Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасига хусусий инвесторларни жалб этиш борасидаги ишлар суст бораётганини танқид қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент аэропортларга хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилиш ишлари, шунингдек, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишидаги тез юрар автомобиль йўлларини қуриш бўйича хусусий шериклик лойиҳалари ҳам қониқарсизлигини таъкидлади.

Президент «ҳудудлар ўртасида авиа, темир йўл ва автотранспорт қатновларини кўпайтириш ишлари «ўз ҳолига ташлаб қўйилгани»ни кўрсатиб ўтиб, транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга «охирги марта огоҳлантириш» берди.

Транспорт вазирлиги ва «Uzbekistan Airports»га:

  • 1 июлга қадар аэропортларга хусусий шериклик асосида инвестор ҳамда ички авиақатновлар учун лоукостерларни жалб қилиш бўйича амалий ишларни бошлаш;
  • 1 августга қадар ички авиақатновларни ҳафтасига 90 тага кўпайтириш (апрель ойида бу кўрсаткични йил охиригача 48 дан 60 га ошириш режалари эълон қилинган эди) топширилди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, темир йўл тизими трансформациясини жадаллаштириш зарурлигини қайд этди.

Автомобиль йўллари соҳасида қурилиш сифати ва ажратилаётган маблағлар назорати бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг охирида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда пуллик йўлларни ДХШ асосида жорий қилиш назарда тутилганди. Бир йил ўтиб, собиқ транспорт вазири Элъёр Ганиев Тошкент-Самарқанд пуллик трассасининг қурилиши йўналишнинг инвестор томонидан кўрсатилган нархи қимматлиги сабабли кечикаётганлигини маълум қилганди.

2021 йил март ойи охирида эса Тошкент-Aндижон пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар (ДТИA) Жаҳон банки консултантлари томонидан ишлаб чиқилгани айтилганди. Ўша пайтда лойиҳалаштирилаётган Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пуллик йўлларидан ўтиш нархи 5−6 доллар (эквивалентда) атрофида бўлиши таъкидланганди.