Бош прокуратура ҳузуридаги департамент органлари томонидан ўтказилган текширувда АТБ «Халқ банки» Самарқанд вилояти амалиёт бўлими масъул шахслари кредит ва унга тенглаштирилган операциялар бўйича таъминотни танлаш ва қабул қилиш тўғрисидаги талабларга амал қилмасдан, «J.Ch.» МЧЖга савдо ва айланма маблағларини тўлдириш учун 1,8 млрд сўм кредит ажратгани аниқланди.

Шунингдек, департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «P.I.» МЧЖ иш бошқарувчиси М.Э. ҳудудий тижорат банки филиалидан имтиёзли шартлар асосида 6 нафар фуқарога ажратилган 166,7 млн сўм кредит маблағи эвазига наслли чорва молини етказиб бермасдан, кредит маблағларини ўзлаштирган.

Шунга ўхшаш ҳолат, Сергели туманида ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, АТБ «InFinBank» филиали орқали фуқаро Х.П. ва бошқалар банк ажратган 408,8 млн сўм кредит ҳисобидан 5 дона «Nexia-3»автомашинасини харид қилган ва сохта ҳужжатлар орқали гаровга қўйилишини таъминламасдан бошқа шахсларга сотиб юборган ва ушбу маблағларни талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.