Ҳукуматнинг 16 сентябрдаги [507-сонли] қарори билан жамоат транспортида имтиёзли юриш картасини бериш бўйича регламент тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унга кўра, шаҳар йўловчилар транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари берилади.

Белгиланган регламентга мувофиқ, қуйидаги шахслар:

  • 1941−1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
  • 1941−1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • 1941−1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
  • Афғонистон республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
  • кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга имтиёзли транспорт картасини олади.

Картани олиш учун ҳудудий транспорт бошқармаларига ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш керак. Ваколатли орган аризани 2 иш кунида ўрганиб имтиёзли карта бериш ёки унинг берилишини рад этиш ҳақида мурожаат қилувчига маълумот юборади. Давлат хизматини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди, имтиёзли карта чекланмаган муддатга берилади.

Қарорга мувофиқ, имтиёзли транспорт карталарини бериш босқичма-босқич:

  • 1 январдан — Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида
  • 1 майдан — республиканинг барча шаҳарларида амалга оширилади.

Эски намунадаги гувоҳномалар 2023 йил 1 сентябргача ўз кучини сақлаб қолади.