Буюк Британия тахтининг ворислик кенгаши Чарлз III ни мамлакатнинг янги қироли деб расман эълон қилди, дея хабар бермоқда BBC.

Декларацияни устунлик тартибида санаганда тахт вориси шаҳзода Уилям, қиролича консорти Камилла, кенгаш раҳбари, Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс ва Кентербери архиепископи дарҳол имзолади.

Марҳума қиролича учун мотам белгиси сифатида маросим мейстеридан ташқари барча иштирокчилар қора ёки бинафша рангда кийинган.

Томошабинларнинг биринчи қаторида Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари — Борис Жонсон, Жон Мейжор, Гордон Браун, Девид Кемерон, Тереза Мей бор эди. Улар билан бирга Британия мухолифати етакчиси, Лейбористлар партияси раҳбари Сайрус Стармер ҳам маросимда иштирок этди.

Бу тарихий маросим биринчи марта қиролнинг қарори билан бинога камералар киришига руҳсат берилиб, телевидениеда намойиш этилди.

Чарлз ўз баёнотида онасининг ўлимини эълон қилиш унинг «энг қайғули бурчи» эканлигини айтди.

«Ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишни биз бошимиздан кечирган пайтда сиз, бутун миллат ва айтишим мумкинки, бутун дунё менга ҳамдард бўлганлигини биламан. Менинг синглим ва укаларимга (Чарлз оилада энг катта фарзанд) кўпчилик томонидан билдирилган ҳамдардлик мен учун улкан тасалли бўлди», — деди у.

Шу вақтгача Буюк Британия қироличаси бўлган Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Мамлакатда 12 кунлик мотам эълон қилинди. Мотам дафн маросимига қадар давом этади. Елизавета II Буюк Британия, Канада, Австралия ва бошқа 12 мустақил давлатни 70 йил бошқарди.

Аввалроқ, «Газета.uz» қиролича Елизавета II нинг болалиги, унинг тахтга ўтириши ҳамда у ҳақидаги энг қизиқарли хотираларни тақдим этганди.