Россиянинг айрим ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини мамлакатдаги давлат ОТМларига кўчириш бўйича аризалар қабул қилиш муддати узайтирилди, дея хабар бермоқда Давлат тест маркази матбуот хизмати.

Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россиянинг Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилганди.

Кейинчалик Давлат комиссиясининг 8-сон баёни билан Қрим ва Севастопол ҳудудларидаги ОТМларда таҳсил олаётганларининг ҳам ўқишини кўчиришга имкон берилди.

ДТМ хабарига кўра, мазкур баён билан юқорида қайд этилган ҳудудлардаги ОТМлардан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш муддатлари 10 кунга узайтирилди. Аввалги муддат 1 ноябрдан 20 ноябргача этиб белгиланганди.

Ўқишини кўчириш истагини билдирган Ўзбекистон фуқаролари 30 ноябрга қадар my.dtm.uz сайти орқали онлайн ариза беришлари мумкин.