсетамол бўлгани учун «Док-1 Макс» сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38−38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100−125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар «Док-1 Макс» сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1−2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, ҳушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Ўрганиш давомида хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлган, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмаган ва керакли чораларни кўрмаган 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди. Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди, дейилади ССВ хабарида.

Келтирилишича, айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари Ўзбекистондаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи ССВнинг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.