Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Қрим ва Севастопол ҳудудларидаги ОТМда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишини Ўзбекистондаги давлат таълим муассасаларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди.

Бу бўйича давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кабул килиш жараёнларини мувофиклаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли баёни қабул қилинди.

Аввалроқ, сешанба куни «Газета.uz» В.И.Вернадский номидаги Қрим федерал университетининг учинчи курсида таҳсил олаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллагани ҳақида ёзган эди.

1 ноябрь куни эса Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилганди.