Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 10-мавзесидаги «Кўтарма» маҳалласи аҳолисининг 1, 3, 9 ва 39-уйлар оралиғидаги ҳудудда янги кўп қаватли уй қурилишидан норози бўлиб қилган мурожаатлари тарқалди.

Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзининг 2020 йил 9 декабрдаги қарори (№1147) билан тадбиркор Мирҳамид Мирхўжаевга унинг бузилган объекти ўрнига компенсация сифатида Чилонзор массивидаги 1, 3 ва 9 уйлар оралиғидан 10 сотих ерни мунтазам фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берган. Ушбу ҳудудда тўққиз қаватли уй қурилиши кўзда тутилган эди.

Мирҳамид Мирхўжаев амалда мазкур лойиҳанинг буюртмачиси ҳисобланали. Фуқаролар мурожаатида қурувчи ташкилот сифатида тилга олинган Max Building Project эса ҳужжатларда лойиҳа ташкилоти сифатида кўрсатилган.

Сайдулла Сайфуллаев. Фото: Kun.uz.

AT Kvartal Build компанияси таъсисчиларидан бири Сайдулла Сайфуллаев Қурилиш вазирлиги матбуот хизматига берган интервьюсида ер ажратилганидан бир йил ўтиб компания барча ҳужжатларни расмийлаштиргани, лойиҳа чизмаларини аҳолига кўрсатиб, янги уй қурилиши учун «80−90 фоиз» фуқаронинг имзосини тўплаганини айтиб ўтган.

Айни вақтда, аҳоли ҳужжатлардаги имзоларни сохта деб атамоқда. 39-уйда яшовчи Дилдора Ҳамроева «Kun.uz»га берган интервьюсида таъкидлашича, тўртта «дом» орасида бирорта ҳам болалар майдончаси йўқ, шу боис болалар қаерда ўйнашини ҳам билмайди.

Ҳудуднинг сунъий йўлдошдан кўриниши. Фото: Яндекс.Харита ва Google Earth.

Унинг сўзларига кўра, маҳалланинг собиқ раиси аҳолидан болалар майдончаси қурилиши учун имзо тўплаган — улар бу ерда кўп қаватли уй қурилиши мақсад қилинганини билмаган.

«Имзолар сохталаштирилган. Кўп қўшниларим бугун тадбиркорнинг қўлидаги баённомада уларнинг исми кўрсатилган қатор бошқа бировнинг имзоси турганини кўришди. Улар бу бизнинг имзоларимиз эмас, дейишяпти. Бир неча кун аввал қурувчилар бирдан экскаваторларни олиб келиб, ишларни бошлаб юборишди. Агар участка нозири келиб, уларни тўхтатмаганида улар аллақачон котлованни тайёрлаб юборган бўларди», — деди у.

Бунда гап тадбиркорни сўроқ қилган ва ундан «дом»лар орасида янги қуриш учун қонуний асосларни талаб қилган профилактика инспектори ҳақида бормоқда. ИИБ ходими Чилонзор туман қурилиш бўлими бу ерда кўп қаватли уй қурилишидан бехабарлигини айтиб, тадбиркордан қурилиш ишларини тўхтатишни талаб қилган.

Шу маҳаллада яшовчи бошқа бир фуқаро Ботир Норқобиловнинг маълум қилишича, шу йил февралида ҳудудга «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида 150 та дарахт кўчатлари ўтказилган эди.

«Ёш кўчатлардан ташқари, бу ерда 10 дан ортиқ кўп йиллик дарахтлар ҳам бор. Ўтган сафар экскаватор дарахтлардан бирини синдириб кетганди. Улар бизни кислород манбасидан маҳрум қилмоқчи. Шаҳар экология бошқармасидан келиб, тадбиркорни қурилишни бошламаслик ҳақида огоҳлантириб кетганди. Биз ўзимизм пул йиғиб, кўчатлар олиб келиб, ҳашар йўли ўтқазиб чиққандик. Булар 39-уйнинг орқа тарафида қурган бинода на болалар майдончаси, на автотураргоҳ бор. Биз бу ерда ўзимиз учун шароит ҳозирлашни хоҳлаймиз. Ҳокимиятдан бирор ёрдам йўқ. Биз уйимиз олдидаги йўлни ҳам 22 миллион сўм тўплаб, ўзимиз таъмирлатдик», — деди у.


Яна бир аёл эса аҳоли дам олиши, айниқса болалар учун шундоқ ҳам жой камлигини таъкидлаб, ҳудудда янги уй қурилишига доир режаларга қарши ҳиссиётларга берилиб фикр билдирган.

«Биз коммунал хизматлар учун тўлаяпмиз, свет, газ, ҳаммаси учун тўлаяпмиз. Солиқларни тўлаяпмиз, шу боис биз [ҳуқуқларимиз таъминланишини] талаб қилишимиз керак. Шунча пул тўлаб, итдек ишлаб, болаларимизни кўчага чиқара олмаймиз. Улар ё йиқилади, ё машина босиб кетади. Кўчадан ўтолмайсан. Соат 17:00 дан кейин болалар билан сайр қилишга уриниб кўр, машиналар сигнал чалавериб қўймайди. Машинаси бўлса, автомобили учун ўзи шароит қилсин. Қилолмаса, у ҳолда пулли парковкага олиб бориб қўйсин. Нега булар болаларимиз ҳисобига машиналар учун жой қилади?», — дейди у.


5 ноябрь куни ҳокимликнинг ишчи гуруҳи, тадбиркор ва аҳоли муаммони жойида муҳокама қилган, аммо томонлар бир тўхтамга кела олмаган. Аҳолининг 7 ноябрдаги навбатдаги норозилигидан сўнг, туман маъмурияти қурувчига яна бир уйма-уй юриб, овоз йиғиб чиқишни таклиф қилган. Тадбиркор Сайдулла Сайфуллаев эса барча ҳужжатларни аллақачон тўплаб бўлгани ва аҳоли билан уч-тўрт марта учрашганини таъкидлаган.

Ҳокимлик аҳолининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлади

8 ноябрь куни 184-мактабда ҳолат юзасидан навбатдаги муҳокама бўлиб ўтган, бу сафар учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Чилонзор туманининг янги ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ва бошқа масъул шахслар қатнашган.

Кушербаевнинг сўзларига кўра, ерни компенсация сифатида оларкан, тадбиркор Тошкент ҳокими ва шаҳарсозлик кенгашига «агар битта бўлса ҳам фуқаро қурилишга норозилик билдирса, ўша заҳоти қурилишни тўхтатиб, ерни топшириб чиқиб кетиши ҳақида ваъда берган». Тадбиркор кенгашни аҳоли қурилишга рози эканига ишонтирган.

«Шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тадбиркорга бу ваъдани эслатганидан сўнг, тадбиркор қуриш режасини тўхтатишини айти ва шу жойда масала якунланди», — деб ёзди депутат.

Ижтимоий тармоқларда тадбиркор Сайдулла Сайфуллаев ва ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги мулоқот акс этган видеоёзувлар ҳам тарқалди:

Тадбиркор: Имзолар йиғилган, 70−80 фоиз аҳолининг розилиги олинган.

Ҳоким: Энди эшитинг. Сиз шаҳар кенгашининг олдида айтгандингиз, 100 киши бор эди, видеоси ҳам бор. 100 киши. У ерда шаҳар архитектори ҳам, бошқалар ҳам бор эди. Сиз турдингизда, менга нима дедингиз? Мана шу жойни кўрсатдингиз. Мен нима дедим [ўшанда], қани сиз ўша гапни айтинг-чи?

Тадбиркор: Сиз «Бу ерда халқ рози бўладими? Ур-тўполонли жой». Мен дарахт кесмайман дедим, агар халқ норози бўлса…

Ҳоким: Шунда сиз нима дедингиз?

Тадбиркор: Бу жойни ташлаб кетасан, дедингиз.

Ҳоким: Халқ розими десам, «хавотир олманг, ҳаммаси рози», дедингиз. Мен бу ерда норози бўлади, дарахтлар кесилади, оғайни, бу ерга мумкин эмас, қилиб бўлмайди, дедимми? 100 та одамнинг олдида, камералар бормиди? Сиз айтдингизки, компенсацияга берилган бу жой… (ҳокимнин гапи залдагиларнинг қарсаклари билан бўлиниб қолган). Ўшанда агар халқ норози бўлса нима қиламиз, десам, сиз айтдингизки, «мен шундай ташлаб чиқиб кетаман», дедингиз. «Эркак гапми?», дедим. «Эркак гап», дедингиз. Кейин қўл қўйиб бердим. Тўғрими?

Тадбиркор бошини тасдиқ маъносида қимирлатиб қўяди.

Ҳоким: Норозими халқ? (залдагилар: «Норозимиз»)… Нима дегандим, халқ норози бўлади, бу тўполонли жой. Ўзингизнинг уйингиз шунақа жойда жойлашганда, рози бўлармидингиз шундай қурилишга, деганмидим? 100 та одам бор эди, тўғрими? Камералар, видеолар ҳам бор эди.

Агар менинг қарорларимни қурол қилиб ишлатадиган бўлсангиз, бу бир сиз эмас, кўпгина тадбиркорларимизга ишониб қиляпмизу, лекин ҳаммаси ҳоким қарор чиқариб берган деб орқасидан трактор қўйиб, экскаватор қўйиб, кўчани ўраш билан овора. Сиз, нобоп хулқингиз билан, оғайни, нормал тадбиркорларнинг оёғига путур етказяпсиз. Сизларни деб одобли, одамга ўхшаб ишлайдиган, қонун билан ишлайдиган, ҳужжат билан ишлайдиган, одамларни рози қиладиган тадбиркорлар одамлар ичида нафрат уйғоняпти. Бу битта сиз эмас…

Одамлар норози бўлса, чиқиб кетаман, деб айтгансиз. Бу ерда бошқа муҳокама қиладиган гап йўқ (иқтибос тугади).

Шундан сўнг Тошкент ҳокими бошқа жойга шошилаётганини айтиб, учрашувни тарк этди.