Қурувчига қарши курашда «Кўтарма» маҳалласи аҳолиси тарафини олган профилактика катта инспектори капитан Азимжон Қудабаев Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги томонидан тақдирланди.

Чилонзор тумани 10-мавзедаги 1, 3, 9 ва 39-уйлар аҳолиси тўққиз қаватли турар-жой қурилиши режалаштирилган дарахтзорни қандай ҳимоя қилишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Можаро ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Вазиятга пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам аралашди.

Майдонни аҳолидан ташқари асраб-авайлашни қатъий ва очиқ қўллаб-қувватлаган, тадбиркорни сўроқ қилган инспектор воқеа қаҳрамонига айланди. Интернетда тарқалган видеода у қурувчи-тадбиркордан қурилишнинг қонуний асосларини сўрайди ва ишни тўхтатишни талаб қилади.

«Мазкур манзилда тадбиркор ҳудудни ўраб олиш ишларини бошлаган вақтида капитан Азимжон Қудабаев вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда жараённи ўз вақтида тўхтатиб қолди. Маҳалла нозирининг бу ҳаракатлари туман ҳокимлиги, аҳоли ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирофига сазовор бўлди», — дейилади туман ҳокимлиги хабарда.

«Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ва сектор раҳбарлари томонидан ушбу ходимнинг ўз касбига садоқатли меҳнати учун миннатдорчилик билдирилди ва муносиб тақдирланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳокимлик туманда жамоат хавфсизлиги, аҳоли осойишталигини таъминлашга ҳиссасини қўшаётган, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятида жасорат намунасини кўрсатаётган барча ходимларга миннатдорчилик билдирди.