Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни транспорт соҳасида ислоҳотларни жадаллаштириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари топшириғига кўра, соҳадаги ишлар натижадорлиги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан таҳлил қилинган ва бир қатор муаммолар аниқланган. Хусусан, охирги уч йилда мамлакат иқтисодиёти 16 фоиз ўсгани ҳолда, темир йўлда юк айланмаси атиги 7 фоиз ошган.

Авиацияда рақобат муҳити тўла шаклланмаган, 10 та аэропортнинг самарадорлиги паст даражада. Оқибатда, рақобатдош нархларда етказиб бериш қулайлиги бўйича Халқаро логистика самарадорлиги индексида мамлакат 160 та давлат ичида 120-ўринни эгаллаган.

«Бу соҳа — иқтисодиётнинг қон томири. Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари учта йўналиш — темир йўл транзити имкониятини кескин ошириш, авиацияни қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган соҳага айлантириш, халқаро транзит юклари учун замонавий автомобиль йуллари тармоғини кенгайтириш бўйича чораларни белгилаб берди. Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркибида транспорт соҳаси бўйича алоҳида гуруҳ тузиб, асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Темир йўл соҳасида юк вагонлари паркини янгилаш бўйича кўрсатмалар берилди. Мамлакатда йилига 500 дан ортиқ ҳар хил турдаги вагонлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Эҳтиёт қисмлар ва автомобиль қисмларини маҳаллийлаштиришни 60 фоизгача ошириш режалаштирилган.

Йилига 60 та автомобиль ишлаб чиқариш ҳисобига енгил автомобиллар паркини янгилаш кўзланган. Соҳани молиявий соғломлаштириш учун тизимдан 9 та асосий бўлмаган активлар олиб қўйилади. 2023 йил охирига келиб, ўзаро субсидиялашдан воз кечиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, юк ташишда имтиёзли тарифлардан фойдаланиш натижасида камайган харажатларни қоплаш механизмини ишлаб чиқиш топширилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузурида Трансформация идорасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ходимларнинг камида 30 фоизи хорижий тажрибага эга мутахассислар бўлиши керак. Компания раисининг трансформация бўйича ўринбосари лавозими унга KPI кўрсаткичларини белгилаш билан киритилади. Кузатув кенгаши 30 фоиз мустақил хорижий экспертлардан иборат бўлади.

Бундан бир йилдан кўпроқ вақт олдин Шавкат Мирзиёев темир йўлда юк ташиш соҳасидаги монополияни танқид қилиб, ўз вагонларига эга хусусий логистика операторлари ишга туширилишини эълон қилганди. Шу билан бирга, давлат томонидан фақат темир йўл инфратузилмаси ва локомотив хизматлари тартибга солиниши, юк вагонлари хизмати бозор тамойиллари асосида ташкил этилиши айтилганди.

Авиация соҳасида ҳам қулайликларни кўпайтириш, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятлари аэропортларини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириб, хизматлар сифатини яхшилаш кераклиги борасида топшириқлар берилди.

Президент автомобиль йўлларининг сифати ва салоҳиятига алоҳида тўхталди. Бу соҳада лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда назорат функциялари битта ташкилотда жамлангани оқибатида кўп йўлларда сифат йўқлиги қайд этилди. Шу боис йўл қурилишида илғор стандартларни жорий этиш, лаборатор ишларни кучайтириш, пудратчилар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.