Навоий вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқлар орқали Хатирчи тумани Навбаҳор МФЙдаги хонадонларнинг бирида уй эгаси ер кавлаётиб, кўмиб юборилган одам скелети топиб олгани айтилаётган хабар юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, Хатирчи туманида яшовчи фуқаро Р. З 2022 йилнинг 16 сентябрь куни яшаш хонадони ҳовлисида жойлашган экин ерини кавлаётган вақтида одам суягига ўхшаш суяклар чиққанини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, экспертиза текшируви учун тегишли намуналар олинган. Суд-тиббий ҳамда суд-тиббий криминалистик экспертизалар тайинланган», — дейилади хабарда.