10 ноябрь куни Россия ҳукумати «Ўзбекистон фуқароларини Россия юридик шахслари қўлида қурилиш, агросаноат комплекси ва енгил саноат тармоқларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга жалб қилиш» синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорини тасдиқлади.

Авваллари ташкилий тарзда ишга қабул қилиш лойиҳаси бўйича Ўзбекистондан келган мигрантлар сони 11 минг киши: агросаноат мажмуасида 1100 нафар ва қурилишда 10 минг кишидан ошмаслиги керак эди. Қонунга киритилган янги ўзгаришларга кўра, Саноат ва савдо вазирлиги эҳтиёжларини қўшиб, мигрантлар сони бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.

Ўзбекистондан ёлланма ишчилар учун тиббий талаблар ҳам ўзгарди. Агар илгари коронавирус учун салбий тест топшириш, Спутник-Лайт билан эмлаш ёки уларнинг коронавирус билан касалланганлигини тасдиқлаш зарур бўлган бўлса, энди эмлаш шарт эмас, лекин муҳожирлар Ўзбекистонда Россия Федерал Тиббиёт-биология агентлиги томонидан юборилган россиялик шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтишлари керак.

Бундан ташқари, россиялик иш берувчилар энди беш кун ичида «Россияда ишлаш» ягона рақамли платформаси орқали мигрантларнинг мамлакатга кириш-чиқиши, уларнинг патент олгани ва меҳнат шартномаси тузилгани ҳақида ҳисобот бериши лозим бўлади.

Шу билан бирга, қайд этамизки, Федерал давлат статистика хизмати маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон фуқаролари Россияни тарк этиш эҳтимоли кўпроқ. 2021 йилнинг январь-август ойларида Россияга 35,7 минг киши кирган, 19,9 минг киши чиқиб кетган ва миграцион ўсиш қарийб 16 минг киши ҳисобига сальдо ижобий бўлган. Бугунга келиб эса 2022 йилнинг январидан августигача Ўзбекистондан Россияга 33,9 минг киши кириб борган, 47,6 минг ўзбекистонлик эса уни тарк этган. Манфий сальдо 13,6 минг кишини ташкил этмоқда.