Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига 2020−2022 йилларда ҳокимлик қилган Мақсуда Мустафоева Қарши шаҳридаги 11-мактаб директори этиб тайинланди.

Қарши шаҳар ҳокимлигидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, Мақсуда Мустафоеванинг мактаб директорлигига номзоди 15 ноябрь куни халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган. Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати вакилининг «Газета.uz»га билдиришича, 16 ноябрь куни бошқарма бошлиғининг буйруғи чиққан ва Мустафоева мактаб жамоасига директор сифатида таништирилган.

Мақсуда Мустафоева 2020 йилнинг февраль-март ойларида Ўзбекистонда ҳокимлик лавозимига тайинланган олти аёлдан бири бўлган, Қашқадарёдаги ягона аёл ҳоким эди. Тайинловгача вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

Мустафоева туман раҳбари сифатидаги фаолияти давомида Қарши туманидаги Sulton Tex Group кластери атрофидаги можаро, ИИБ кучидан фойдаланган ҳолда чорвачилик хўжалигининг озуқа ғалласи тортиб олиш, 100 млн сўмлик ҳомийлик пулларининг ўзлаштириб юборилиши каби жараёнлардаги иштироки билан танилган эди. Сўнгги ҳодисадан сўнг вилоят ҳокимлиги унга ҳайфсан эълон қилганди.

У президент раислигидаги видеоселектордаги танқиддан сўнг, 6 февраль куни «ўз аризасига кўра» туман ҳокими лавозимидан кетган. Май ойида Мустафоеванинг қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ прокуратура буни рад этганди. 2021 йил сентябрида Қашқадарёнинг ўша вақтдаги ҳокими Зоир Мирзаев «[Мақсуда Мустафоеванинг] ишини кўрмай, уни ҳокимликка тавсия қилгани хато» бўлганини тан олганди.